Мирзиёевдан мухолифатни жонлантириш таклифи, Ўзбекистонда наркожиноятлар сони кескин ошди, электр энергияси чекловсиз берилишига топшириқ

Mirziyoyev

Сурат манбаси, president.uz

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Шавкат Мирзиёев парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигини айтди. Ўзбекистонда охирги 5 йилда наркожиноятлар сони икки баробарга кўпайди. Энергетика вазирлиги Президентдан электр энергиясини узлуксиз ва чекловларсиз етказиб бериш борасида топшириқ олди.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида нутқ сўзлади.

Мирзиёевга кўра, ўтган сайловларда сиёсий партияларнинг дастури ҳам, ғоялари ҳам бир-биридан фарқ қилди, турли сиёсий мафкуралар кураши яққол кўзга ташланиб турди.

Президент парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигини айтди ва ўзининг таклифларини берди.

president.uz
Shu o‘rinda parlamentda muxolifatni jonlantirish zarur, deb hisoblayman.
Shavkat Mirziyoyev
O‘zbekiston respublikasi prezidenti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

“Бунинг учун парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қилди”, дейилади расмий хабарда.

Мирзиёев сайловлардаги соғлом рақобат, мухолиф фикрлар кураши парламентга кўчиб ўтса, бу албатта халқ манфаатларига мос қонунлар ишлаб чиқилишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Президент бундан олдин Ўзюекистоннинг ичида мухолифат бўлиши ҳақида гапирганди.

Бироқ кузатувчилар мамлакатда мустақил партия ташкил қилиш талаблари юқорилиги ва партия тузишга ҳаракат қилганлар турли сиёсий босимларга учрашиш ҳақида гапиришади.

Электр энергиясини узлуксиз етказишга топшириқ берилди

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бундан олдин ҳам қишда энергия билан боғлиқ муаммо бўлмаслигини айтганди

Сурат манбаси, gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бундан олдин ҳам қишда энергия билан боғлиқ муаммо бўлмаслигини айтганди

15 ноябрь куни президент ҳузурида аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, Шавкат Мирзиёев чекловларсиз узлуксиз электр таъминотини таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган.

Бундан ташқари, барча энергетика қувватларини ишга тушириб, қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан электр энергияси товар айланмасини таъминлаш вазифаси қўйилган.

Ўзбекистон сўнгги йилларда энергия инқирози яна бўй кўрсата бошлагани айтилади.

Электр энергиясидаги узилишлар энди нафақат аномал совуқда, балки ёз кунлари пойтахт Тошкентда ҳам одатий ҳолга айланган.

Мутахассислар буни шиддат ишлаб чиқариш билан ривожланаётган Ўзбекистонда истеъмол бозори ҳам кескин ортганини ва ҳукумат мавжуд энергия тизимини ислоҳ қилишга улгурмаётгани билан изоҳлашади.

Олдинроқ энергетика вазири куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида базавий ва пессимистик сценарийлар ишлаб чиқилганини маълум қилганди.

Вазир қишда электр энергиясида узилашлар бўлмаслигини бундан олдин ҳам ваъда берган. Аммо одамлар электр чекловлар билан берилаётганидан шикоят қилишган.

Президентнинг бу галги топшириғи қандай бажарилиши ҳақида тафсилотлар берилмаган.

Ўзбекистонда наркожиноятлар сони икки баробарга кўпайди

Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшат Маматов

Сурат манбаси, Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази

Сурат тагсўзи, Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшат Маматов

Ўзбекистонда охирги 5 йилда наркожиноятлар сони икки баробарга кўпайди. “Айниқса синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси 400 мартага кўпайган. Бу иллатнинг ёшлар ўртасида кенг тарқалаётгани бизни ташвишга солмоқда”, - дея Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматовдан иқтибос келтиради gazeta.uz.

“Таҳлилларга кўра, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони икки баробарга, гиёҳвандлик воситалари мусодараси 8,5 баробарга, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси эса 400 баробарга кўпайди. Кузатилаётган салбий жараёнлар бу соҳада комплекс чора-тадбирларни белгилаш ҳамда самарали идоралараро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни тақазо этмоқда”, деган у.

Маматовнинг таъкидлашича, минтақада, хусусан, Ўзбекистонда “дорихона наркоманияси” ҳам кенг тарқалаётгани ташвишли ҳол.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002