Москва вилоятида 600 дан ортиқ муҳожир ушланган

Сурат манбаси, Reuters

Россия Ички Ишлар вазирлиги рейдига асосан Подмосковеда 675 меҳнат муҳожири ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Рейд давомида муҳожирлик қонуни бузилганлиги ҳақида 159 маъмурий ҳужжат тузилган, улардан 105 таси чиқариб юборишни кўзда тутади, деб билдиради вазирлик.

Кейинги ҳафтада Москва шаҳри ва вилоятида ноқонуний муҳожирларни аниқлаш рейдлари орқасидан юзлаб меҳнат муҳожирлари ҳибсга олинган эди.

Бу ҳаракатлар Бирюлево туманида содир этилган тартибсизликлардан сўнг бошланган.

Москва полицияси билдиришича, ноқонуний муҳожирликка қарши "Сигнал" амалиётини ҳар жума куни ўтказиш кўзда тутилади.

Айни пайтда Москва вилояти Долгопрудний шаҳридаги "Вегетта" мева-сабзавот базасида текшириш кетяпти.

Федерал миграция хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи Олег Молодиевскийнинг айтишича, Бирюлеводаги база ёпилганидан сўнг юк ва муҳожирлар оқими Долгопруднийга қараб йўналгани бундай амалиёт ўтказишни тақозо этади.

Миллатчилик ҳаракатлари

Бирюлеводаги тартибсизликлар ўтган пайшанба куни 25 яшар Егор Шчербаковнинг рус бўлмаган бир кимса тарафидан ўлдирилиши кетидан юзага келганди.

13 октябр кунги намойишга чиққан юзлаб кишилар 25 ёшли Егор Шчербаковнинг қотилини тутишни талаб қилганлар.

Рус миллатчилари муҳожирлар яшаб, ишлайдиган жойга бостириб киришган. Улар"Россия -руслар учун, Москва москваликлар учун" дея шиорларни айтиб қичқирганлар.

Москва жанубида жойлашган Бирюлево мавзесида миллатчилик руҳидаги оммавий тартибсизликлaрдан бир кун ўтиб полиция 1200дан ортиқ меҳнат муҳожирини қўлга олган.

Муҳожирларни тартибсизликлар рўй берган мева-сабзавот базасида ушлашган.

Ўтган ҳафтада шунингдек, Москва полицияси Бирюлевода 25 ёшли Егор Шчербаковнинг ўлдиришда гумонланган озарбайжонлик Ўрхан Зейналовни қўлга олганини билдирди.

Кузатувчиларга кўра, кўплаб муҳожирлар охирги ойларда ноқонуний рейдлар қурбонига айланишмоқда.

Бирюлеводаги ҳодисалар Россияда миллатчилик кайфияти тобора кучаётганини исботлайди.