Зулқарнайн даврига тенг ўзбекча қатлама
Қатлама - ўзбек фотиҳа тўйлари учун пишириладиган қадимий таом.
Оврўполик тадқиқотчиларга кўра, ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бугунги Ўзбекистон ҳудудларида ҳозиргидек патир ёпилган ва қатлама пиширилган.
Британиялик тарихчи журналист Майкл Вуд, хусусан, "Искандар Зулқарнайн изидан" номли илмий тадқиқотида бу борада алоҳида таъкидлайди.
Унга кўра, бугунги жанубий Ўзбекистон ҳудудларига келган ёш саркарда Искандар рақс тушаётган Сўғдиёна маликаси Рухшонани кўриб, ошиқ бўлади.
Буни сезган қизнинг отаси, яъни Сўғдиёна ҳукмдори эса дастурхонда турган нонни олади-да, тиззасига бир уриб иккига бўлади.
"Нонни синдирдик, энди сен қизим билан унаштирилдинг, деб айтади у ҳайратда қолган ажнабий Искандарга" - ҳикоя қилади Майкл Вуд - "Чунки ўша пайтлар ҳам йигит-йизни унаштириш рамзи сифатида нон синдиришган".
"Унаштириш маросимида ўзбеклар ҳамон қатлама пишириб, патир ушатишади ва бу маросимни ўзбеклар нон синдириш, деб ҳам аташади" - давом этади инглиз тадқиқотчиси.
Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг баъзи жойларида патир, бошқа минтақаларида қатлама ушатилади. Ўзбек момолари унаштириш маросими учун атайдан супра ёзиб, қатлама пиширадилар.
Тарихи афсоналарга қоришган ўзбекча қатлама қилишни биз ҳам сиз билан бирга ўрганишга қарор қилдик.