Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 16 Октябр, 2006 - Published 18:17 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Орол денгизини қутқариб қолиш мумкинми?
"Экосан" халқаро жамғармаси раҳбари Юсуфжон Шодиметов("Экосан" жамғармаси интернет саҳифасидан олинган сурат)
Ю.Шодиметов: 'минтақага қўшимча сув келтириш эҳтиёжи туғилади'
Сўнгги қирқ йил мобайнида Орол денгизи деярли икки баравар қуриган. Натижада денгиз атрофидаги ҳудудларнинг 60 фоизи яроқсиз ҳолга келган ва йилига 75 миллион тонна туз Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларига тарқалмоқда.

Экологик ҳалокат оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати Орол денгизи бўйидаги минтақаларда қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни етиштиришга киришган. Ҳозирда денгиз атрофида 30 мингга яқин ана шундай ўсимлик экилгани хабар қилинмоқда. Хўш, Орол денгизи ҳалокатининг асл сабаблари нимада? Би-би-си ушбу савол билан Халқаро "Экосан" жамғармасининг раҳбари Юсуфжон Шодиметовга мурожаат қилди.

Юсуфжон Шодиметов: Сабаби иккита: биринчиси - антропоген таъсир. Инсоннинг хўжалик фаолиятининг таъсирида келиб чиққан. Пахта яккаҳокимлиги, фақат шоли экилиши ҳам - ўша ўтган совет даврида бир томонлама технократик сиёсатнинг салбий таъсири десак бўлади. Сув Оролга бориб етмади. Натижада йилдан-йилга камайиб-камайиб мана ҳозирги аҳволга етиб келди. Оролнинг чегараси қирғоғи 100-150 километрга узоқлашиб кетди. Орол денгизининг қолган қисми Мўйноқ шаҳридан ҳозир 150 км нарида. Иккинчиси бу табиий ўзгаришлар. Кейинги ўн йиллар давомида умуман глобал иқлим ўзгараяпти. Ҳароратнинг ошиб бориши, чўлланиш даражасининг ривожланиб бориши бу иккинчи табиий сабаб. Мана шу иккита катта омил натижасида Орол денгизи қуриб бораяпти.

Би-би-си: Сиз айтган биринчи муаммо, яъни пахта яккаҳокимлиги ҳозирда ҳам сақланиб қолмаяптими?

Юсуфжон Шодиметов: Йўқ албатта. Чунки мана Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейиноқ, бу масалага жуда катта, принципиал қараш бўлди. Пахтани ишлаб чиқариш умумий гектари камайди ва сувдан оқилона фойдаланиш ишлари жуда юқори даражага йўлга қўйилди, десак бўлади. Ва шунинг натижасида мана шоли, пахта каби экинларнинг умумий миқдори қисқариб, сувдан кам фойдаланиладиган қишлоқ ҳўжалик экинлари экила бошланди.

Би-би-си: Ўзбекистонда пахтанинг ўзидан бир миллиард доллар даромад кўрилади. Ҳозир сув етиб бораяптими Орол денгизига?

Юсуфжон Шодиметов: Энди Орол денгизига илгарига қараганда айрим вақтда кўпроқ, айрим пайт камроқ сув бораяпти. Бу табиатнинг, об-ҳавонинг аҳволига, ёмғирлар ва бошқа нарсаларга боғлиқ. Лекин Оролга бориб етаётган сувнинг умумий миқдори албатта юқори эмас.

Охирги уч-беш йил ичида Орол атрофида жуда катта кўллар пайдо бўлди. Мен ўзим шахсан бориб кўрдим. У ерларда катта учрашувлар қилдик. Хуллас бу борада имкониятга қараб Орол денгизининг акваториясига имкони борича сув юбориш масалаларида ишлар олиб борилаяпти.

Орол денгизининг 1985 ва 2003 йилларда космосдан олинган суратлари
Орол денгизининг 1985 ва 2003 йилларда космосдан олинган суратлари
Би-би-си: Орол муаммаси бўйича турли фондлар мавжуд. Ҳамма Марказий Осиё давлатлари Орол муаммасини тан олаётгандек кўринадилар, лекин ҳар йили Ўрта Осиё мамлакатлари сувни тақсимлашда ўзаро сану-манга боришади. Асли муаммо мамлакатлар ўртасида бирдамликнинг йўқлигида эмасми, назарингизда?

Юсуфжон Шодимтеов: Умуман Марказий Осиёда сувни тақсимлаш, ундан фойдаланиш масалалари илгаридан ва кейинги йилларда сувнинг умумий заҳираси камайиб бориши натижасида янаям кескинлашиб бораяпти, янаям қийинчилик бўлаяпти. Лекин охирги пайтларда бу борада анча-мунча келишувлар пайдо бўлди. Мен айтишим керакки, яқинда Қозоғистоннинг пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган норасмий Марказий Осиё мамлакатлари президентларининг учрашувида Орол денгизи билан боғлиқ бўлган ишларни, Орол денгизини сақлаш бўйича халқаро жамғарма ишини фаоллаштириш ва махсус информацион марказ ташкил қилиш, коммуникация, ҳалқаро ҳамкорлик ишларини кенгроқ даражада олиб бориш масалалари кўтарилди.

Би-би-си: Ҳамкорлик яхши деб айтаяпсиз, аммо бошқа тарафдан мисол учун Туркманистон ўз ҳудудида сунъий денгиз қуришни бошлаган. Лекин сунъий денгиз қурилаётган жой асосан чўл зонаси. Бу нарсалар қўшни давлатлар ўртасида норозиликларни кучайтирмайдими?

Юсуфжон Шодиметов: Бу муаммо бор, албатта. Туркманистон раҳбарияти билан Ўзбекистон раҳбарияти учрашиб, қатор келишувларга, сув масалалари бўйича, ҳамкорлик масалалари бўйича келишиб олинди. Лекин сиз айтгандай, бизнинг бундай муносабатимиз ҳақиқатан ҳам Марказий Осиёнинг иқлимига ҳам, сувни тежашга ҳам ёрдам бермайди.

Туркманистон ҳозир жон бошига йилига ишлатиладиган сувнинг миқдори бўйича Ўрта Осиёда энг юқори қаторлардан биттасида туради. Лекин яқинда мана Туркманистон элчиси бизнинг Орол муаммолари бўйича ҳамкорлик ҳақидаги конференциямизда сўзга чиқди. Бу борадаги ишлар ҳозир давом эттирилаётганлигини айтди ва бу ишлар яхши натижа бериши керак, деган фикрни илгари сурди.

Би-би-си: Мана шу айтган сўзларингиздан Марказий Осиё давлатлари Орол муаммасини ҳал этишда ягона ёндашувга эга эмас, деб айта оламизми?

Бугунги Орол денгизи
Орол денгизининг қуриши ХХ асрнинг энг йирик экологик фожеаси
Юсуфжон Шодиметов: Энди умуман ягона ёндашув бор. Умуман назарий, фундаментал ягона ёндашув бор. Лекин бунинг амалий томонига ўтадиган бўлсак, албатта анча-мунча қийинчиликлар илгари ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор.

Би-би-си: Шундай фикрлар ҳам бор-ки, энди Орол денгизини орқага қайтариб бўлмайди, яхшиси унинг оқибатларининг олдини олиш керак, деган. Ҳозир йилига 75 миллион тонна туз 1000 километр радиусга тарқалар экан. Бунинг олдини олиш бўйича ҳам мана Қозоғистон, Ўзбекистон ва Олмония ўртасида бир келишув мавжуд, яъни кўкаламзорлаштириш. Шу йўналишда кетилса яхши бўлмасмикан, Сизнинг назарингизда?

Юсуфжон Шодиметов: Энди Оролни тақдири ҳақида гапирадиган бўлсак, бунинг иккита йўли бор. Биринчиси мана шу қуриган сатҳини, қумликларни тўхтатиш учун экотизимни мустаҳкамлаш, қумга чидамли бўлган ўсимликлар билан тўлдириш. Ҳозир шу ишлар олиб борилаяпти. Махсус лойиҳалар бошланган, бунга Германия Техник маркази, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, биз - "Экосан"чилар ҳам ёрдам бераяпмиз. Лекин бунга ҳали анчагина инвестиция керак. Жуда катта - 400 минг, 500 минг гектар ерни шундай кўкаламзорлаштириш керак.

Би-би-си: Қанча пул керак энди бунга?

Юсуфжон Шодиметов: Бунинг ҳозир аниқ ҳисоб-китоби йўқ. Пулини ҳисоб-китоб қилиш учун ҳам пул керак. Иккинчиси, Орол муаммасини ҳал қилиш, нафақат Орол муаммоси, балки Марказий Осиёда иқлимнинг ўзгариши билан боғлиқ муаммоларда четдан сув келмаса, буни келажакда барибир ҳал қилиб бўлмайди.

Бизнинг "Экосан" ташкилотимиз катта анжуманлар ўтказди. Уларда шундай фикр билдирилдики, келажакда бу минтақага қўшимча сув керак бўлади. Буни табиатнинг ўзи тақозо қилаяпти. Ана демографик ўзгаришлар бўлаяпти, иқлимий ўзгаришлар бўлаяпти, чўлланиш жараёни кенгайяпти, Афғонистонда сув билан боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалик ишлари бошланай деяпти. Бунинг ҳаммаси бу ерга қўшимча сув олиб келишга мажбур қилади, деб ўйлайман.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy