Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 17 Январь, 2005 - Published 16:50 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Халқаро экспертлар: 'Самандар Умаров қийноқдан ўлмаган'
News image
Халқаро экспертлар Ўзбекистон ҳукуматининг Самандар Умаровнинг ўлими ҳақидаги расмий хулосасини тасдиқлашди
Ўзбекистон қамоқхонасида вафот этган Самандар Умаровнинг ўлими атрофидаги вазиятни ўрганган халқаро экспертлар унинг қийноқлар натижаси эмаслигини айтишган.

Тошкентдаги матбуот анжуманида гапирган америкалик эксперт, доктор Роналд Виктор Суарез, 35 ёшли собиқ маҳбуснинг юрак ҳуружидан вафот этгани ҳақидаги расмийларнинг дастлабки хулосаларини тасдиқлади.

"Жаноб Умаровнинг ўлими нотабиий сабаблар натижасида юз бермаган",-деб айтди у.

Диний-сиёсий айблар билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган тошкентлик Самандар Умаровнинг жасади шу ой бошларида яқинларига топширилганди.

Унинг оила-аъзолари маҳбуснинг қийноқлар натижасида вафот этганини иддао қилишган.

Уларга кўра, марҳумнинг тирноқлари юлиб олинган ва тана қисмида зарба аломатлари бўлган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматини Самандар Умаровнинг ўлими юзасидан ҳар томонлама ва очиқ текширув олиб боришга чақирганлар.

Жасад очилмаган

Ўзбекистон ҳукумати ва АҚШнинг "Фридом Хауз" нодавлат инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўртасидаги келишувга биноан Ўзбекистонга ташриф буюрган экспертларнинг сўзларига кўра, текширув чоғида марҳумнинг яқинлари унинг жасадини очишга рухсат бермаганлар.

News image
Халқаро экспертларнинг айтишларича, Умаровнинг яқинлари унинг жасадини қайта очишга рухсат бермаганлар
"13-январ куни Самандар Умаровнинг яқинлари "Фридом Хауз"га шахсий ва диний сабаблар билан жасаднинг қайта эксгумация қилинишига қарши эканликларини билдиришган",-деб айтди жаноб Суарез Тошкентдаги матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, экспертларнинг хулосалари Умаровнинг ўлими билан боғлиқ барча ҳужжатлар, лаборатория текширувлари ва дастлабки суд-тиббиёт экспертизаси чоғида олинган далилларни қайта таҳлил этиш асносида чиқарилган.

Экспертлар, шунингдек, Самандар Умаровнинг ўлимига гувоҳ бўлиши мумкин бўлган шахслар, жумладан, у билан бирга жазони ўтаган маҳбуслар ва унинг оила-аъзолари билан ҳам мустақил равишда учрашганлар.

Матбуот анжуманида гапирган словениялик эксперт Драго Кос, олиб борилган текширув натижалари маҳбуснинг ўлимидан олдин унинг ҳаётига таҳдид солувчи ҳеч қандай ҳодисанинг юз бермаганини кўрсатганлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Самандар Умаровнинг ўлими юз берган 2-январ куни 64/29 рақамли қамоқхона шифохонаси ёки Навоий шаҳар касалхонасида унга нисбатан қасддан ҳеч қандай ҳаракат содир этилмаган.

Жаноб Кос 2-январ тонгида қамоқхона маъмурлари ёки шифохона ходимлари томонидан маҳбусга нисбатан совуққон муносабатда бўлингани эҳтимолини ҳам истисно қилишини айтди.

Экспертларнинг ишонишларича, текширувларни давом эттиришга эҳтиёж йўқ ва жасадни қайта очиш натижасида Самандар Умаровнинг ўлими юзасидан бирон янги маълумотни қўлга киритиш амри маҳол.

Аҳвол ўзгармоқдами?

Чет эллик мутахассислар мустақил текширув чоғида Ўзбекистон ҳукуматининг ўзларига барча имкониятларни яратиб берганини таъкидлашди.

Уларга кўра, ўлим ҳолатига ойдинлик киритиши мумкин бўлган далилларни ўрганишда ҳеч қандай чеклов бўлмаган.

Экспертларнинг бу ҳақдаги сўзларини гуруҳ ишида биринчи марта иштирок этган мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ҳам тасдиқлаган.

У, шунингдек, 2003 йил бошидан буён Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан муносабатнинг ижобий томонга ўзгарганини айтган.

News image
Ўзбекистон шимоли-ғарбидаги Жаслиқ қамоқхонаси қийноқлар борасидаги иддаолар марказида бўлиб келган
Самандар Умаровнинг ўлими юзасидан Навоийдаги 64/29 жазони ижро этиш муассасида бўлганини айтган жаноб Эргашевга кўра, сўнгги йилларда хорижлик кузатувчиларнинг бот-бот ташриф буюришлари туфайли диний-сиёсий маҳбусларга нисбатан муносабат яхши томонга ўзгарган.

У аввалги йилларда маҳбусларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлингани, аммо ҳозир амалда бундай ҳолатларга чек қўйилганига гувоҳ бўлганини урғулади.

Аммо бошқа мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари "Фридом Хауз" ташаббуси билан ўтказилган текширув натижаларини шубҳа остига олишмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раҳбари Сурат Икромов жасадни эксгумация қилмасдан туриб, Самандар Умаровнинг қийноққа солиб-солинмагани ҳақидаги саволга аниқ жавоб бериб бўлмаслигини айтди.

Унинг ишонишича, жасадни қайта очмаслик Умаровнинг яқинларидан кўра кўпроқ ўзбек расмийларининг истаги бўлган.

Сурат Икромовга кўра, Самандар Умаровнинг ўлими юзасидан ўтказилган текширув хулосалари Ўзбекистонда қийноқлар борасидаги вазиятга ойдинлик кирита олмайди.

"Маҳбусларнинг қамоқхонада вафот этиш ҳоллари ҳануз кенг тарқалган ва бу борадаги вазият ўзгараётганининг белгилари йўқ",-деб айтди Сурат Икромов.

Айни пайтда Умаровнинг яқинлари халқаро экспертларнинг текширув хулосалари юзасидан муносабат билдирмаганлар.

Сўнгги текширув Ўзбекистонда қийноқлар иддаолари юзасидан олиб борилган иккинчи халқаро экспертизадир.

Ўтган йили милиция ҳибсхонасида вафот этган Андрей Шелковенконинг ўлими атрофидаги вазиятни ўрганган америкалик мутахассислар унинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хулосага келишган.

Аввалги текширув ҳам "Фридом Хауз" ташкилоти ташаббуси билан ўтказилганди.

ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy