Канада: қуролли "кўйлак кийган аёл" ўрта мактабга ҳужум қилди

Тамблер Риж ўрта мактаби

Сурат манбаси, TUMBLER RIDGELINES/REUTERS

Сурат тагсўзи, Тамблер Риж ўрта мактаби
    • Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Канаданинг Тамблер Риж шаҳридаги мактабда сешанба куни рўй берган отишмада тўққиз киши ҳалок бўлди.

Полицияга кўра, ҳужумчи сўнг ўзини отиб ўлдирган.

Олти қурбоннинг жасади ўрта мактаб ичида, яна иккисиники яқин масофадаги уйдан топилди. Бир киши касалхонага олиб кетилаётганида жон берган.

Ҳозирда мактаб ва уйдаги талафотлар ўртасидаги боғликлик ўрганилмоқда.

Полиция ҳужумчи ҳақида маҳаллий аҳолини огоҳлантирувчи СМСларида уни «кўйлак кийган жигарранг сочли аёл» деб тасвирлаган.

Расмийлар эндиликда ҳужумчининг шахсини аниқлашганини билдиришди, аммо уни оммага очиқлашмади.

Камида 25 кишига жароҳатлари учун тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, уларнинг икки нафарининг ҳаёти хавф остида.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Канада Бош вазири Марк Карни бу отишмадан ларзага келганини айтди ва ўз ҳукумати билан Британ Колумбияси вилояти аҳолисига ҳамдард эканини билдирди.

Бош вазир Мюнхендаги Хавфсизлик анжуманига режаланган сафарини бекор қилди.

Тамблер Риж мактабидаги ушбу отишма Канада тарихидаги энг талафотлиларидан бири бўлмоқда.

Мактабдаги отишма ортидан олинган сурат

Сурат манбаси, Trent Ernst/Tumbler RidgeLines

Сурат тагсўзи, Мактабдаги отишма ортидан олинган сурат

2020 йилда полиция кийимини кийиб олган қуролли шахс Нова Скотия вилоятида икки кун давомида 22 одамни ўлдирганди.

1989 йилда эса Монреалдаги Политехника институтида феминистларга қарши бўлган ҳужумчи 14 аёлни нобуд қилган.

Канада қўшни АҚШ билан қиёслаганда, қаттиққўлроқ қурол қонунларига эга ва бу каби оммавий отишмалар камдан-кам юз беради.

Синфдаги даҳшат

CBC радиосига гапирган Тамблер Риж ўқувчисининг айтишича, у синфдошлари билан синф хонанинг эшигини ичкаридан тўсиб олган.

Юқори синф ўқувчиси Дариан Куист мактабга соат 13:30 да келган ва даҳлизда барчага синф хоналарини ичкаридан тўсиб олиш кўрсатмаси берилаётганини эшитган.

У синфдошлари билан анча вақт ичкарида қолишгани ва нималар бўлаётганидан бехабар бўлишганини, сўнг отишма акс этган суратларни телефонида кўрганини айтади.

Дарианга кўра, у синфдошлари билан «эшикларни парталар билан» тўсиб олишган, икки соатдан сўнг полиция уларни олиб чиққан.

Тамблер Риж 2 400 кишилик аҳолига эга кичик шаҳар бўлиб, Британ Колумбиясидаги энг йирик Ванкувер шаҳридан 1 200 км шимолда жойлашган.