Россия жосуслари Қозоғистон элчихонаси олдида сохта намойиш режалаганлар

Лондондаги марказий жиноят суди - Олд Бейлида Россия фойдасига жосуслик айблови илгари сурилган беш Болгария фуқароси устидан суд давом этаяпти, айбланувчилардан икки нафари Россия махсус хизматлари топшириғига кўра Россия фойдасига жосуслик қилганликларини тан олганлар.
Қоралов томони айбланувчилар нималарда айбланаётганларини эълон қилиб келаяптилар, айбловлар орасида Лондондаги Қозоғистон элчилиги биноси олдида сохта норозилик намойишини ташкил қилиш, сўнг намойиш иштирокчилари ҳақидаги маълумотни Қозоғистон махсус хизматларига топшириш ва шу йўл билан Қозоғистон раҳбариятини Ғарбга эмас, Россияга оғишига эришиш мақсади кўзлангани ҳам янгради.
Болгарияликлар 2024 йил февралида ҳибсга олинганлар, сентябр ойи охирида улар устидан суд бошланди.
Дастлабки тингловлар ноябр охирида бошланди.

Сурат манбаси, .
Судда прокуратура томони билдиришича, Россиянинг Британияда жойлашган болгариялик жосуслари олтита "операция" ўтказишни мақсад қилганлар.
Бу операциялардан биринчиси таниқли болгариялик журналист Христо Грозевни нишонга олган.
Христо Грозев "Bellingcat" деб номланган суриштирув журналистлари гуруҳидаги фаолияти билан танилган, у Украина осмонида Нидерландия йўловчи самолётини "Бук" ракетаси билан уриб туширилиши, Англияда собиқ Россия жосуси Сергей Скрипал ва қизини "Новичок" заҳари билан заҳарлаш каби ҳодисаларни текширган ва тадқиқотлари натижаларини эълон қилган.

Сурат манбаси, Reuters
Судда айтилишича, айбланувчилар 2020 йилдан 2023 йилгача Россия фойдасига жосуслик билан шуғулланганлар, нафақат Британия, балки бутун Европа бўйлаб инсонлар ва объектларнинг жойлашиши ҳақида маълумот йиғганлар.
Судда Ян Марсалек деган шахс номи тилга олинмоқда.
У тўлов билан шуғулланадиган ширкатни бошқарган ва товламачилик айблови илгари сурилган.
Жиноий жазодан қочиш мақсадида Ян Марсалек Минскка учиб боргани ва ҳозир Россия ҳудудида яширинаяпти деб кўрилаётгани хабар қилинди.
Ян Марсалек билан ҳамкорлик қилган Орлин Русев 2021 йили иккови Христо Грозев учиб бораётган самолётда ёнига компютери ва мобил телефонидаги маълумотларни яширинча олиш мақсадида жосус ўтирғизиш масаласини муҳокама қилганлар.
Шунингдек, Грозевнинг ноутбуки ва телефонини ўғирлаб Россия элчилигига етказиш, унга тегишли мулкни йўқ қилиш, Грозевнинг ўзини ўғирлаш ва ўлдириш йўлларини ҳам гаплашганлар.
2022 йил ноябрида Россиядаги таниқли веб-нашр "The Insider" асосчиси Роман Доброхотовни нишонга олиш режаланган.
Яна бир операция нишони қозоғистонлик сиёсатчи Бергей Рискалиев бўлган.
Бергей Рискалиев Британияга қочиб келган ва сиёсий бошпана олган.
Судда айтилишича, Рискалиевга қарши амалиёт билан Россиянинг Қозоғистон билан алоқаларини яхшилиш мақсади кўзланган.
Прокуратура томонига кўра, қозоғистонлик сиёсий мухолифатчини Қозоғистон фойдаси учун таъқиб этиш Россиянинг Қозоғистонга кўрсатаётган ёрдами деб кўрилиши керак бўлган.
Лондондаги судда болгариялик жосуслар режалаган тўртинчи амалиёт Қозоғистон элчилигини нишонга олиш бўлгани айтилди.
Бунда сохта протест ташкил қилиш, сўнг намойишчилар ҳақидаги маълумотларни Қозоғистон жосуслик хизматларига етказиш, шу йўл билан Қозоғистон "кўнглини олиш" мақсад қилинган.
Судда айтилишича, айбланувчилар Германиянинг Штутгартидаги АҚШ ҳарбий базасини 2022 йил охирида кузатишни йўлга қўйишни мақсад қилганлар.
Бу пайтда украиналик ҳарбийлар Американинг Patriot ракета тизимини қандай ишлатишни ўрганаётган бўлганлар, украиналик ҳарбийларнинг мобил телефонлари ҳақидаги маълумотни қўлга киритмоқчи бўлганлар. Шу йил билан Patriotнинг Украинада жойлашган жойини аниқлаш мақсади кўзланган.
Кейинги операция россиялик Кирил Качурни нишонга олган.
Судда айтилишича, Кирилл Качур Россия Тергов қўмитасида ишлаган, 2021 йили Россияни тарк этган.
Бироқ вақт Монтенегрода бўлган.
2023 йили Россия Кирилл Качурни "хорижий агент" деб эълон қилган.
Ҳибс пайтида турли мамлакатларнинг 75 та паспорти ва 55 одам номидаги турли шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, 221 та мобил телефон, 258 та қаттиқ диск, 495 сим карта, 33 та аудио ёзиб олиш ускунаси, 55 видео тасвирга олувчи жиҳоз, 11 дрон, 16 та радио ва учта мобил телефон маълумотларини "суғуриб олиш" имконини берадиган жиҳоз топилган.
Айбланувчилардан уч нафари ўзларига қўйилаётган айбларни рад қилаяптилар.
Суд давом этаяпти.












