Туркманистонда Озодлик мухбири тақдиридан хавотирлар

Озодлик радиоси ўзининг Туркманистондаги мухбири Худойберди Аллашов тақдиридан хавотирларини изҳор қилмоқда.

Ўзбекистонда туғилган, аммо Туркманистонда яшаб келган Аллашов Тошҳовуз вилояти, Кўҳна Урганч туманида ҳибсга олинган.

Хабарларга кўра, уни носвой сақлагани баҳонасида қўлга олишган.

Журналистнинг яқинлари уни электр токи билан қийноққа солинганини даъво қилишмоқда.

Озодлик радиосига кўра, 3 декабрда полиция 27 ёшли Худойберди Аллашовнинг уйига бостириб кирган, унга қўшиб онаси ва турмуш ўртоғини ҳам олиб кетган. Кейинроқ унинг турмуш ўртоғи озод этилган, аммо онаси билан Худойберди ҳамон ушлаб турилмоқда.

Асли ўзбекистонлик бўлган Аллашов ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида оиласи билан Туркманистонга кўчиб келган.

Унинг Озодлик билан ҳамкорлик қилаётганига икки ойча бўлган.

Журналист Мекан Ташлиев тахаллуси остида Озодликнинг Туркман хизмати учун "Тошҳовуз вилоятидаги ижтимоий ва иқтисодий муаммолар, мажбурий меҳнат, иш ҳақларининг кечиктирилаётгани, озиқ-овқат тақчиллиги ҳақидаги репортажларни юборган".

Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Томас Кент Аллашовнинг ҳибсга олиниши кескин қоралаб баёнот берган.

"Мазкур айбловлар Туркман хизматини жим бўлишга мажбур қилиш ва туркман халқини қўрқитишга қаратилган кампаниянинг бир қисми, деб ҳисоблаймиз. Кейинги 1,5 йил давомида Туркманистондаги мухбирларимизни ҳибсга олишди, ташқи дунёдан изоляция қилишди, калтаклашди, сўроққа тутишди, ҳеч бир асоссиз, ўзбошимчалик билан қамоққа ташлашди ва ҳатто, биздаги маълумотларга кўра, қийноққа солишди, дейишга асосимиз бор. Бунинг учун Туркманистон расмийлари масъул деб ҳисоблаймиз", деб айтган Озод Европа/Озодлик Радиоси президенти Томас Кент.

Туркманистон ҳукумати мустақил ва ё танқидий фикрдаги журналистларга мутлақо тоқат қилмаслиги билан машҳур.

Ўтган бир неча йиллар ичида Туркманистонда Озодлик радиосининг бир неча журналистлари калтакланган ва қамоққа ташланган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.