Украина уруши: Қирғизистон банки АҚШ санкциясига қарши ариза бермоқчи

Қирғизистон пойтахти Башкек узра ҳилпираб турган Қирғизистон байроғи

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, "Керемет банк" Қирғизистоннинг Россиянинг Украинага уруши боис АҚШ санкциясига киритилган илк банки бўлди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия Украинага қарши тўлақонли босқин бошлаганидан кейин Россияга қарши жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётганлар деб кўрилганларга нисбатан янги жазо чоралари киритилди, Қирғизистондаги "Керемет банк" хусусий банки АҚШ санкцияси рўйхатига киритилган Марказий Осиёдаги илк банк бўлди.

16 январ куни "Керемет банк" ўзига қарши жазо чорасига қарши аппеляция аризаси киритиш ниятида эканини хабар қилди.

АҚШ Молия вазирлиги бир кун олдин Россиядаги молия соҳаси, ҳарбий ва энергетика соҳалари ва шахслари, хориждаги компанияларга қарши янги санкциялар киритгани ҳақида эълон қилди.

АҚШ Молия вазирлигига кўра, Қирғизистондаги "Керемет банк" санкцияларни четлаб ўтиш схемаларини ҳаётга жалб қилиш мақсадида Россия расмийлари ва АҚШ санкциясига киритилган банк(Россиянинг Промсвязбанки) билан ҳамкорлик қилган".

Алоқадор мавзулар

Америка Молия вазирлигига кўра, Қирғиз банки санкцияларни четлаб ўтиш мақсадида 2022 йил санкция жорий этилган "Промсвязбанк" номидан чегара оша пул ўтказмаларини амалга оширган, "Россиянинг ҳарбий саноат корхоналарига миллиардлаб доллар" даромад келтирган.

АҚШ Молия вазирлиги, ўтган йилгача акцияларининг аксар қисми Қирғизистон Молия вазирлигига тегишли бўлган "Керемет банк" 2024 йил "Россия ҳукуматига яқин рус олигархига қаттиқ боғланган фирмага сотилган", дейди.

Вазирлик бу қайси фирма эканини очиқламаган.

Ушбу олди-бердининг муддаоси "Россия учун импортларни тўлаш ва экспорт учун тўловларни қабул қилиб олиш санкцияларни четлаб ўтиш маркази"ни барпо этиш бўлган, деб кўради АҚШ Молия вазирлиги.

2024 йили сентябрида Қирғизистонда "Керемет банк"ни қайсидир россиялик олигарх сотиб олгани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Бироқ "Керемет банк" бу хабарларни рад этган.

АҚШ Молия вазирлигидан иқтибос

Сурат манбаси, .

10 январдан АҚШ Украина уруши бошланганидан буён Россияга қарши энг қаттиқ деб кўрилган санкцияларини ҳам киритди.

Бу санкциялар Россия нефт компаниялари ва уруш бошланганидан буён Россия нефтини ташиш билан шуғулланиб келган, бироқ бошқа мамлакатларда расман рўйхатдан ўтказилган ҳамда "Россиянинг соя флоти" деб номланган кемаларга қарши қаратилди.

Бу санкциялар дунё бўйлаб турли бандаргоҳларда туриб қолган 180 нефт ва суюлтирилган газ ортилган кемаларни қамраб олган.

Охирги бир ҳафта мобайнида Хитой ва Ҳиндистон портлари Россия нефти ортилган кемаларни қабул қилмай қўйган, Ҳиндистон нефт манбаси ким эканини тасдиқлайдиган ҳужжат талаб қила бошлаган.

Боиси, Ҳиндистон ва Хитой ширкатлари ҳам АҚШ санкциясига учрашни истамайдилар.

2022 йил февралида Россия Украина ҳудудига бостириб кирганидан кейин АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия раҳбарлари, молиявий институтлари, қатор саноат соҳаларига қарши жазо чораларини киритишни бошлади, Россия авиа ширкатлари учоқларининг парвозлари тақиқланди.

2024 йил декабрида Европа Иттифоқи Россияга қарши ўзининг 15-пакет санкцияларини жорий этганини хабар қилди.