Метан қуйиш шохобчалари ишлашига ким масъул - Энергетика вазирлигими ё ҳокимлар?

Энергетика вазирлиги Жўрабек Мирзамаҳмудов Президент Шавкат Мирзиёев билан.

Сурат манбаси, president.uz

Сурат тагсўзи, Энергетика вазирлиги Жўрабек Мирзамаҳмудов Президент Шавкат Мирзиёев билан.
    • Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 1 дақ

Энергетика вазирлиги чиқарган баёнотга кўра, душанба, яъни 22 декабрда барча метан қуйиш шохобчалари 10:00 дан 16:00 гача одатдаги режимда фаолият юритади.

Вазирлик душанбадан кейин шохобчалар қандай ишлаши бўйича маълумот бермади.

Ижтимоий тармоқларда эса республиканинг турли ҳудудларида метан гази қуйиш шохобчалари ёпиқлигича қолаётганидан норозиликлар янграмоқда.

Тошкент шаҳри ва қатор бошқа вилоятлардаги газ қуйиш шохобчаларида 12 декабрда кунига камида 12 соат чеклов эълон қилинганди.

Ундан бир кун аввал Энергетика вазирлиги Туркманистоннинг газ узатиш тизимидаги техник носозлик туфайли импорт қилинувчи газ ҳажми камайганини айтиб чиққанди.

Вазирлик ўшанда газни чеклаш вақтинчалик чора эканини айтган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

«Метан заправкаларда газ ўчиб қолса, кўчма заправкалар орқали газ етказиб берилади», – деганди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Олий Мажлисдаги чиқишида Фарғонадаги ҳолат ҳақида гапира туриб.

Вазиятни мунтазам ёритиб бораётган иқтисодчи блогер Отабек Бакировга кўра,

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (Оҳангарон, Ангренгача) метан заправкалари очилган.

«Водийда ҳали жимжитлик, заправкалар ёпиқ», - дейди у ўз Телеграм каналида.

Энергетика вазирлиги душанба куни эрталаб чиқарган баёнотига қўшимча қилиб, "Фарғона водийсида "метан заправка"ларнинг иш вақти ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, газ босимидан келиб чиқиб" амалга оширилишини маълум қилди.

Otabek Bakriov
daryo.uz
Gaz murvati ochilsa, qarsaklar Energetika vazirligiga, gaz bo‘lmasa — savollar hokimliklarga. Ajoyib metodichka.
Otabek Bakirov
Iqtisodchi bloger (bbc.com/uzbek)

Аммо, Бакировга кўра, водийдаги шохобчалар «рухсат йўқ»лигини айтишган. Бу рухсат Энергетика вазирлигиданми, ёки маҳаллий ҳокимликларданлиги номаълум.

"Водийда ўзи 5 кундан бери метан заправкаларда газ йўқ, Андижондаям, Фарғонадаям, Намангандаям инсофли газ заправкалар "бугун очилмаймиз, рухсат йўқ" деб очиқ айтишаяпти", - деб ёзади Бакиров.

"Лекин ҳолатни мард бўлиб тан олиб, реал вазиятни айтиш ўрнига, Энергетика вазирлиги энди ҳокимликларга стрелкани буриб юбормоқда. Ажойиб ёндашув. Газ мурвати очилса, қарсақлар Энергетика вазирлигига, газ бўлмаса — саволлар ҳокимликларга. Ажойиб методичка", - дейди блогер.

Ўзбекистонда йилларки қиш совуқ келиши билан энергетикада узилишлар, хусусан газ ва электр таъминотида чекловлар кузатилади.

Лавозимда уч йилдан бери хизмат қилаётган Энергетика вазири Мирзамаҳмудов 28 октябрда Миллий матбуот марказидаги чиқишида куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш учун барча имкониятлар сафарбар этилганини айтганди.