Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 27 Ноябр, 2006 - Published 17:07 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Иқтисодий манфаат демократик қадриятлардан муҳимми?
Можаристондаги газ магистрали
Ғарб билан ҳамкорлик минтақа фаровонлиги, демократия ривожини кафолатлайдими?
Шу кунларда Ғарб, хусусан, Оврўпода Марказий Осиёга нисбатан сиёсатларини ўзгартириш пайти келгани хусусида гапиришмоқда. Тўғрироғи, амалда ҳам қадамлар қўйилаяпти. Ўзбекистон раҳбариятига қарши киритилган жазо чоралари нисбатан енгиллатилди ва бу ўртада мулоқотни ушлаб туриш учун қилиняпти дейилди.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Британияда олий даражада кутиб олинди ва унинг раҳбарлигига шахсан Британия бош вазири тасанно ўқиди. Оврўполиклар Марказий Осиёнинг газ ва нефти туфайли ҳам бу минтақани эътибордан четда қолдириб бўлмаслигини очиқ айта бошлаганлар. Оврўпо Иттифоқи минтақадаги тузумлар билан мулоқотларини йўлга қўйиш лозимлигини урғуларкан, бу энди айни тузумлар мавқеъини қанчалик кучайтириши мумкин? Навбатдаги "Баҳс" мавзуси ана шу ҳақда бўлиб, Би-би-си Оврўподан инсон ҳуқуқлари фаоли Сафар Бекжонни, Россиядан ишбилармон Анвар Ҳусаинов ва Ўзбекистондан жамиятшунос Комрон Алиевни суҳбатга тортди.

Комрон Алиев: Америка ташкилотлари Ўзбекистондан чиқиб кетгандан кейин юзага келган вакуумга Россия кириб келади, деган умидлар пайдо бўлган эди. Лекин Ўзбекистонда Россиянинг кириб келиши ёки жонлашиш деган нарса тамомила кўринмаяпти. Ҳали ҳам ўша эски гап - "Лукойл" ва "Газпром" томонидан Қорақалпоғистон ва Устюрт платосидаги газ конларига инвестициялар киритилаётгани тўғрисида бўлаяпти.

 Биринчи навбатда ўзларининг табиий бойликлари, газ ва нефтни сотиш ягона сиёсатини ишлаб чиқишлари ва бу сиёсатни қўллаб қўл қўйишлари керак ва биргаликдаги сиёсатни олиб боришлари керак
Анвар Ҳусаинов

Бу ерда(Тошкентда) ҳозир ҳатто 84-завод, яъни авиация заводи ҳам ниҳоятда оғир аҳволда, бу ерда уларга буюртмалар йўқ. Ва бу ерда Россия томонидан бир жиддий иқтисодий ўзгаришлар қилинаётганлиги ёки бирор бир соҳаларда ислоҳотлар учун ёрдам берилаётганлиги кўзга ташланаётгани йўқ.

Би-би-си: Лекин айни вақтда қашшоқлашаётган минтақада барибир халқнинг норозилиги билан бироз бўлса ҳам ҳисоблашмасликнинг иложи йўқ эмасми бу давлат раҳбарларининг? Яъни, қайсидир нуқтаи назардан агар Россия ёки Хитой билан яқинлашув иқтисодий манфаат келтирадиган бўлса, мана шу нарса етакчи омилга айланиши эҳтимоли йўқ эмасми?

Анвар Ҳусаинов: Мен ўйлайманки, албатта, Россияга таянган ҳолда Ўзбекистондаги бир қатор долзарб, йиғилиб қолган масалаларни ижобий томонга буриб юбориш имконияти бор. Бу айниқса, ўша меҳнаткаш мигрантлар масаласида, уларни ижтимоий аҳволини, хавфсизлигини яхшилаш соҳасида бир қатор давлатлараро шартномаларга қўл қўйилиши мумкин.

Яна бир нарсани айтиш керакки, Европа ҳамжамияти бугунги кунда ўзини бутун эътиборини газ билан таъминланишга Марказий Осиёга қаратгани улкан оламшумул аҳамиятга эга нарса. Тарих яна бир марта янги имкон бермоқда Марказий Осиё мамлакатларига.

Би-би-си: Комрон ака, шу ерда Сизга мурожаат этсак: Марказий Осиё бугун яна йирик кучларнинг диққат марказига тушди. Хитой, Россия, бу томондан Ҳиндистон ривожланиб келаяпти, Америка ва Оврўпо. Шундай ҳолатда энди Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг мавқеълари қандай бўлиши керак? Улар қандай оқилона сиёсат юритишлари керакки, ҳам тинчликни сақлаб иқтисодий фаровонликка эришиб, бошқа тарафдан инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасида муваффақиятларга эришиш мумкин бўлсин?

Комрон Алиев: Ўрта Осиё минтақасида катта энергетик заҳираларнинг мавжудлиги натижасида бу минтақага катта миқдорда маблағ келиши кутилаяпти. Мана шундай шароитда Ўрта Осиё раҳбарлари ўша келаётган пулларни қандай сарф қилиши ва қайси соҳаларга киритиши - бу катта аҳамиятга эга бўлган нарса.

Алоҳида жумҳуриятларни оладиган бўлсак, масалан Туркманистонда газ орқали келаётган пул ниҳоятда кўп бўлгани билан ёки Қозоғистонда нефть орқали келаётган пуллар кўп бўлгани билан уларнинг инсоний имкониятлари чекланган. Ўзбекистонда инсоний, одам потенциали ҳам мавжуд.

Мана бу мамлакатларни ҳозирги шароитда агарда умумий бозорга бирлаштириш имконияти бўладиган бўлса, Ўрта Осиё ҳамкорлиги ташкилоти тикланадиган бўлса, унда келаётган бу маблағлардан унумли фойдаланиш мумкин.

Хусусан, масалан Қозоғистонни оладиган бўлсак, Қозоғистон ҳозир миллиардлаб доллар пулни Грузияга ёки бошқа мамлакатларга, хусусан, ҳатто Туркияга ҳам киритиш ҳаракатларини қилаяпти...

 табиий манфаатларнинг бирлиги бўлганлиги учун кечаги тортишувлар, гина-кудуратларни унутган ҳолда тарих берган янги имкониятга ёпишиб олиш керак
Анвар Ҳусаинов

Би-би-си: Шу ерда минтақа давлатлари қандай қилиб муомалага киришишлари мумкин?

Анвар Ҳусаинов: Биринчи навбатда ўзларининг табиий бойликлари, газ ва нефтни сотиш ягона сиёсатини ишлаб чиқишлари ва бу сиёсатни қўллаб қўл қўйишлари керак ва биргаликдаги сиёсатни олиб боришлари керак. Масалан Ўзбекистонда газ кимёси, нефть кимёси заводларини ривожлантириш, сўнгги, чуқур ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш имкониятлари бор. Бизда бунинг учун заводлар ҳам бор, уларда ишлайдиган ишчи, инженер ходимлар ҳам бор.

Демак, Ўзбекистоннинг манфаатини ўша табиий заҳиралардан олинадиган - газ ва нефтни чуқур қайта ишлаб Европа бозорларига чиқариш керак.

Би-би-си: Лекин бугун Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёт даражалари турли хил. Масалан, бугун Қозоғистон билан Ўзбекистон ё Тожикистонни тенглаштириб бўлмай қолди. Бошқа томондан олганда сиёсий йўналишлар ҳам ҳар томонга кетаяпти...

Анвар Ҳусаинов: Бу ерда бир нарсани айтиш керак, технологик узвий боғлиқлик бор. Туркманистон газини фақат Ўзбекистон ҳудудларидан ўтказиши мумкин. Ўша катта компрессор заводи, станциялари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Ана шу газни Қозоғистон чегарасигача олиб чиқиб етказиш жуда муҳим нарса. Бу ерда ҳар ҳолда табиий манфаатларнинг бирлиги бўлганлиги учун кечаги тортишувлар, гина-кудуратларни унутган ҳолда тарих берган янги имкониятга ёпишиб олиш керак.

 регионда демократик давлатлар режимлари бўлсагина, бу ягона иқтисодий ва сиёсий геостратегик тадқиқотлар қилиниши мумкин
Сафар Бекжон

Би-би-си: Лекин бошқа томондан агар Ғарб, бу Оврўпо бўладими ё Америка, энергетика соҳасида Марказий Осиё билан ҳамкорлик қилиш, иқтисодий алоқаларни жипслаштириш, кучайтиришга ҳаракат қилса ва бу йўлда бирор бир ютуқларга эришилган тақдирда ҳам бу Марказий Осиёга иқтисодий фаровонлик келишини, демократия келишини кафолатлай оладими? Нақадар кафолатлай олади?

Сафар Бекжон: Бирлашиш, ягона иқтисодий стратегия ёки ресурсларда стратегия ишлаб чиқиш учун бизга диктатуралар лозим эмас. Биз диктатуралар остида буни қилолмаймиз. Ҳеч бир диктатор қўшни диктаторга ишонмайди. Демократия бизга буни олиб келиши мумкин. Агар регионда демократик давлатлар режимлари бўлсагина, бу ягона иқтисодий ва сиёсий геостратегик тадқиқотлар қилиниши мумкин.

Би-би-си: Лекин, Сафар ака, худди шу демократия йўналишида таъсир қилиши мумкин бўлган Ғарбнинг ўзи бугун қайсидир маънода иқтисодий манфаатларни, энергетика манфаатларини инсон ҳуқуқлари ва демократиядан устун қўяётгандек ҳаракатларга қўл урмаяптими?

Сафар Бекжон: Чунки буларнинг қорни тўқ. Европа тўқ. Булар учун ҳозир ҳар қандай режим ўзгарганлиги аҳолиси учун жуда катта бир муаммо эмас. Биз учун асосий муаммо - бизга демократия керак. Чунки бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун эркинлик керак.

Би-би-си: Айнан шу масалада Марказий Осиёдаги демократлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари кимга умид қилишлари керак? Ғарбгами?

Сафар Бекжон: Ғарб дегани қайси маънода? Масалан биз копия сифатида Ғарбнинг сиёсий тузумини олмаймиз. Масалан Ғарбда шу пайтгача қўлланилган демократик тузум тажрибаси бор. Худди ўшандай тузум билан Ғарб иқтисодий ва сиёсий мувозанатига етиб олганимиздан кейин у ёғи нима бўлиши номаълум. Ўшангача эса ҳали масала кўп. Ғарбнинг бугун келиб олган жойигача келиб олайлик биз...

Би-би-си: Анвар ака, шу ерда Сизга мурожаат этсак. Мана масалан Саудия Арабистони, Иордания каби давлатлар, Покистон Ғарб билан яқин иттифоқчи ҳисобланадилар. Ғарб билан иттифоқчилик уларга нима берди, деган саволга жуда кўпчилик ишончсизлик билан жавоб беришади. Сиз нима дейсиз, Марказий Осиёнинг Ғарб билан ҳамкорлиги ҳам худди шундай натижага олиб келиши эҳтимоллари катта эмасми?

Анвар Ҳусаинов: Иқтисодиётимизга янги қон қуйилиши... Шу масалада ҳозир Ўзбекистонда катта йўқотишлар бўлаяпти. Унинг иқтисодиёти Россия иқтисодиёти билан жуда боғланган. Биз масалан бугунги кунгача газни ҳам, бошқа бойликларимизни ҳам фақат Россия орқали сотишга мажбурмиз.

Энди эса Европанинг қизиқиши туфайли бозор пайдо бўлади. Натижада ўша табиий бойликларнинг нархи ошади. Бундан албатта, иқтисодиётимиз манфаатдор бўлади. Бу маълум бир маънода очликнинг олдини олиши мумкин, ҳозирги кундаги иқтисодиётнинг ниҳоятда тушкун аҳволини яхшилаши мумкин. Ва маълум маънода нефть, газ соҳасини, улар билан боғлиқ бўлган соҳаларни ривожланишига олиб келиши мумкин.

Табиийки, агар юқори ойликлар олиб ишлайдиган кишилар, инженерлар пайдо бўладиган бўлса, бу ҳам эртага демократиянинг бир кучи бўлади. Марказий Осиёга Европанинг эътибори ошиб бораётганлиги ҳамма томондан ижобий воқеа.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy