Туркия: Эрдўғаннинг қамоқдаги энг катта рақибига "жосуслик" айблови қўйилди

Чағлаяндаги суд биноси қаршисида Имомўғлининг юзлаб тарафдорлари йиғилди.

Сурат манбаси, REUTERS/Dilara Şenkaya

Сурат тагсўзи, Чағлаяндаги суд биноси қаршисида Имомўғлининг юзлаб тарафдорлари йиғилди.
    • Author, BBC Янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Истанбулнинг лавозимдан четлатилган ва турмада сақланаётган ҳокими Экрем Имомўғлига қарши "сиёсий жосуслик" айби билан янги тергов очилди.

У - Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг энг йирик сиёсий рақиби ва CHP (Жумҳурият халқ партияси) номидан келгуси президентлик сайловларига илгари сурилган номзод.

Коррупция айбловлари билан март ойидан бери қамоқда ушлаб турилган Имомўғлига июлда Истанбул бош прокурорини ҳақорат қилганлик айби билан қўшимча жазо муддати белгиланганди.

Туркияда келгуси президентлик сайловлари 2028 йил майида ўтиши режаланган. Конституцияга биноан, Эрдўған ўз муддати тугаши сабаб бу сайловларда қатнаша олмайди. Аммо, таҳлилчиларга кўра, у яна ўз номзодини қўйиши учун конституцияни ўзгартириш ёки фавқулодда сайлов ўтказиш амаллари қўлланилиши мумкин.

"Жосуслик"

Якшанба куни Имомўғли, унинг сайлов кампанияси директори Нежати Ўзкан ва Теле-1 канали муҳаррири Мердан Янардағ сўроқ қилингач, жиноят суди уларнинг учовига ҳам қарши ҳибс ордерини чиқарди. Теле-1 жума куни жосусликда айбланиб давлат томонидан ёпилган.

Якшанбада Истанбулнинг Чағлаян мавзесидаги маҳкамага соат 10:00да олиб келинган Имомўғлининг кўрсатма бериши олти ярим соатдан кейин бошланган. Унинг адвокатларига кўра, уларга бу вақт давомида мижозлари билан кўришишларига рухсат берилмаган ва у "тақиқланган сўроқ жараёни"га юз тутган.

Имомўғлининг сайлов кампанияси директори Нежати Ўзкан Имомўғли билан.

Сурат манбаси, Necati Özkan/ X

Сурат тагсўзи, Имомўғлининг сайлов кампанияси директори Нежати Ўзкан Имомўғли билан.

CHPнинг Диёрбакир депутати Сезгин Танриқули Чағлаян судидан тунги 1:30да видео улашиб, "14 соат давомида тақиқланган сўроқ усуллари қўлланилди. Барча жараёнлар ноқонуний!" деб ёзди.

Прокуратура Имомўғли, Янардағ ва Ўзканнинг Туркия Жиноят кодексининг 328/1-моддаси, яъни "сиёсий жосуслик" айби билан ҳибсга олинишларини сўради.

Ўтган ҳафта очилган бу тергов Ҳусейин Гун исмли шахсдан олинган рақамли маъмулотларга асосланган.

Ҳусейин Гун ўз кўрсатмасида АҚШнинг Марказий жосуслик агентлиги ходими билан ҳамкорлик қилгани ва у тайёрлаган таҳлил ҳисоботларини Имомўғлининг сайлов кампаниясига йўллаганини айтган.

Истанбул Бош прокурорининг баёнотида Имомўғли Истанбулдаги фуқароларнинг шахсий маълумотларини хорижий жосуслик бўлимларига ўтказиб бергани ва шу орқали ўз президентлик номзодлигига молия йиққани даъво қилинади.

Ҳибс ордери чиқарилишидан сўнг Имомўғли Хда қуйидаги баёнотни берди: "Бу каби туҳмат, ёлғонлар ва фитна шайтоннинг ҳам миясига келмаса керак. Миллатимизнинг келажагини барбод қилишга бел боғлаган бу менталитетга қарши курашимиз бугундан янада кучайди."

Ekrem Imamo'g'li
BBC
Bu kabi tuhmat, yolg‘onlar va fitna shaytonning ham miyasiga kelmasa kerak.
Ekrem Imamo'g'li
Istanbulning qamoqdagi hokimi (bbc.com/uzbek)
Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Мен Римни ёқиб юборишимга ишониш осонроқ бўларди", - деди у.

2019 йилнинг 31 мартида ўтказилган ва Экрем Имомўғли ғалабаси билан якун топган маҳаллий сайловлар бекор қилиниб, 23 июнда қайта ўтказилганди. Имомўғли унда ҳам ғолиб бўлган.

У ҳозирда Силивридаги Мармара қамоқхонасида сақланмоқда.

Имомўғли судда чиқиши кутилаётганда, CHP раиси Ўзгур Ўзел маҳкама қаршисида йиғилган юзлаб одамлар қаршисида нутқ сўзлади.

Унинг даъво қилишича, Имомўғлига қарши кўрсатма берган Ҳусейин Гун "Мен Британия агентиман", деб айтган.

Шанба куни CHPнинг Истанбул раиси Ўзгур Челик партия аъзоларини Чағлаян ҳиёбонида норозилик намойишини уюштиришга чақирганди.

Бунинг ортидан Истанбул ҳокимлиги шаҳарнинг Бейўғли, Байрампаша, Кағитхане ва Шишли туманларида намойишлар ўтказилишини ман қилди.