Ўзбекистон тоғларида қадимий Ипак йўли шаҳарлари топилди

Сурат манбаси, Reuters
Археологлар Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти тоғларида машҳур Ипак йўли савдо йўли бўйида гуллаб-яшнаган икки йўқолган шаҳар - Туғунбулоқ ва Тошбулоқни топишди.
Лазер технологияси ёрдамида топилган шаҳарларнинг йириги металл саноати маркази бўлган бўлса, иккинчиси минтақадаги дастлабки Ислом маданияти таъсирини акс эттиради.
Алоқадор мавзулар:
Reuters агентлигининг ёзишича, эрамизнинг 6-11 асрларида равнақ топган бу шаҳарлар денгиз сатҳидан 2000-2200 метр баландликда ва бир-биридан 5 чақиримлик масофада жойлашган.
Бу Оврўпони Яқин шарқ ва Шарқий Осиё билан боғловчи Ипак йўли бўйидаги баланд тоғларда жойлашган энг йирик шаҳарлар сифатида талқин қилинмоқда.

Олимлар баланд тоғли минтақларда катта шаҳарлар кам учрашиши ва бу жиҳат уни Перудаги инкларнинг Мачу-Пикчу қалъаси каби яна-да ноёб қилишини айтишмоқда.
"Бу шаҳарлар мутлақо номаълум эди. Ҳозир биз тарихий манбаларни ўрганиб, хулосаларимизга мос келадиган бошқа кашф қилинмаган жойларни изламоқдамиз", дейди Nature журналида чоп қилинган тадқиқот бош муаллифи, Сент-Луисдаги Вашингтон университети археологи Майкл Фрачетти.
Топилган икки шаҳардан каттасининг номи Туғунбулоқ ва тахминан 120 гектар майдонни эгаллаган. Тадқиқотчиларнинг айтишича, шаҳарда 10 минглаб аҳоли яшаган.

Сурат манбаси, Reuters
У Марказий Осиёдаги ўз замонининг энг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, 110 чақирим узоқликдаги Самарқанд каби машҳур савдо маркази билан рақобатлашган. Бу шаҳар тахминан мелодий 550-1000 йиллар оралиғида мавжуд бўлган.
"Туғунбулоқ Марказий Осиёнинг баландликда жойлашган бошқа қалъалари ёки аҳоли масканларига қараганда ўта йирик ва сирли", дейди Фрачетти.
Иккинчи шаҳар, Тошбулоқ, қўшни шаҳардан 10 баробар кичик бўлган ва у ерда минглаб аҳоли яшаган. Тадқиқотчиларга кўра, у тахминан мелодий 730-750 йиллардан 1030-1050 йиллар оралиғида мавжуд бўлган.
Илк ўрта асрларда ҳозирги Ўзбекистоннинг жануби-шарқий қисмида барпо этилган бу шаҳарлар кейинчалик ташлаб кетилган ва унутилган. Археологлар уларнинг илк белгиларини чуқур жарлар ва тик тоғ тизмаларини тадқиқ қилиш вақтида топишган.
Tugunbuloq Markaziy Osiyoning balandlikda joylashgan boshqa qal’alari yoki aholi maskanlariga qaraganda o‘ta yirik va sirli.
Олимлар дронлар ёрдамида “лидар” масофавий сканерлаш услубини қўллаб, шаҳарларнинг миқёси ва жойлашувини харитага туширишди.
"Лидар — бу топографияни ўлчаш учун ландшафтни лазерлар билан қоплаб олади. Бу жуда юқори даражада аниқликда ўлчаш технологиясидир", дейди Фрачетти.

Сурат манбаси, unesco-iicas.org
Туғунбулақнинг қалин лой деворлари билан ўраб олинган мустаҳкам биносини дастлабки қазиш ишлари давомида печ ва ўчоқ қолдиқлари топилди.
Бу – темир усталари металлга бой маҳаллий конлардаги темир рудасини пўлатга айлантирган завод бўлиши мумкинлигидан дарак беради.
Тадқиқотчилар пўлат ишлаб чиқарилганини тасдиқлаш учун бу жойдан топилган темир ва пўлат ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган бўлакларни кимёвий таҳлил қилишмоқда.
9 ва 10 асрларда бу минтақа пўлат ишлаб чиқариш билан машҳур бўлган.

Сурат манбаси, unesco-iicas.org
Фрачеттининг айтишича, чорва моллари савдоси ва жунчилик каби
металл саноати Туғунбулоқ иқтисодиётининг марказий хусусияти бўлган.
"Туғунбулоқ Ипак йўлининг илк ўрта асрлардаги сиёсий иқтисодиётига оид тарихий тушунчани мураккаблаштиради. Шу билан ҳам сиёсий қудрат, ҳам саноат ишлаб чиқаришини Самарқанд каби минтақанинг асосий 'нон шаҳри'дан анча узоқлаштирган," дейди Фрачетти.
Тошбулоқ саноат миқёсида Туғунбулоқ билан тенглаша олмаган бўлса-да, у қизиқарли маданий хусусияти билан ажралиб турган. Шаҳардаги катта қабристон Исломнинг минтақага илк тарқалишини акс эттиради.

Сурат манбаси, Reuters
Эркак, аёл ва болалар ётган 400 та қабр — минтақа бўйлаб ҳужжатлаштирилган энг қадимий мусулмон дафнларидан биридир.
"Қабристон шаҳарнинг кичик ҳажмига мос келмайди. Тошбулоқ атрофида бирон мафкуравий нуқта бўлганки, у ерда одамлар дафн қилинган," дейди Фрачетти.
Туғунбулоқ ва Тошбулоқ баландликда жойлашганлиги туфайли ҳам ўзига хос ҳисобланади. Улар Перуда баланд тоғ тизмасида инклар асос солган Мачу Пикчу шаҳри билан таққосланмоқда.
"Ушбу тадқиқотнинг асосий топилмаси шундаки, юқори баландликдаги йирик, мустаҳкам ва режалаштирилган шаҳарларнинг мавжудлиги ҳозир ҳам ноёб, аммо қадимги даврларда янада ғайриоддий бўлган", дейди Фрачетти.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












