Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 25 Январь, 2007 - Published 14:06 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Президент Каримов Сингапурга сафар қилмоқда
Ташриф жаноб Каримовнинг президентлик муддати расман тугаган пайтга тўғри келган
Ўзбекистон президенти давлат ташрифи билан Сингапурга борган. Ташриф жаноб Каримовнинг президентлик муддати ҳақида баҳслар авж олган пайтга тўғри келган.

Ҳукумат манбаълари тарқатган хабарга кўра, Ислом Каримов Сингапур Президенти Селлапан Рама Натан билан юзма-юз музокаралар олиб борган.

Ташриф арафасида маҳаллий журналистларга гапирган жаноб Каримов Ўзбекистон Сингапурдан ўзининг газ ва нефт саноатига бир миллиард доллардан кўпроқ сармоя жалб этишга умид қилаётганини айтган.

У шунингдек, икки томонлама музокаралар чоғида "халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар"нинг ҳам муҳокама этилишини билдирган.

Президентлик муддати

Андижон воқеаларидан сўнг ташқи дунёдан бир қадар ихоталаниб қолган Ўзбекистон раҳбарининг Сингапурга ташрифи унинг президентлик муддати расман ниҳоясига етган пайтга тўғри келмоқда.

Мамлакат конституциясига мувофиқ, Президент Каримовнинг етти йиллик муддати 22 январда тугаши керак эди.

Аммо ҳозирга қадар президентнинг муддати ва янги сайловлар билан боғлиқ саволларга ойдинлик киритиш мумкин бўлган биронта баёнот янграгани йўқ.

Ўзбекистоннинг ҳукумат томонидан тўла назорат қилинадиган матбуоти ҳам бу борада сукут сақламоқда.

Сингапур-жаноб Каримов Андижон воқеаларидан сўнг бошлаган Осиё сафарларининг навбатдаги бекати
Мухолифат ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари 22 январдан сўнг Президент Каримовнинг ҳокимияти қонунийлик мақомини йўқотишини айтишган.

Мухолифатдаги Эрк демократик партияси жаноб Каримовни 23 январда истеъфо беришга чақирган ва янги, демократик сайловлар ўтказилишини талаб қилган.

Бу ҳақдаги баёнотда айтилишича, 23 январдан эътиборан Ислом Каримов имзолаган халқаро ҳужжатлар ҳуқуқий кучга эга бўлмайди.

Uzmetronom.com интернет рўзномасининг ёзишича, жаноб Каримовнинг Сингапурга ташрифи унинг хали ҳам қонуний Президент эканлигини намойиш этиш уриниши бўлиши мумкин.

'Осиё асри'

Сингапурга жўнаб кетиши олдидан ўзаро алоқалар ҳақида гапирган жаноб Каримов "йигирма биринчи аср Осиё асри" эканини айтган.

Ғарбда "исталмаган шахс" га айланиб қолган Ўзбекистон раҳбари Андижон воқеаларидан сўнг Осиё, жумладан, жануби-шарқий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилиб келади.

Жумладан, Хитой тимсолида у янги иттифоқчини топган бўлса, Жанубий Корея ва Малайзия сингари давлатлардан сармоя ваъдаларини олган.

Жаноб Каримов Сингапурдан ҳам "энг замонавий технологияларни" жалб этиш ниятида эканини айтган.

Мутахассисларнинг айтишларича, бу алоқалар Ўзбекистон учун фойдали бўлиши мумкин, аммо АҚШ ҳамда Оврўпонинг ўрнини боса олмайди.

Кузатувчиларга кўра, жаноб Каримов Осиёга юз бериш билан халқаро ихоталанишдан чиқишга интилмоқда.

ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy