Россия: «Евровидение»га бораётган тожикистонлик Манижани биласизми? Manija Rossiya Tojikiston Yevrovideniye

    • Author, Амалия Затари
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

"Евронигоҳ-2021"да Россияни асли тожикистонлик хонанда Манижа тақдим этади.

Ҳозирда унинг халқаро танловнинг YouTube саҳифасида эълон қилинган қўшиғи бир неча кун ичида 3,5 млн га яқин кўрилган. Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлмоқда.

29 ёшли қўшиқчи Манижа Сангин мусиқий фаолиятидан ташқари, БМТнинг таклифига биноан у қочқинлар муаммолари билан шуғулланади, аёллар ҳуқуқлари учун фаол курашади ва ЛГБТ жамоасини қўллаб-қувватлайди.

Би-би-си Манижа Сангинни нималар ортидан танилгани ҳақида сўз юритади.

Манижа Роттердамдаги "Евронигоҳ"да "Рус аёли" қўшиғини ижро этади. Россиядан иштирокчини танлаш жараёни 8 март куни Россия 1- каналида жонли равишда ўтказилди.

Хонанданинг айтишича, унинг қўшиғи "Россияда сўнгги бир неча асрлар давомида аёлнинг ўзини англашининг ўзгариши" ҳақида ҳикоя қилади, аёл деҳқонликдан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига (дунёдаги биринчилардан бири) эга бўлиш, фабрика корхоналаридан космик парвозгача бўлган йўлни босиб ўтди. У жамият қолипларига қаршилик кўрсатишдан ва масъулиятни ўз зиммасига олишдан қўрқмади" - Манижадан иқтибос келтиради ТAСС.

"Мен учун "Евровидение"да иштирок этиш - олам билан мен учун ўта муҳим бўлган нарсалар ҳақида суҳбатлашишга буюк имкониятдир. Мен тожикман, лекин Россия мени қабул қилди ва ўстирди. Дунё мамлакатимизни мен билган ҳолда кўришини истардим: сахий, очиқ, ёрқин, ҳеч нарсага ўхшамас", деди Манижа.

Тожикистонлик хонанда

Манижа Сангин 1991 йилда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида туғилган. 1990-йилларнинг ўрталарида у оиласи билан ватанидаги фуқаролик урушидан қочиб, Москвага келди.

"Бу жуда катта руҳий зўриқиш эди. Мен ҳеч қайерга боришни хоҳламадим, қўрқардим. Эҳтимол, онгим ҳамма нарсани ўчирди. Гўё кўзингни юмиб очдинг - Москвадасан. Тўрт киши: дадам, онам, мен ва укам яшаётган бир хонали суварак босган ижара уй. Кейин онам отамдан ажрашди ва биз билан бирга яшаш учун акасининг уч фарзандини олиб келди", - хотирлайди "Медуза" билан ўтган йилги интервюсида.

"Оиламизда кучли аёллар кўп"

Манижа зиёли ва ижодкор оилада туғилган. Унинг бобоси таниқли тожик ёзувчиси ва журналисти. Онаси модалар дизайнери.

"Биз Тожикистонда яшаганимизда, онам ҳақиқий юлдуз эди. Уни "Дунё гўзали" танловига чақиришган, ажойиб овози бор эди, қўшиқ айтарди. Aммо у ишлашга мажбур эди, ҳеч қандай танловга бормади. 16 ёшидан бошлаб ажойиб мода либосларини тикарди. Вазирлар ва президентларнинг рафиқалари кийим тиктириш учун унга келишарди. У ишлаб жуда яхши пул топарди", - дейди хонанда.

"Бизда (оиламизда) жуда кучли аёллар бор, улар кўп иш қилишган ва қилишмоқда. Менинг катта бувим Марказий Осиёда биринчи бўлиб паранжисини ечиб, ишлашини эълон қилган аёллардан бири эди. Эҳтимол, бу авлоддан-авлодга қон билан ўтгандир"- деди у.

Манижанинг сўзларига кўра, болалигида мусиқага бўлган муҳаббатни унга ота-онаси сингдирган: "Улар ёшликларида ҳақиқий хипари ва мода намояндалари бўлиб, соч турмаги Жон Леннон ва Ёко Оно сингари ўралган, пластинкаларини йиғишган, Pink Floyd ва Queen бизда иконалар сингари эди".

Бироқ унинг мусиқага қизиқишини аввало бувиси сезган. Aйнан у Манижанинг болалигидан қўшиқ куйлашига сабабчи бўлган. "Мен беш ёшимдан қўшиқ айтганман, бувим Манижа хонанда бўлиши керак, дея такрорларди. Бувиси Тожикистонда уйини ижарага бериб, пулини конвертга солиб, Москвага юборарди. Конверт устига "Қизимнинг дарсларига" деб ёзилган бўларди. Онам мени чарчоқдан йиқилгудек бўлиб вокал дарсларига элтарди ва ўша пайтда битта дарс 50 доллар турарди"

Манижа "Евровидение" учун саралаш танловидаги ғалабасини ҳамиша унинг муваффақиятига ишонган бувисига бағишлади, деб ёзади ТAСС. Қўшиқчининг бувиси ўн йил муқаддам вафот этган.

"Исмим ўта мусулмонча саналган"

Манижа 15 ёшида мусиқа оламида кўзга ташланди. Кейин 2000-йилларнинг ўрталарида мусиқа продюсерлари Манижанинг исми ва ташқи кўриниши тарғибот қилинишига тўсқинлик қилиши мумкин, деб ўйлашди. Улар саҳна муайян стандартларни талаб қилади, дея онгига қуйдилар, деб эслади у.

"Улар мени қайта "ясай" бошладилар", деди у. Унинг сўзларига кўра, сочларини очроқ рангга бўяшди, у кийишни ёқтирган ғайриоддий кийимларини аёлларга хос кийимлари билан алмаштирдилар ва унга Ру.Кола тахаллусини ўйлаб топдилар. "Рус радиоси"да тўқима исм қўйишни маслаҳат беришди, чунки асл исмим "ўта мусулмонча" деб ҳисобланган, - деб тан олди Манижа.

Кўп ўтмай Манижа Ру.Кола лойиҳасидан чиқиб кетди ва мусиқа билан мустақил шуғуллана бошлади. 2010-йилларнинг бошларида Aссаи ҳип-ҳоп гуруҳи уни ўз концертларида иштирок этишга ва кейин қўшма альбом ёзиш учун Санкт-Петербургга таклиф қилди.

Манижа бир неча йил Лондонда яшади ва у ерда мусиқа билан шуғулланишга уринди - лекин охир-оқибат Москвага қайтди.

"На славянман, на тожик"

Ўз ижодида Манижа миллийликнинг ўзига хос йўналишига бир неча бор мурожаат қилган. Шу тариқа, 2019 йил охирида Манижа "Биркамславян" ("Недославянка") клипини тақдим этди.

Қўшиқда мигрантлар стереотиплари, 90-йиллардаги Болливуд киноси ва нуар фильмларидан илҳомланган. Видео сюжетига кўра, Манижа мигрантларни уларидан миллий хусусиятларини олиб қўядиган ёвуз кучдан қутқаради.

"Биркамславян" қўшиғимда "Одатга кўра, қанотларни яшираман, тўлиқ славянмасман, тўла тожикмасман "деган сатрлар бор. Мен билан мимикрия содир бўлганлигини аниқ тушунаман - мени яхши қабул қилишларини хоҳлаган едим. Демак мен рус тилида мукаммал гаплашишим керак эди, шунинг учун мен бу ерда туғилган тенгдошларимдан беш баробар кўпроқ ўқидим. Менга жамиятда меъёрий муносабат берадиган даражада пул топиш учун 50 баробар кўпроқ ишлашим кераклигини тушунардим. Бунга эришгунча ўзимни иложи борича "ювиб" ташладим. Бир вақтга келиб англадим: талаффузимда нўқсон қолмади, миллий кийим киймадим, мени тожик кўрсатаётган қошларимни тердим, чунки бу менга бўлган муносабатни дарҳол ўзгартириб юборарди. Ва кейин мен ўзимни шу қадар ўчирганимдан ачиндим"

"Энди менда тескари жараён бошланди. Мен концертларда қошимни бўяйман ва этник костюмларни кияман", деди у ўтган йил охирида "Коммерсант" га берган интервюсида.

Қочқинлар билан ишлаш

Манижанинг оиласи 1993 йилда Тожикистондан Москвага келган, бу ерда янги келганлар дуч келадиган муаммоларни ўз тажрибаларидан билишади. Манижанинг сўзларига кўра, дастлаб унинг оиласи Россияда на фуқаролиги ва на қочқинлик мақомига эга бўлган.

Унинг ўзи Россия фуқаролигини 14 ёшида олди. "Кейинчалик болалар боғчаси ва мактабни қандай қилиб фуқароликсиз мен тугаганимни билишга қизиқа бошладим. Маълум бўлишича, онам пул топиб, мени болалар боғчасига жойлаштириш учун ҳам, мактабга олишлари учун ҳам пора берган эканлар. Акс ҳолда, мени олишмасди.

Бўлажак хонанда болалар боқчаси ҳам, мактабда ҳам бошқа болалар томонидан доимий равишда камситилиш, миллатчиликка тўқнаш келди.

«Боқчада мени қораялоқ деб аташганида, уйга келиб бу сўзни такрорлардим. Ҳаёлимда бу яхши сўз эди, маъносини билмасдим»

Манижанинг сўзларига кўра, у 1990-йилларда дуч келган худди шу муаммоларга ҳозир ҳам муҳожирларнинг болалари тўқнаш келишда давом этишмоқда.

"Куни кеча жияним, катта опамнинг ўғли, мактабдан қайтиб келиб: "Ҳамма синфдошларим мени такси ҳайдовчиси дейишади, ҳаммаси қораялоқ дейишади", - деди. У учинчи синфда ўқийди, фақат беш баҳо олади. Москвада туғилган ва шу ерда яшайди, ақлли, меҳрибон бола. Мен у учун жуда хафа бўлдим. Шунча йиллар ўтди, аммо ҳеч нарса ўзгармади ", деди у 2020 йил декабрида.

Манижанинг оиласи кўп йиллардан буён қочқинлар муаммолари билан шуғулланиб келмоқда: "Бизда жуда катта миграция тажрибаси бор - Тожикистонда уруш бошланганда биз ҳам ички қочқинлар, ҳам муҳожирлар эдик. Бу йўл бизга уйларини йўқотган инсонларга қандай қийин эканлигини тушунишга имкон берди».

Манижа ижтимоий лойиҳаларда иштирок этди, ҳомийлар излади, брендлар билан ишлашга ҳаракат қилди. "Онам тез-тез тожик оилаларига ёрдам беради, унга ёрдам сўраб қўнғироқ қилишади. Биз БМТ Қочқинлар ишлари бўйича комиссиясининг Россиядаги ваколатхонаси билан боғланиб, вазият қандайлигини сўрадик. Улар жуда кўп қочқинларнинг хатто егани овқатлари ҳам йўқ деб жавоб беришди.

Улар бизга ҳақиқий манзарани тасвирлаб беришди, буни ҳаётий тажрибамиздан ҳам билардик. Шундан сўнг оғир аҳволга тушган оилаларга ёрдам бериш йўлларини қидириб, баъзи ташкилотлар ва одамларни бу ишни амалга оширишда бирлаштирдик ", деди хонанда пандемия пайтида қочқинлар дуч келган муаммолар ҳақида.

Бир йилча олдин, Манижага қочқинлар ва муҳожирларнинг фарзандлари учун очилган "Худди шундай болалар" интеграция маркази мурожаат қилди. Бу марказ мигрант болаларни мактабга жойлаштириш ва рус тилини ўрганишларида ёрдам беради. Ушбу марказ учун Манижа мигрант болаларнинг фотосуратлари билан "Бир ип" фотолойиҳасини тайёрлади.

Кўп ўтмай, БМТнинг Қочқинлар агентлиги хонандана таклиф билан чиқди. БМТ билан қочқинлар масаласида бир йил давомида иш олиб борганидан сўнг, Манижа ташкилотдан Россиянинг офиси учун кўнгилли элчиси бўлиш таклифини олди ва рози бўлди.

Манижа шунингдек, аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий зўравонликка қарши лойиҳаларда фаол иштирок этади ва жинсий озчиликни қўллаб-қувватлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek