Ўзбекистон Сенати амнистия тўғрисида қарор қабул қилди

сенат

Сурат манбаси, Senat

12 октябрда Ўзбекистон Сенати ялпи мажлисида Амнистия тўғрисида қарорни қабул қилди.

Душанба куни муваққат президент Шавкат Мирзиёев Амнистия тўғрисидаги тақдимномани парламент юқори палатасига тавсия қилган эди.

Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан қабул қилинган авф тўғрисидаги қарорга биноан, аёллар, жиноятни содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, I ёки II гуруҳ ногиронлари, жумладан сил касаллигининг фаол шаклига чалинган деб эътироф этилган шахслар ҳамда чет эл фуқаролари жазодан озод қилинадилар.

Шу билан бирга, қарорда келтирилишича, амнистия "Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми «д» бандида назарда тутилган, шунингдек ўта оғир жиноятни содир этган шахсларга; тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан" татбиқ этилмайди.

Таъкидланадики,"Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар" "Эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар" ҳам жазодан озод қилинади.

Яна қайд этиладики, қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати - учдан бир қисмига; қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилади.

Ушбу Қарорнинг амал қилиши - узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган; афв этиш ёки амнистия тартибида илгари жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмаслиги кўрсатилган.

Амнистия ҳақидаги қарорнинг амалга оширилиши учун масъулият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилади.

Бу Ислом Каримов вафотидан кейин эълон қилинган биринчи амнистия бўлмоқда.

Бундан аввал ҳам Конституция куни муносабати билан амнистия эълон қилиб келинган, аммо одатда Сенат бу ҳақдаги қарорни Конституция куни арафасида қабул қиларди.

Бу йилги амнистия ушбу санадан қарийб икки ой аввал ва навбатдан ташқари президент сайловлари арафасида эълон қилинаяпти.

Ўзбекистонда мавжуд минглаб диний ва сиёсий маҳкумларга нисбатан ҳам авф қарори қўлланилиши ҳозирча аниқ эмас.

Ўзбекистон ҳукумати эса мамлакатда диний ва сиёсий маҳкумлар борлигини ҳамиша инкор қилиб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.