Толибон зудлик билан Навоий ёдгорлигини қайта тиклашни бошлади - Видео

Сурат манбаси, Bakhtar agentligi
Толибон Алишер Навоий ёдгорлигини бузганидан бир кун ўтиб, яна ўша жойда янги ёдгорлик мажмуасини қура бошлади. Навоий ёдгорлигининг бузилиши танқидларга ва Ўзбекистон томонининг Толибон билан тезкор боғланишига сабаб бўлганди.
Бир кун олдин Ўзбекистон ТИВ Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги учун олиб ташланганини хабар қилганди.
21 август куни Навоий ёдгорлигини тиклаш маросимида Ўзбекистон расмийлари ҳам иштирок этди.

Сурат манбаси, Bakhtar agentligi
Ўзбекистон ТИВ берган хабарда айтилишича, тадбирда Мозори Шариф шаҳри ҳокими, мутасадди раҳбарлар, Афғонистон шимолидаги ТИВ ваколатхонасининг раҳбари ҳамда ушбу шаҳардаги Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари иштирок этишган.
Расмийлар зарҳал қоғозларга ўралган илк ғиштларни терган.
Тақдим қилинган расмий тасвирлардан ёдгорликда Алишер Навоийнинг сиймоси акс этмаслигини кўриш мумкин.
Мозори Шариф ҳокимлиги матбуот котиби Мустафо Муҳаммадийнинг матбуотга айтишича, шаҳар қиёфасини ободонлаштириш ва ижобий ўзгартириш мақсадида ёдгорлик қайта тикланиб, янги дизайн билан безатилади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Алишер Навоий ҳақида маълумот битилган девор қулатилгани ҳақида хабар 20 августда пайдо бўлди.
Навоий барельефи икки йил олдин қўпорилган, бироқ ҳайкал икки тарафида буюк Ўзбек шоири ва давлат арбоби ҳақида маълумот ёзилган девор турган эди.
Маълумот девори ҳам қулатилишига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўша куниёқ муносабат билдирди.
20 август: Навоий ёдгорлиги бузилиши ҳақида Толибон Ўзбекистонга тушунтириш берди

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Толибон раҳбариятига кўра, Мозори Шариф шаҳридаги ёдгорлик бузилиши Афғонистон Маданият ва Ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмаган, аммо Навоий номи мамлакатда абадийлаштирилади.
Оммавий ахборот воситалари ва Интернет ижтимоий тармоқларида Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳри марказидаги Навоий ёдгорлиги буткул бузиб ташлангани хабарлари ва фото суратлари тарқалганидан кейин Ўзбекистон расмийлари Афғонистон расмийлари билан боғланганлар.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурханов хабар берди.
"Мозори Шариф шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг бузиб ташлангани ҳақида маълум бўлиши билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳлар олиш мақсадида Афғонистон ҳукумати вакиллари билан билан тезкор равишда боғланди", дейилади хабарда.
"Олинган маълумотларга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташланган".
Шу билан бирга, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирди, дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.
Ўзбек расмийларига кўра, Толибон раҳбарияти Ҳазрат Навоий номини абадийлаштириш ва янги ёдгорлик барпо этишга ваъда берган.
"Афғонистон ҳукумати вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўътабар бўлган Алишер Навоий хотирасини муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берди. Жумладан, ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодий меросига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш ҳамда амалдаги қарорларга мувофиқ янги ёдгорлик барпо этиш ҳамда у жойлашган майдонга буюк шоир Алишер Навоий номи қўйилиши режалаштирилганини маълум қилди.
Афғонистон томони бутун минтақа учун бирдек қадрли бўлган буюк мутафаккир хотирасини асраб-авайлаш борасидаги қатъий содиқлигини билдирган ҳолда, унинг номини муносиб эъзозлаш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади", дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
20 август. Афғонистон: Навоий ҳайкали ортидан у ҳақдаги маълумот девори ҳам қулатилди

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Матбуот ва Интернет ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги Алишер Навоий ҳақида маълумот битилган девор қулатилган. Навоий барелеьефи икки йил олдин қўпорилган, бироқ ҳайкал икки тарафида буюк Ўзбек шоири ва давлат арбоби ҳақида маълумот ёзилган девор турган эди. Толибон Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганининг тўрт йиллиги санасини байрам қилган куни маълумот девори ҳам бузиб ташланди.
Би-би-сига девор Мозори Шариф шаҳрининг маъмурияти буйруғи билан бузиб ташланганини тасдиқладилар.
2023 йилнинг февралида атоқли Ўзбек шоири ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг Мозори Шариф шаҳридаги ҳайкали бузиб ташланган эди.
Ушбу ҳодисага Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хавотирли муносабат билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Аҳрор Бурхонов, "Афғонистонда буюк шоир Алишер Навоийнинг барельефи ва граффитиларига зарар етказилгани ҳақидаги хабардан афсусда",
Бурхоновнинг айтишича, Ўзбекистон дипломатлари Афғонистон томони билан боғланганлар.

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
"Толибон вакиллари "бу вандализм ҳаракати қардош Ўзбекистон билан кўп асрлик дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган муваққат ҳукумат сиёсатини ҳеч қандай тарзда акс эттирмайди", деб ишонтирди. Афғонистон муваққат ҳукумати ёдгорликни тиклаш ва умумий меросга ҳурматни таъминлаш чораларини кўришига ишонтирди", дейилган эди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирги 2024 йилнинг июлида тарқатган баёнотда.

Сурат манбаси, .

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Ўшанда Афғонистон бўйлаб Навоий ҳайкаллари ва суратлари йўқ қилинишини қатор афғонистонлик ва ўзбекистонлик зиёлилар бевосита диний эмас, балки жорий Толибон раҳбариятининг мамлакатдаги миллий озчиликларга қарши қаратилган амал сифатида ҳам талқин қилишган.
Хусусан, бу билан Ўзбек маданиятига зарба берилаяпти, маъносидаги хавотирлар ҳам изҳор қилинган.
Айримлар эса айни ҳатти-ҳаракатларни Толибон Ислом динини қандай талқин қилиши ва ё ҳаётга тадбиқ этишига боғлаб тушунтиришга интилади.
Толибон ҳаракатининг ўзагини ташкил этадиган Паштун миллатига мансуб шахсларнинг акслари ҳам ўчирилиши шундай фикрларга етаклайди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Толибон бошқаруви танқиди
Халқаро ташкилотлар Толибонни кўплаб инсон ҳуқуқларини поймол этишда айблаб келади.
Шулардан энг асосийси, аёлларнинг таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқларининг чекланишидир.
Айни пайтда Толибон бошқаруви танқид этилаётган ҳисоботлар эълон этилаяпти, энг охиргиларидан бири Толибон бошқарувининг 90 фоизи бир этник гуруҳга мансуб экани ҳақидаги Яқин Шарқ институтининг ҳисоботдир.
Толибондан инклюзив ҳукумат барпо этиш, бу ҳукуматга Афғонистонда истиқомат қиладиган барча миллатлар вакиллари ҳамда хотин-қизларни ҳам киритиш талаб қилиб келинади.
Аммо ҳозирча Толибон раҳбарияти асосан Паштунлардан иборат бўлиб қолаяпти.

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Толибон илк ҳукмронлиги 2001 йилда тугагач, Афғонистонда Ғарб қўлловидаги ҳукумат қудратга келаркан, бу даврда Афғонистон Ўзбеклари ўз маданий ва тарихий меросларини ўрганиш ва тиклашга интилдилар.
Хусусан, Алишер Навоийнинг Мозори Шариф шаҳри марказида ҳайкали очилди, Ҳиротдаги қаровсиз мақбараси тикланди, унинг асарлари ўрганила бошланди.
Афғонистонда қатор атоқли Ўзбек тарихий алломалари туғилган, яшаган ва ёки дафн этилганлар.
Бобур, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Беруний, Машраб каби атоқли шахларни тилга олиш мумкин.
Ўтган ҳукуматлар даврида Афғонистонда миллатлар ўртасида дўстлик ва тотувликни кучайтиришга ҳаракатлар бўлди, уларнинг маданияти ва тилларига эътибор қаратилди.
Афғонистон Ўзбеклари ҳам бундай имкониятдан фойдаланиб, ўз тарих ва қадриятларини ўрганишга интилдилар.
Афғонистонда айнан неча миллион Ўзбек яшаши борасида сўнгги холис маълумотларни топиш қийин, бироқ бу мамлакатда Ўзбекистондан кейин энг кўп Ўзбеклар яшаши аниқ.
Ўзбеклар Шимолий Афғонистоннинг саккиз вилоятида зич яшайдилар.
Бироқ бундан тўрт йил олдин Толибон иккинчи бора Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олди ва шундан бери ўз қарашидаги Исломга хос бўлмаган кўринишларга барҳам беришга қаттиқ ҳаракат қилади.
Хусусан, суратлар ва ҳайкаллар ҳам уларнинг эътиборидан четда қолмаган.
Бироқ қатор Ўзбеклар буни ўз маданият ва қадриятларига зарар берадиган амал сифатида ҳам кўрадилар.
Айни айтда, қатор санъат турлари ҳам тақиқланган бўлиб, Афғон Ўзбекларига хос миллий мусиқа ва фолклор санъати келажаги қандай кечиши ҳам мавҳум.












