Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 05 Октябр, 2006 - Published 12:29 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Қирғизистон: диний эркинликларга нима соя солмоқда?
Ўшдаги масжидда ибодат
Сўнгги ойларда Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари терроризм ва экстремизмга қарши курашда ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилаётганини айтишмоқда.

Икки ой муқаддам Президент Қурманбек Бакиев Президент Ислом Каримов билан диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олганини эълон қилганди.

Қурманбек Бакиев баёноти ортидан Ўш шаҳрида мамлакат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган амалиётда таниқли уламо, Қорасув шаҳри масжиди имоми Муҳаммадрафиқ Камолов дохил яна икки киши ўлдирилди, бир неча киши ҳибсга олинди.

Қирғизистон мусулмонлари Ўзбекистон ва Қирғизистон куч тизимлари ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатдаги диний эркинликларни чеклаб қўйиши ҳамда зўравонликларни кучайтириб юбориши мумкинлигидан хавотирдалар.

Хўш, бу хавотирлар қанчалар асосли? Би-би-си шу ва бошқа саволлар билан Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқ қори Камолиддин ҳамда мамлакатда фаолияти тақиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" фирқаси раҳбарларидан бири Султонбек Қурбонбой ўғлини суҳбатга чорлади.

Содиқ қори Камолиддин: Алҳамдулиллоҳ, [Қирғизистонда] мусулмонлар ҳаёти яхши, турмушлари фаровон бораяпти. Масжидлар кўпайган. Икки минга яқин масжид, мадрасалар, диний жомеъа, диний маъҳадлар ўз фаолиятини юргизиб турибди. Энди кейинги ойларда баъзи бир ҳолатлар пайдо бўлди, мўъмин мусулмонларга нисбатан бир оз қаттиқроқ кўзқарашга ўхшаган нарсалар пайдо бўлди. Лекин, ўйлайманки, бу - ўткинчи нарса. Мусулмонлар ҳаётида қўпорувчилик, террор, экстремистик ҳаракатлар йўқ. Бизнинг динимиз, Қуръонимиз бунга қарши.

Лекин, атроф давлатларнинг, катта мамлакатларнинг манфаатлари бизларнинг жумҳуриятларда ва минтақада кесишган бир пайтда, катта мамлакатларнинг раҳбарлари ҳар хил диний хавфлар билан қўрқитиб, минтақа раҳбарларини мусулмонларга нисбатан қаттиққўллик билан ҳаракат қилишга даъват қилаётган ҳоллари кўзга ташланиб қолмоқда.

 Диний эркинликлар тушунчасининг ўзи аслида қарама-қаршиликлардан иборат
Султонбек Қурбонбой ўғли

Би-би-си: Навбатдаги савол Султонбек Қурбонбой ўғлига. Қирғизистонда, хусусан мамлакат жанубида диний эркинликлар, назарингизда, қанчалар таъминланган?

Султонбек Қурбонбой ўғли: Исломда фақат бир нарса бор: Раббимиз Аллоҳга ҳаммамиз қулмиз. Диний эркинлик дегани - бу умуман Исломга зид келадиган фикр. Биз Аллоҳнинг қулиман, деб ўз бўйнимизга олганимиздан кейин фақатгина Унинг буйруғи билан яшашимиз ва Унинг қайтарувидан қайтишимиз шарт бўлади.

Би-би-си: Лекин, Қирғизистон - дунёвий давлат ва сиз ўша дунёвий давлатда яшайсиз. Бу ерда диний эркинлик деганда Қирғизистоннинг ана шу қонунлари назарда тутилаяпти. Сизнингча, ҳозирда дин ишларига ҳукумат, давлат аралашуви кузатиладими?

Султонбек Қурбонбой ўғли: Диний эркинликлар тушунчасининг ўзи аслида қарама-қаршиликлардан иборат. Дин сиёсатга аралашмаётган бўлса ҳам, сиёсат динга аралашиб, ундаги барча фикрларни замонга қараб, демократияга қараб букаётганининг ўзини Исломга зид келадиган масалалардан, деб биламан.

Би-би-си: Султонбек, "Ҳизб ут-Таҳрир"нинг ҳукуматни машръуий, яъни қонуний деб тан олмаслиги, ҳукуматни фирқангизга нисбатан кескин, қаттиққўл сиёсат юргизишига сабаб бўлмаяптими?

Султонбек Қурбонбой ўғли: Агар уларнинг [ҳукуматнинг] қаттиққўллигини ўйлайдиган бўлсак, биз динимиздан воз кечган бўлиб қоламиз. Агар биз фикримиз учун тазйиқлар бўлар экан деб, фикримиздан қайтадиган бўлсак, Расулуллоҳ Салаллоҳи Алайҳи Васаллам тариқатидан чиқиб кетгандек бўламиз...

Содиқ қори Камолиддин: Мен бунга бошқачароқ тус берган бўлар эдим. Албатта, диннинг ўзи юқоридан туширилган илоҳий сиёсат билан суғорилган дин эканлигини назарда тутадиган бўлсак, бу - жуда тўғри гап. Лекин, ҳар куни ўзгариб турадиган, сиёсатчилар манфаатларига қараб ўзгарадиган сиёсатга агар динни аралаштирадиган бўлсак, диннинг покизалиги, самимийлиги, илоҳийлигига путур етказиб қўйган бўламиз, деб ўйлайман.

Би-би-си: Сиз бир неча йил муқаддам "Ҳизб ут-Таҳрир" фаоллари билан мулоқот ўтказиш чақириғи билан чиққандингиз. Нега ҳозирга қадар ўртада ана шу диалог ўтказилмади, деб ўйлайсиз?

Содиқ қори Камолиддин: Давлат тизимида бундай мулоқот, бундай диалог ўтказилмади, десангиз тўғри. Лекин ўзимизнинг орамизда - "Ҳизб ут-Таҳрир" вакиллари бўладими, бошқа бир кўзқарашдаги одамларми ёки бошқа дин вакиллари бўладими, мулоқотларимиз бор, бу давом этиб турибди. Гоҳида ўзининг яхши бир натижаларини бераяпти, гоҳида эса натижа йўққа ҳам ўхшаб турибди. Аммо бу мулоқот тўхтаб қолди, дегани эмас. Мен ўртада доимо мулоқотга, бир-бирини тушунишга чақириб келганман, бундан кейин ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайман.

 Мусулмонлар аввало ўзлари иттифоқ бўлиб, ўзлари бир-бирларини тушунса, бир-бирларини ҳурмат қилса, баъзи фикрларни ўртага ташлаб, ўзимиз ҳал қилайлик деган фикрга келинса, мен бундай фикрни қўллаб-қувватлаган бўлардим.
Содиқ қори Камолиддин

Би-би-си: Султонбек, Сиз "Ҳизб ут-Таҳрир" фирқасининг Қирғизистон жанубидаги раҳбарларидан бирисиз. Нима учун фирқангиз хуфия фаолият олиб боради? Нега сиёсий майдонга ўз сиёсий, Исломий қарашлари билан очиқчасига чиқмаётир?

Султонбек Қурбонбой ўғли: Бугунги кунда "Ҳизб ут-Таҳрир" фаолият олиб бораётганини ҳеч ҳам яшираётгани йўқ. Аслида, бу нарсалар["Ҳизб ут-Таҳрир" фаолияти]ни ёпиқ деб туриб, фирқани халққа ёмон кўрсатиш мақсадида ўзлари эълон қилишади ва аслида ўзлари йўл беришмайди. Марҳамат, очиб қўйсин, хоҳлаган нарсамизни гапирайлик, халқ билан очиқ мулоқот қилайлик! Халқни ўртасида, телевидение орқали баҳс қилайлик. Борми баҳс қиладиган шундай шахслар?!

Би-би-си: Содиқ қори жаноблари, бу фикрга Сизнинг муносабатингиз қандай?

Содиқ қори Камолиддин: Агар бир шахсий ёки жамоатлар ўртасида ўзаро мулоқот бўлса, бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, бундай мулоқотларнинг албатта телевидение-радио орқали бўлиши шарт эмас. Мусулмонлар аввало ўзлари иттифоқ бўлиб, ўзлари бир-бирларини тушунса, бир-бирларини ҳурмат қилса, баъзи фикрларни ўртага ташлаб, ўзимиз ҳал қилайлик деган фикрга келинса, мен бундай фикрни қўллаб-қувватлаган бўлардим.

Би-би-си: Султонбек шундай иттифоқ борми?

Султонбек Қурбонбой ўғли: Ҳозир жамиятда ким билан мулоқотда бўлсак, биз билан яхши иттифоқда деб биламиз ҳаммани.

Би-би-си: Содиқ қори жаноблари, Сиз ҳам шу фикрга қўшиласизми?

Ўш яқинидаги қадимий масжид

Содиқ қори Камолиддин: Энди иттифоқлик, ўзаро ҳурматни керакли даражада деб бўлмайди. Бу жойда бошқанинг ҳуқуқи бошланган жойда менинг ҳуқуқим тугайди, деган ёндашув ҳам бўлиши керак. Диний масалаларни диний ташкилотлар, диний шахсларнинг ўзлари ҳал қилсин, бунга куч қўллаш воситалари, органлари киришмасин. Бунга ҳожат йўқ, деб гапириб келамиз, лекин бунга эришилганича йўқ. Кўнгилдагидек бир-бирини тушуниш, иттифоқликни минтақада ва Қирғизистонда етарли деб бўлмайди.

Би-би-си: Мана яқинда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида терроризмга ёки экстремизмга қарши кураш бўйича келишув бўлгани ҳақида эълон қилинди. Шундан кейин Қирғизстон жанубида, ҳукумат таъбирича, терроризмга қарши амалиётлар бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг ўзида эса терроризм, экстремизга қарши кураш "ваҳобийлик" ёки "Ҳизб ут-Таҳрир"га алоқадорлик айбловлари билан минглаб одамларнинг қамалишига олиб келганлиги айтилади. Қирғизистонда ҳам шундай ҳолат юзага келиши эҳтимоли борми?

Содиқ қори Камолиддин: Биз мана шундан кўпроқ безовта бўламиз. Яқинда "Бишкек оқшоми" газетаси мен билан суҳбатни босиб чиқарди. Ўша суҳбатда шу тўғрида ҳам гаплар бор. Бизнинг жумҳуриятда шу йил ёз ойларида бўлиб ўтган фожиалар, укамиз Рафиқ қорининг вафот бўлганлиги, мана шу террор қурбони бўлганлиги, куч қўллаш воситаларининг жуда катта хатога йўл қўйганлиги нотўғри бўлганини газетада очиқ ёздик. Бизда мана шу ҳолатлар янада кучайиб кетмаса, мўмин-мусулмонларнинг ҳаётига, уларнинг фаолиятига зарар етиб қолмаса, деган бир безовталик бор.

Султонбек Қурбонбой ўғли: Қори акамиз ҳозир укалари, Рафиқ қори акамизни эслаб ўтдилар. Биз у кишини нафақат шаҳид, шаҳидларнинг саиди деб тилга оламиз. У киши ҳақни гапиришдан қайтгани йўқ. Исломда нимаики буюрилган бўлса, таъкидланган бўлса очиқ айтгани учун шаҳидлар саиди бўлишга муяссар бўлди. Энди динга қайғуриш масаласига келганда, қори акамиз айтгандай, биз ҳам мусулмонлар ўртасида ихтилоф пайдо бўладиган бўлса, шунинг олдини олиш билан бандмиз. Биз ҳам мусулмонлар мусулмонларга қарши бўлишини хоҳламаймиз.

Ўзи аслида бу жанжаллар, ҳужумлар "постановка" бўлган. Жанубий Қирғизистонда яқинда бўлиб ўтган воқеалар - аслида мусулмонларнинг иши эмас эди.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy