"Салбий томони йўқ эди" – Ислом Каримов даврини қандай эслайсиз? ОАВ сўровномаси

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов ҳаёт бўлганда, 87 ёшни қаршилаган бўлар эди. Унинг вафотидан бери 8 йилдан кўп муддат ўтди. Нуфузли Gazeta.uz нашри ўзбекистонликлардан Каримов даврини қандай хотирлашини сўраб кўрган.

Мамлакатни амалда 1989 йилдан то ўлимига – 2016 йилга қадар бошқарган Ислом Каримов 30 январь куни дунёга келган.

Халқаро майдонда унинг қарийб 30 йиллик бошқарув даври авторитаризм, кенг миқёсли инсон ҳуқуқлари чеклови, матбуот устидан марказлашган назорат ва сиёсий мухолифатнинг бостирилиши билан эсланади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, кўплаб сиёсий таҳлилчилар ва айрим давлатлар Каримовни диктатор ўлароқ тавсифлаб келади.

Ўзбекистоннинг иккинчи маъмурияти Каримовнинг сиёсий меросидан масофа сақлашга ҳаракат қилсада, мамлакатнинг биринчи президенти хотираси эъзоздалигича қолган.

Каримов номини бевосита тилга олмасдан туриб, мамлакатда авж олган коррупция, иқтисодий турғунлик, бюрократияда эски тузумни айблаб, у даврни бир неча бор "қора кунлар"га менгзаган Шавкат Мирзиёев ҳар йили 30 январь куни ўлимидан сўнг пойтахт Тошкентда қад ростлаган Каримов ҳайкалини тавоф этишни канда қилмайди.

Аниқ сиёсий қарор олинмагани сабаб Ислом Каримов даври мамлакат тарихининг етарли ва ҳаққоний сиёсий баҳо берилмаган қисми ҳисобланади.

Ўзбекистондаги етакчи нашрлардан бўлмиш Gazeta.uz ана шундай ноаниқ сиёсий муҳит манзарасида пойтахт кўчаларида одамлардан Каримов даврига баҳо беришини сўраган.

"Ижобий жиҳати кўп"

Gazeta.uz мухбирининг "Ислом Каримов даврининг қайси ижобий томонларини эслайсиз?" деган саволига нисбатан сўровнома иштирокчиларининг кўпчилиги биринчи президентни "мустақиллик олиб келган шахс" сифатида кўришини билдирган.

"Асосийси бизга мустақиллик бериб кетди. Бўлди", деган иштирокчилардан бири.

"У даврда ишсизлик камроқ эди. Ҳозир ишсизлик кўпайиб кетган. Лекин ҳозир ҳам ҳаммаси жойида", деган яна бир иштирокчи.

Респондентлардан бири эса Каримовни иқтисодий жиҳатдан тўғри қарорларни қабул қилган раҳбар ўлароқ кўришини билдирган.

"[ундан] дунё бозор тамойилларига ўтишда шошилмаслик тажрибасини ўргансак яхшироқ бўлардида бугунги кунда".

Умуман олганда, сўровнома иштирокчилари марҳум президент даврининг аниқ бир ижобий томонларини илгари сурмаган, "ҳаммаси яхши эди" қабилидаги умумлаштирилган жавоблар билан чекланган.

Шунингдек, у даврни "эслай олмаслиги"ни айтганлар ҳам бўлган.

Gazeta.uz мухбири сўровнома иштирокчиларидан Каримов даврининг салбий томонларини ҳам санаб беришни сўраган.

Бу саволга ҳам респондентларнинг асосий қисми "салбий жиҳат йўқ эди" қабилидаги умумий жавоблар қайтарган, айрим иштирокчилар эса ойликлар, ҳақ-ҳуқуқ масаласи, халқаро муносабатлар каби соҳалардаги муаммоларни тилга олган.

"Бизга ойлик бермаган. Уч ойлаб ойлик ололмаган. Вилоятда домда яшар эдик – свет йўқ, газ йўқ эди ўша пайтда".

Бошқа бир иштирокчи эса Ислом Каримов давридаги ялпи назоратни эсга олган.

"Мактабда ишлаганимда, фақат текширув келарди. Ҳаммаёқ қамоқхона эди. Кўчаларда блокпостлар [ўрнатилган] эди. 25 йил экстремизм-терроризм деб халқнинг миясини қотирган", деган у.