Ўзбекистон U-23 футбол бўйича Осиё чемпиони

Сурат манбаси, Screenshot
Ўзбекистон тарихда илк бор 23 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати ғолиби бўлди. Ўзбекистонлик ёшлар финалда рақиби Вьетнамни қўшимча таймларнинг охирги дақиқасида урилган гол эвазига 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Ғалаба голини қўшимча таймлар тугашига 3 дақиқа қолганда майдонга туширилган Андрей Сидоров бурчакдан ошириб берилган тўпни дарвозага йўллаб киритди.
Финал ўйини Хитойда тинимсиз ёғиб турган қор остида оғир кечгани айтилмоқда.
Асосий вақт 1:1 билан якунлангач жамоалар кўшимча таймларни ўйнади.
Кўпчилик пеналтилар сериясини кутаётган бир вақтда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров таваккал қилди ва майдонда 3 ҳужумчи билан ҳаракатланишга қарор қилди.
Натижада, ўйин тугашига бир дақиқа қолганида Андрей Сидоров ғалаба голини киритди ва Ўзбекистонни тарихда илк маротаба 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Осиё чемпиони қилди.
Ўзбекистонда ушбу финал катта тайёргарлик билан кутилаётган эди. Тошкентда махсус катта экран ўрнатилди ва мухлисларнинг бир қисми финални ўша ерда кўрган.
Ўзбек шарҳловчилари ўйинни кучли ҳаёжон ва эмоция билан олиб борди.
Футболга ихтисослашган сайтлар ҳам Ўзбекистоннинг ўйини матнли транслация қилган.
Ўзбекистон финалгача ярим финалда Жанубий Корея ҳамда чорак финалда Япония каби Осиёнинг кучли жамоаларини енгди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












