Афғонистон, Қонга ботган тўйхона: Кобулдаги портлаш 60 дан зиёд одамнинг умрига зомин бўлди

Afghan health workers carry a wounded man into the hospital after the attack

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Шифокорлар жароҳатланганларни олиб келишмоқда

ИШИД Кобул тўйхонасидаги портлашга жавобгарликни ўз зиммасига олди. Меҳмонхоналардан бирида рўй берган портлашда 63 киши ҳалок бўлди. 180 дан зиёд одам жароҳат олди.

ИШИД чиқарган хабарда айтилишича, худкуш ҳужумчи ўзини шиалар тўпланган ерда портлатиб юборган. Баёнотда, шунингдек, ҳодиса жойига полиция етиб келганида миналаштирилган автомобил портлатилгани айтилган.

Экстремист гуруҳ ҳужумчининг исмини айтган ва суратини эълон қилган.

Гувоҳларнинг Би-би-сига айтишича, худкуш ҳужумчи тўй бўлаётган вақти портловчи ускунанини ҳаракатга келтирган. Портлаш маҳаллий вақт билан соат 22:40 ларда, Кобулнинг асосан шиалар яшайдиган ғарбий қисмида рўй берди.

Афғонистон ИИВ портлашдан бир неча соат ўтиб ўлганларнинг сонини тасдиқлади.

Ижтимоий тармоқлардаги суратларда тўйхонадаги ағдарилиб ётган стол ва стуллар бўйлаб сочилиб ётган жасадларни кўриш мумкин.

Афғон тўйларига юзлаб меҳмон келади. Тўйлар эркаклар алоҳида аёллар ва болалар алоҳида ўтирадиган катта залларда бўлади.

Меҳмонлардан бири Муҳаммад Фарҳог эркаклар томонида қаттиқ портлашни эшитганида у тўйхонанининг аёллар учун ажратилган қисмида турганини айтди.

"Ҳамма бақириб ва йиғлаб кўчага чопиб чиқди. 20 дақиқа давомида тўйхона тутун билан тўла бўлди. Эркаклар ўтирган ердаги деярли ҳамма ё ўлган ё жароҳатланганди. Портлашдан икки соат ўтгандан кейин ҳам залдан жасадларни олиб чиқиш давом этмоқда", деган у Франс пресс агентлигига.

Зал, где прогремел взрыв

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Худкуш ҳужумчи ўзини тўйхонанинг эркаклар учун ажратилгани қисмида портлатган

Толибон ҳаракати портлашга алоқаси йўқлигини айтмоқда. Гуруҳ ҳужумни кескин қоралашини билдирди.

Сунний жангарилардан ташкил топган толиблар ва ИШИД ўтмишда бир неча маротаба Афғонистон ва Покистонда камчиликни ташкил қилувчи шиа-ҳазораларга ҳужум қилган.

Тўйхонадаги худкушлик ҳужуми Кобулдаги полиция участкаси ёнида кучли портловчи мослама портлаганидан 10 ўтиб амалга оширилган.

Ўшанда 14 киши ўлган ва 150 нафар одам жароҳат олганди.

Афғонистон ИИВ маълумотларига кўра, портловчи модда билан тўлдирилган автомобил портлатилган. Портлашни Толибон уюштирганини тан олган.

A woman cries outside a hospital after the blast

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Қариндошлар Кобулдаги шифохона ёнида тўпланишди

16 август куни Покистонда Толибон раҳбарининг акаси Ҳофиз Аҳмад ўлдирилди.

Хабарда айтилишича, у Кветта шаҳридан узоқ бўлмаган масжидга ўрнатилган бомба портлаши натижасида ҳалок бўлган. Ушбу ҳужумга жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмаган.

Афғонистон разведкасидаги манбанинг Би-би-сига айтишича, Толибон раҳбари Хайбатулла Охундзода ушбу масжидга келиши керак бўлган. Ҳужум нишони у бўлган.

Афғонистонда минглаб аскари бўлган АҚШ ва Толибон деярли тинч келишувга эришган бўлса-да мамлакатда вазият таранглигича қолмоқда.

Толибон вакиллари ва расмий Вашингтон Қатарда музокаралар олиб бормоқда. Икки томон ҳам музокараларда олдинга силжиш борлигини таъкидлаган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп жума куни Твиттерда "агар бунинг имкони бўлса, икки томон ҳам келишувга эришига ҳаракат" қилаётганини ёзди.

Келишувга кўра, Толиблар Афғонистонни Америка нишонларига ҳужум қилиш мақсадида ишлатмаслик кафолатини берса, Америка ҳарбийларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетади.

8-11 август кунлари Толибоннинг Доҳада жойлашган сиёсий қаноти раҳбарияти Ўзбекистонга расмий ташриф билан келганди.

Толибон раҳбари ўринбосари Мулла Абдулғани Бародарни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қабул қилган.

Кейинчалик ҳайъатнинг Самарқандда жума намозини ўқигани, Тошкентда эса ҳайит намозини ўқигани хабар берилди.

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Мулла Абдулғани Бародарга зарбоф тўн кийдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek