Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 25 Октябр, 2007 - Published 11:00 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Жасур ўзбек журналисти ўлдирилди

Алишер Соипов Қирғизистонда ҳаёти хавф остида эмаслигига ишонарди
Қирғизистонда таниқли журналист, "Америка овози" радиоси билан ҳамкорлик қилган ва ўзбек тилидаги "Сиёсат" рўзномасининг муҳаррири Алишер Соипов отиб ўлдирилган.

"Сиёсат" расмий Тошкентни танқид қилиб келган Марказий Осиёдаги ягона нашр эди.

Россия оммавий ахборот воситаларига кўра, "Сиёсат" газетасининг айрим сонлари Ўзбекистоннинг ичкарисида ҳам тарқатилган.

Ўзбекистоннинг расмий рўзномалари 26 ёшли Алишер Соиповни "ўзбек халқининг хоини" деб атаган.

Журналист Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида маҳаллий вақт бўйича соат 19 ларда отиб кетилган.

Соиповга ўтиб кетаётган автомобилдан уч марта ўқ отилган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари қотиллик шоҳидларини сўроқ қилмоқда, бироқ ҳозирча тергов тафсилотлари ошкор этилмаяпти.

Алишер Соиповнинг "Америка овози"да эфирга узатилган репортажлари ва турли интернет саҳифаларида эълон қилинган мақолаларининг марказида доимо Ўзбекистон бўлган.

У дунёдаги энг репрессив режимлардан бўлган Президент Ислом Каримов режими бошқараётган мамлакатда юз бераётган ҳодисалар тўғрисида очиқ гапиришни ўзининг бурчи деб биларди.

Алишер Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар, тузумдан норози бўлганлар ҳамда Қирғизистонда яшаётган ўзбекистонлик қочқинларнинг таъқиб этилиши тўғрисида кўп маротаба ёзган.

Унинг танқидлари қирғиз расмийларини ҳам четлаб ўтмаганди.

Алишернинг таъбирида, улар Президент Каримов таъсирининг Ўзбекистон чегарасидан ташқарига ёйилишига имкон бериб қўйишган.

Ўтган икки йил давомида Алишер Соипов олиб борган тадқиқотлар этник ўзбеклар чегара оша тозалаш амалиётларининг нишони бўлганликлари ва хавфсизлик хизматлари ўнлаб сиёсий бошпана изловчи ва қочқинларнинг олиб қочилиши ортида турганликларини ошкор этишда ёрдам берганди.

У муҳаррирлик қилган "Сиёсат" газетасининг яқинда чиққан сонлари Президент Каримов қайта сайланиш илинжида бўлган декабр ойидаги сайловлар арафасидаги қўрқувларга оид мақолаларга тўла эди.

Отиб ўлдирилишидан икки кун аввал эса, Алишер дўстларига назарида ўзбек хавфсизлик хизмати ходимлари ортидан кузатиб юрганликларини айтган.

Бироқ у ҳар доим чегаранинг қирғиз томонида ҳаёти хавф остида эмаслигига ишонишини айтарди.

Қотиллар ким бўлишидан қатъи назар, улар Алишернинг адашганлигини исботлаб улгуришди.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Алишер СоиповАлишер Соипов
Журналист ҳақида ҳамкасбларининг хотиралари
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy