Туркия: сабрсиз авиа йўловчилар $70 лик жаримага тортилади

"Туркия ҳаво йўллари" авиа компаниясининг осмонга кўтарилаётган самолёти

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Самолёт қўнганидан кейин хавфсизлик камари чироқлари ўчмай туриб ўрнидан турган йўловчилар жаримага тортиладилар, деган қарор қабул қилди мамлакат регулятори.

Туркия фуқаролик авиацияси расмийларига кўра, бундай қарорга келинишига йўловчилардан тушган кўпдан-кўп шикоятлар сабаб бўлган.

Ушбу тартиб 2025 йил май ойи бошидан кучга кирган.

Расмийларнинг бу борадаги йўриқномаларида жарима миқдори тилга олинмаган бўлса-да, Туркия матбуоти бу 70 АҚШ доллари атрофида экани ҳақида хабар тарқатдилар.

Расмийларга кўра, учоқ ерга қўнган, лекин ҳали юришдан тўхтамаганига қарамасдан, ўрнидан туриб йўловчилар боши устидаги бўлмалардан ўз юкларини тортишни бошлаган пассажирлар ҳақида шикоятлар сони "жиддий кўпайган".

Алоқадор мавзулар
Иқтибос

Сурат манбаси, .

Туркия ҳар йили ўн миллионлаб туристларни қабул қиладиган, ўзбекистонликлар ҳам кўп парвоз қиладиган Россия, Бирлашган Араб амирликлари қаторидаги мамлакат ҳисобланади.

Туркия расмийларига кўра, бундан кейин Туркияга учаётган тижорат авиа компаниялари жарима ҳақидаги эълонни самолёт парвози чоғи йўловчиларга етказмоғи, ким бу қоидага амал қилмаса, бу ҳақда хабар беришлари талаб этилади.

Йўловчиларнинг хавфсизлик белбоғлари тақилган ҳолда сақланиб туриши, хавфсизлик камари чироғи ўчмагунча ўрниларидан турмасликлари ва тепадан багажларини олишни бошламасликлари лозим.

Euronews хабар беришича, Туркиянинг миллий авиа ширкати - "Туркия Ҳаво йўллари" ўзининг қўнишдаги эълонларини янги тартибга мос ўзгартирган.

Euronews телевизион тармоғига кўра, "Туркия Ҳаво йўллари"нинг қўнаётган самолётида шундай эълон йўловчиларга ўқиб эшиттирилади:

"Ушбу қоидага бўйсунмаган йўловчилар ҳақида Фуқаролик авиацияси Бош директорлигига Жамоат тартибини бузган йўловчилар ҳисоботи орқали хабар берилади ва мос қонуний тартиблар бўйича жарима солинади".

Би-би-си янги эълони бўйича изоҳ сўраб "Туркия Ҳаво йўллари"га мурожаат қилди.

Ҳали тўлиқ тўхтамаган учоқдан тезроқ чиқиб кетишга уринадиган йўловчилар бошқа мамлакатлар ва ҳаво ширкатлари билан ҳам рўй беради, бу кўпчиликнинг жиғига тегади ва ҳақли норозилигигаа сабаб бўлади.

"Ҳали тўхтамаган самолётдан чиқиб кетишга ҳаракат қиладиган йўловчиларни ҳеч тушунмайман: нега шундай қиладилар?", дея шарҳ қолдирди Би-би-сининг инглиз тилидаги ўқувчиларидан бири.

Cабрсиз йўловчиларга сизнинг муносабатингиз қандай?