Дунё, Ўзбекистон: Икки мусулмон давлати ўртасида янги уруш чиқадими?

Сурат манбаси, Reuters/EPA
Агар дунё Эронни жиловламаса, жаҳонда нефтнинг нархлари ошиб кетади.
Саудия валиаҳд шаҳзодаси худди шундай огоҳлантириш билан чиқди.
Муҳаммад бин Салмонга кўра, Эрон ҳаддидан ошаверса, бу янги урушни келтириб чиқаради ва дунё иқтисоди вайрон бўлади.
Ар-Риёд ўз нефть иншоотларига қилинган ракета ҳужумларида Теҳронни айблайди.
Шаҳзода ББС билан суҳбатда ўз мамлакати уруш истамаслигини, лекин Эрон ҳаддидан ошаверса, бошқа иложи қолмаслигини айтган.
Кейинги пайтларда Сунний Саудия ва Шиа Эрон ўртасидаги адоват кучаймоқда ва очиқ душманлик тусини олаётир.
Алоқадор мавзулар:
Шаҳзода бин Салмон 2018 йили Туркияда ўлдирилган саудиялик журналист Жамол Хашогжининг ўлдирилишида ўзини ҳам қисман масъул, деб билишини айтди.
Аммо уни ўлдиришни шахсан буюрмаганини урғулади.
Афғонлар сайловга ишонмайдими ё қўрқувдами?

Сурат манбаси, Reuters
Афғонистондаги президентлик сайловида 2001 йилдан бери энг кам одам қатнашгани фараз қилинмоқда.
Мустақил Сайлов Комиссиясига кўра, 9.6 миллион сайловчининг атиги 25% овоз бергани эҳтимоли катта.
Шанба, 28 сентябрдаги президентлик сайлов қаттиқ хавфсизлик чоралари қуршовида кечди.
2004 йилги илк Афғонистон президентлик сайловида сайловчиларнинг 70% қатнашган эди.
Ҳозирги аҳволнинг бир сабаби - сайловолди жараёнида жангарилар амалга оширган қақшатқич ҳужумлар.
Айни пайтда, жуда кўпчилик афғонлар сайловлар уларнинг ҳаётини яхши тарафга ўзгартиришига ишонмай қолишганини қайд этганлар.
Хонандани акаси нега ўлдирган?

Сурат манбаси, QANDEEL BALOCH/INSTAGRAM
Покистонлик хонанда ва ижтимоий тармоқлар юлдузи Қандил Балучни (асил исми - Фавзия Азим) 2016 йили ўлдиришда айбланган укаси қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Маҳкум ўз опасининг интернетга қўйган видео ва суратлари уни ҳамда оиласини шарманда қилганини айтган.
Васим Азим Мўлтондаги уйида опасини бўғиб ўлдиради ва кейин ўзини полицияга топширади.
Унинг ўлдирилиши дунёда шов-шув бўлганди.
Чекилмасин!

Сурат манбаси, Getty Images
Россиядаги ёнғинга қарши янги йўриқларга биноан, балконда сигарета чекиш тақиқланади.
Одамлар ўз уйи балконида ҳам тамаки тутатолмайди.
Янги қоидаларга мувофиқ, кўп қаватли уйларнинг балконида, меҳмонхона ва ётоқхоналарнинг одам яшовчи жойларида чекиш маън этилади.
Ҳатто гугурт ёқиш ҳам очиқ олов саналади.
Бунга буйсунмаган киши 3 минг рубль ёки 47 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












