You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
"Истовчилар коалицияси": Иттифоқчилар Украинага тинчликпарвар эмас, балки "ишонч кучлари"ни юбормоқчи (видео)
Британия пайшанба куни "истовчилар коалицияси"нинг юқори лавозимли ҳарбий раҳбарлари иштирокидаги ёпиқ йиғинга мезбонлик қилган. Улар Украинага тинчликпарвар кучлар юбориш режасини ишлаб чиқишмоқда.
20 дан ортиқ давлат ушбу жараёнга жалб этилгани тахмин қилинади.
Бош вазир Кейр Стармер бу йиғинга етиб келишдан олдин Британиянинг янги авлод ядровий қуролланган сув ости кемаларидан бирига тамал тоши қўйиш маросимида қатнашган.
Лондон шимолий-ғарбида жойлашган Нортвудда ўтган ёпиқ учрашувда Украинага юборилажак тинчликпарвар кучларни шакллантириш режаси ҳамда ушбу ғоя амалда қандай ишлаши мумкинлиги масаласи муҳокама қилингани айтилмоқда.
Британия матбуоти йиғинга Австралия, Албания, Бельгия, Испания, Канада, Латвия, Литва каби 26 давлатга тегишли ҳарбий униформа кийган шахслар қатнашганини хабар қилган.
Бироқ бу йиғилишда қатнашган ҳамма давлат ҳам Украинага ўз кучларини юборишга розилик берганини англатмайди – уларнинг айримлари аллақачон бу ишга қўл урмаслигини маълум қилган.
Шунга қарамай, BBC'нинг мавзудан хабардор мухбирлари Лондондаги учрашув билан Ғарбнинг Украинага тинчликпарвар кучлар юбориш режаси амалий босқичга кўтарилганини билдирмоқда.
"Ишонч кучлари"
"Истовчилар коалицияси" дея аталаётган Украинага ўз қуролли бўлинмаларини юбориши кутилаётган давлатлар гуруҳига Британия ва Франция бошчилик қилмоқда.
Бироқ коалиция аъзолари ўз контингентини "тинчликпарвар" эмас, балки "ишонч кучлари" деб аташни маъқул кўрмоқда.
Ғарб давлатларининг мазкур бирлашган қўшинлари расмий равишда "Украинадаги кўп миллатли кучлар" (Multinational Force Ukraine) деб номланади.
MFU Украина учун ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилишини кафолатлаб, узоқ муддатга унинг хавфсизлигига ишонч бағишлаши лозим, деган қараш ўртага ташланган.
"Истовчилар коалицияси" асосий эътиборни Украинани ҳаво ҳимояси билан ва унинг Қора денгиздаги хавфсиз иштирокини таъминлашга қаратмоқчи.
Бундан ташқари, йирик шаҳарлар, портлар ва энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилиш мақсадида тахминан 20 минг кишилик қуруқликдаги контингентни жойлаштириш ҳам режаланмоқда.
Шу билан бирга, Москвага Ғарб қўшинлари тажовузкор таҳдид туғдирмаслигини намойиш этиш мақсадида MFU'ни Украина шарқи – Россия билан чегарадош ҳудудларга жойлаштирмаслик масаласи ҳам кўрилаётгани хабар қилинган.
Россия нима дейди?
Британия мудофаа вазирининг ўринбосари Люк Полларднинг сўзларига кўра, "истовчилар коалицияси" Украина бу ҳаракатларда "барқарор тинчлик, қайта тиклаш ва қайта қуролланиш"ни таъминлай оладиган ишончли кучни кўришини истамоқда.
"[Владимир] Путин агар Украинада ғалаба қозонса, у тўхтаб қолмайди. Агар у, йиллар давомида ўзи истаб келгандек, бутун Украинани бўйсундиришга муваффақ бўлса, қуролларини янгилаб, таъсир ва ҳукмронлигини кенгайтириши мумкин бўлган ҳудудларни қидира бошлайди," деган Поллард BBC'га.
Унинг сўзларига кўра, бундай вазият Британия ва унинг европалик ҳамкорлари манфаатларига мутлақо мос келмайди.
Кремль Украинага нафақат Европа, балки бошқа ҳар қандай ташқи кучлар жойлаштирилган тақдирда ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаслигини бир неча бор маълум қилган.
Россия бундай кучларни тинчликпарвар, деб атаб бўлмаслигини таъкидламоқда.
Москванинг фикрича, БМТ ёки НАТО каби ташкилотлар байроғи остидаги тинчликпарвар кучлар одатда холис бўлади, икки томоннинг ҳам розилиги билан ҳаракат қилади ва фақат ўзини ҳимоя қилиш учунгина куч ишлатади.
Украинадаги кўп миллатли кучлар эса Киев томонида ҳаракат қилади, дея ҳисобламоқда Россия.
Украинага айнан қандай кучлар юборилиши мумкин?
Украина Қуролли кучлари деярли бир миллион ҳарбий хизматчидан иборат.
BBC манбаларининг хабар беришича, пайшанба куни штаб бошлиқларининг ёпиқ мажлисида асосан Украинада етишмаётган имкониятларни қандай қилиб халқаро контингент орқали қоплаш мумкинлиги муҳокама этилган.
Энг аввало гап авиация ҳақида бормоқда. Коалиция олдида ўт очиш тўхтатилганидан кейин Украина осмони хавфсизлигини таъминлаш учун қайси давлатлар ҳарбий учоқлар ажратиши мумкинлиги ҳақида қарор олиш масаласи турибди.
Қора денгиздаги хавфсизликни таъминлаш режаси эса икки асосий қисмдан иборат: кема қатнови йўлларини имкон қадар тез ва тўлиқ миналардан тозалаш, шунингдек ҳарбий-денгиз амалий гуруҳини яратиш.
Айни пайтда энг катта мавҳумлик – бу Америка қандайдир ҳаво, сунъий йўлдош ёки разведка ёрдами кўрсатиши ё йўқлиги ноаниқ экани.
Ҳозирча Вашингтон бундай воситалар билан ёрдам беришга тайёр эмаслигини билдирган.
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда Европа стратегияси Америкага суяниб қолишни тўхтатиш ва келажакда ўз кучи билан Украинани қўллаб-қувватлаш имкониятларини қидиришдан иборат.
Бироқ "истовчилар коалицияси" режаларининг амалга кўчиши Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эриша олинишига боғлиқ.
Гарчи Қўшма Штатлар бу борада некбин кайфиятда бўлсада, Украинада кўпчилик Россия жанговар ҳаракатларни тўхтатмоқчи эканига ишонмаётир.