Сурия: Аҳмад аш-Шараа тинч аҳоли ўлимида айбдорларни жазоламоқчи

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Суриянинг вақтинчалик президенти Аҳмад аш-Шараа Алавий диний озчилигидан бўлган юзлаб тинч аҳолини ўлдирилгани зўравонликлари юзасидан мустақил тергов қўмитаси ташкил этиш ҳақида фармон чиқарди.

Муваққат президент фармони матни Суриянинг Sana ахборот агентлиги томонидан эълон қилинди.

Аҳмад аш-Шараа Суриянинг ҳозирги ҳукумати хавфсизлик кучлари билан Башар ал-Асадга содиқ кучлар ўртасидаги бир неча кунлик тўқнашувлар ортидан тинч аҳолига шикаст етказишда иштирок этган ҳар қандай шахсни жавобгарликка тортишга ваъда берди.

Сурия телевидениесида эфирга узатилган ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган нутқида аш-Шараа, Асадга содиқ шахсларни ҳам қидириб топишга ваъда берди.

Буюк Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази (SOHR) маълумотларига кўра, 6 март куни бошланиб кетган жангларда Сурия хавфсизлик кучларининг 231 нафар ва собиқ президент Асадга содиқ ҳарбийлардан 250 нафари ҳалок бўлган.

SOHR жума ва шанба кунлари ғарбий соҳилда Алавийларга қарши содир этилган "қирғинлар" ҳақида хабар берди, 830 тинч аҳоли ўлдирилганини маълум қилди.

SOHRга кўра жами қурбонлар сони 1311 ни ташкил этган.

Би-би-си қурбонлар сонини мустақил равишда тасдиқлай олмади, ушбу зўравонликлар Асад режими қулаганидан кейинги Суриядаги энг ҳалокатли зўравонлик бўлган.

"Бугун, биз бу муҳим пайтда турганимизда, ўзимизни янги хавф - собиқ режимнинг қолдиқлари ва уларнинг хорижий ҳомийлари томонидан янги низоларни қўзғатиш ва мамлакатимизни фуқаролар урушига тортиб киришга уринишларига дуч келаяпмиз, бунинг мақсади мамлакатимизни бўлиб ташлаш ва унинг бирлиги ва барқарорлигини йўқ қилиш", - деди муваққат президент Аш-Шараа телевизион мурожаатида.

"Биз тинч аҳолини қонга ботирган ёки халқимизга зарар етказишда, давлатнинг ваколатларини ошириб юборган ёки ўз мақсадларига эришиш учун ҳокимиятдан фойдаланган ҳар қандай шахсни қатъий ва шавфатсизлик билан жавобгарликка тортишимизни тасдиқлаймиз", - деди аш-Шараа.

"Ҳеч ким қонундан юқори бўлмайди ва қўли сурияликлар қонига бўялган ҳар ким бугун ёки эрта адолат олдида жавоб беради", деди Сурия муваққат президенти.

У миллий бирдамликка чақирди, лекин ўз тарафдорлари томонидан Латакия ва Тартус соҳил вилоятларида қирғинлар содир этилаётгани ҳақидаги айбловларга тўғридан-тўғри изоҳ бермади.

"Аллоҳ хоҳласа, биз бу мамлакатда бирга яшаймиз", - деди у Дамашқ масжидидан алоҳида мурожаатда.

Reuters ахборот агентлиги Суриядаги хавфсизлик манбасига таяниб якшанба куни Латакия, Жабла ва Банияс шаҳарлари атрофида жанглар сусайганини маълум қилди.

Сўнгги зўравонлик 6 март куни ҳукумат кучларига қарши содир этилган ҳужумдан кейин бошланган.

Ушбу ҳужумни Сурия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби "хавфсизлик ходимларига қарши "хиёнаткор ҳужумлар" деб таърифлади.

Шундан кейин собиқ президент Асадга содиқлар ва ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашувлар тўлқини бошланган.

Жанглар давомида Ўрта Ер денгизи соҳили бўйлаб яшайдиган юзлаб тинч аҳоли вакиллари уйларини ташлаб қочганлар.

Латакия ва Тартус вилоятлари Суриянинг қудратдан ағдарилган президенти Башар ал-Асаднинг собиқ ватани ҳисобланади, Асад ҳам Алавийлар озчилигига мансубдир.

Алавийлар Шиа мусулмонлари ҳисобланадилар, улар Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этади.

Аҳолининг қолган 90 фоизи Сунний мусулмонлардир.

Латакиядаги бир фаол, жума куни Би-би-сига берган интервюсида, ушбу зўравонликлар Алавийлар жамоасини "даҳшат"га солганини айтди.

Reuters хабарига кўра, кўп сондаги одамлар Латакиядаги Ҳмеймим Россия ҳарбий базаси ичидан паноҳ топдилар.

Reuters тарқатган видеода ҳарбий база ташқарисида "халқ Россия ҳимоясини хоҳлайди" деб бақираётган ўнлаб одамлар кўринади.

Шунингдек, маҳаллий матбуот хабарларига кўра, ўнлаб оилалар қўшни Ливанга ҳам қочиб кетган.

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен Суриянинг соҳил ҳудудларида "тинч аҳоли қурбонлари ҳақидаги хавотирли хабарлар"дан "жуда ташвиш"га тушганини айтди.

У барча томонларни мамлакатни "беқарорлаштириши" ва "ишончли ва инклюзив сиёсий ўтиш"ни хавф остига қўйиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

Шундай, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича раҳбари Волкер Турк бу хабарларни "жуда хавотирли" деб атади ва барча қонунбузарликларни "тезкор, очиқ ва холис текшириш"га чақирди.

Эроннинг Ливандаги элчиси Мужтабо Аманий Латакия ва Тартусдаги Алавийларнинг ўлдирилишини "тизимли" ва "ҳаддан зиёд хатарли" деб атади ва Суриянинг муваққат ҳукуматини инқирозни назорат қила олмаганида айблади.

"Асад ҳукумати қулаганидан кейин Сурия қийин ўтиш даврини бошидан кечириши кутилаётган эди", - деди Аманий. "Бироқ ҳозир рўй бераётган зўравонлик миқёси мисли кўрилмаган ва жуда ташвишланарли".

Эрон ўтган йил декабрида ҳокимиятдан ағдарилган Суриядаги Башар ал-Асад режимининг иттифоқчиси эди.

Асад оиласи ўнлаб йиллар давомида Сурияни зулм ва шафқатсизлик билан бошқарди, деярли 14 йиллик фуқаролар урушидан кейин ҳокимиятдан четлатилди.