Зеленский Трамп билан учрашади: Путин огоҳлантирган Tomahawk ракеталари Украинага қанчалик зарур?

    • Author, Ҳарри Секулич
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Путиннинг жиддий огоҳлантиришидан сўнг Зеленский Вашингтонда Доналд Трампдан яна бир бор Tomahawk ракеталарини сўрайди.

Украина президенти Володимир Зеленский жума куни Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашади. Трамп айни дамда Украинага Россия ҳудудининг ички қисмигача ета оладиган Tomahawk ракеталарини бериш масаласини кўриб чиқмоқда.

Учрашув Трампнинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатидан бир кун ўтиб бўлиб ўтади. Трамп суҳбатни "жуда самарали" деди ва икки давлат делегациялари келаси ҳафта учрашишини маълум қилди.

Унинг айтишича, Путин билан август ойидан кейин бўлган биринчи мулоқот "жуда самарали" якунланган ва улар Будапештда юзма-юз учрашишга келишиб олган.

Путин билан бўлган бу телефон суҳбати олдиндан эълон қилинмаган эди.

Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Путин суҳбатда Трампни Киевга Tomahawk ракеталарни етказиб бериш Россия ва АҚШ муносабатларига жиддий зарар етказиши, шунингдек, Украинадаги можарони ҳал этиш имкониятларини йўққа чиқариши ҳақида огоҳлантирган.

Ушаковнинг қўшимча қилишича, телефон қўнғироғи Москва ташаббуси билан амалга оширилган.

Зеленский январдан бери учинчи марта АҚШга етиб келаркан, "Москва Tomahawk сўзини эшитиши билан мулоқотни тиклашга шошилади", деди.

Украина раҳбари Америкадан учиш масофаси 2,500 км бўлган илғор ракеталарни беришни сўраб келмоқда.

BBC келтирган графикда Киевдан учириладиган Tomahawk ракетаси Ўзбекистон ҳудудларига ҳам етиб келиши мумкинлигини кўриш мумкин.

Шу ҳафта бошида журналистлар Трампдан Tomahawk ракеталарини Украинага бериш масаласи кўриб чиқиляптими, деб сўрашганида, у: "Кўрамиз... эҳтимол", деб жавоб берган эди.

Бироқ Путин билан суҳбатдан сўнг Трамп "биз захирамизни тугатолмаймиз, улар бизга ҳам керак... шундай экан, бу масала бўйича ҳали нима қилишимизни билмайман", деди.

Путин билан бўлган телефон суҳбатидан кейин Трамп ўзининг Truth Social тармоғида "Биз Путин билан Украинадаги уруш тугагач, Россия ва Америка ўртасидаги савдо ҳақида анча вақт суҳбатлашдик", деб ёзди.

13 октябр: Трамп: АҚШ Украинага Tomahawk ракеталарини бериши мумкин

АҚШ Президенти Доналд Трамп Украинага узоқ масофага мўлжалланган Tomahawk ракеталарини бериш ҳақида бош қотираяпти, унинг сўзларига кўра, бу Россияга қарши урушда Украинага "янги босқич"ни таъминлайди.

Исроилга парвоз қилиб бораётган пайти АҚШ президенти учоғида журналистлар билан мулоқотда Президент Трампга, Украинага "Томогавк" ракеталарини юборасизми, савол берилди.

"Кўрамиз... Мен қилишим мумкин", дея жавоб берди саволга Трамп.

Трамп Украинанинг Tomahawk сўрови бўйича Россия билан гаплашиши мумкинлигини айтди.

"Мен (Россияга) айтишим мумкин: агар уруш ҳал бўлмаса, биз буни қилишимиз мумкин, лекин қилмаслигимиз ҳам мумкин. Улар(Россия) ўзларига қараб Томогавк учиб боришини хоҳлайдиларми? Мен хоҳлайдилар, деб ўйламайман", деди Президент Трамп.

Ушбу баёнот Трамп ва Украина Президенти Володимир Зеленский ўртасида дам олиш кунлари бўлиб ўтган иккинчи телефон мулоқоти ортидан янгради.

Зеленский анча вақтдан буён Россияга қарши мамлакатининг ҳарбий аксилҳужум ҳарбий имкониятларини кучайтиришда ёрдам сўраб келади.

Сўнгги мулоқотда Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш ва узоқ масофага мўлжалланган ракеталар мавзуси муҳокама қилинган.

Бундан олдин Москва Вашингтонни Киевга узоқ масофага мўлжалланган ракета бериш оқибатларидан огоҳлантирган, агар бундай ракета берса, можарода катта эскалация юз беради, АҚШ-Россия муносабатларини ёмонлаштиради, деган.

Tomahawk ракеталари 2500 км масофага учолади, Укрина ҳудудидан туриб Москвага зарба бериш имконини беради.

Украина шаҳарлари, шу жумладан, пойтахт Киев ҳам Россиянинг доимий дрон ва ракеталари бомбардимонига дуч келиб туради.

Қиш арафасида Россия Украинанинг энергетика инфратузиламасини ҳам атайин нишонга олади, кўп ҳудудлада электр таъминотини издан чиқаради.

Ўтган ой Трампнинг Украина бўйича махсус элчиси Кейт Келлог айтишича, АҚШ президентига Россия ичкарисидаги нишонларга зарба беришга рухсат бериш таклифи қўйилган.

Жаноб Келлогнинг Fox News телеканалига айтишича, Россия-Украина урушида ҳужум қилинмасин деган "муқаддас нарса йўқ".

Украинага қарши 2022 йил февралида тўла қонли босқин бошлаган Россия Tomahawk ракеталари уруш йўналишини ўзгартириши аҳамиятини пасайтиришга ҳаракат қилади.

"Томогавклар бўладими ёки бошқа ракеталар, динамикани ўзгартирмайди", деган Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков.