Коронавирус: Қирғизистонда масжидлар очилди, вирусга чалинганлар яна кўпаймоқда Koronavirus

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Ўш
  • Ўқилиш вақти: 1 дақ

Қирғизистонда кенг тарқалаётган коронавирус хавфи сабаб, март ойи охирида карантин жорий қилиниб, барча жамоат жойлари, жумладан, масжидлар ҳам ёпилган эди.

Июн ойида карантин талаблари юмшатилиши ортидан, уч ойга яқин ёпиқ турган ибодат масканлари мусулмонларга қайта эшигини очди.

Ўш шаҳридаги "Сулаймон Тоғ" масжидида узоқ танаффусдан сўнг илк жума намози ўқилди.

Аксарият инсонлар масжидга юз ниқобида келган. Ниқоблари йўқларга эса дарвоза олдида бепул тарқатилди.

Ҳар бир намозхон тана ҳарорати текширилиб, қўлларига тозалаш суюқлиги сепилгандан сўнгина масжид ичкарисига киришга рухсат берилди.

"Сулаймон Тоғ" масжиди имоми Нурланбек Мадалиев ибодат маскани ҳар куни дезинфекцияланиб, одамларга тозалик қоидаларига амал қилиш тушунтирилаётганини айтади.

"Масжидни ҳар куни тозалаяпмиз. Сабаби масжидга ҳар қандай, кўп одам келади. Бизни масжид йўлни бўйида, бу ерга фақат маҳаллий жамоат эмас, кўпинча йўлдан ўтаётган йўловчилар киришади", дейди имом.

Унинг сўзларига кўра, масжид ичкарисида ҳам вирус тарқалиши таҳдидини камайтириш чоралари кўрилган. Ибодат пайтида намозхонлар бир ярим метр масофани сақламоқда. Улар шу тарзда Жума намозини адо этадилар.

Рўзимуҳаммад ака карантин пайтида намозларини уйда ўқиганини, масжидлар очилиши ва яна жамоат билан намоз ўқиш имкони пайдо бўлганидан хурсанд эканини айтади.

"Мусулмонлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад С,А,В умматлари жамоат бўлиб ўқиган. Вирус сабаб масжидлар ёпиқ, жамоат бўлиб ўқиёлмадик. Ноқулайлик бўлди. Яна жамоат билан намоз ўқиганимизга Аллоҳга шукр", дейди 63 ёшли отахон.

Сўнги кунларда республикада коронавирусга чалинганлар сони ортиб борар экан, ҳукумат қайта карантин жорий қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Одамлар, жамоат жойларида, бозор, кафе, ресторан, жамоат транспорти ва халққа хизмат кўрсатиш идораларида вирусдан сақланиш қоидаларига амал қилмаётгани айтилади.

Қирғизистонда 19 июн ҳолатигача 2789 инсон коронавирусни юқтиргани, 1961 киши соғайгани, Covid-19 32 инсон умрига зомин бўлгани расман хабар қилинди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek