Россия учун урушга кирмаётган ўзбекистонликларга виза сўралди - Ўзбекистон қандай жавоб беради?

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия Давлат думаси депутати Сергей Миронов армия сафида Россияни ҳимоя қилмайдиган ўзбекистонлик мигрантларга виза жорий қилиш талаби билан чиқди. Ушбу талабга қарши ўзбекистонлик зиёлилар уни номақбул шахслар рўйхатига қўшиб, Ўзбекистонга киритмаслик таклифини беришмоқда.

Россиянинг “Справедливая Россия” фракцияси раҳбари Сергей Миронов Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги фуқароларни Россия армиясида хизмат қилмасликка чақиргани учун Ўзбекистон билан виза режимини жорий қилиш кераклигини айтди.

Алоқадор мавзулар:

“Нега улар оналик пулини олмасликка чақирмади? Бошқа имтиёзлардан фойдаланиш мумкину, аммо сени боқаётган мамлакатни ҳимоя қилиш мумкин эмасми? Виза режими! Тамом! Бундай “фуқаролар” бизга керак эмас”, деб ёзган Миронов Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Мироновнинг ушбу фикрлари ижтимоий тармоқларда кескин акс-садо келтириб чиқарди.

“Ўзбеклардек баракали халқ ҳаққини меҳнат қилиб топади, одам ўлдириб эмас. Россияни эса @mironov_ru ўғиллари, куёвлари, неваралари билан ҳимоя қилиши керак”, дейди Миллий тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров.

“Юксалиш” ҳаракати раиси ва Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов “биз ватандошларимиз бошқа давлатнинг урушларига жалб қилинишига ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Консуллигимиз фуқароларимизни Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган ҳаракатлардан ҳимоя қилиши табиий ва адолатли”, деди.

Унинг таъкидлашича, ўзбекистонликлар ўз меҳнатлари билан Россиянинг иқтисодиётига ҳисса қўшяпти.

“Ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид қилувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқликдир. Бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатади”, дейди Бекмуродов.

"Миронов номақбул шахслар рўйхатига киритилсин"

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Мироновга берган жавобида бошқа давлат манфаати учун ёлланиб жанг қилган Ўзбекистон фуқаролари жавобгарликка тортилиши ҳақида қонунчиликни эслатган.

У Миронов Ўзбекистон фуқароларини Россия армияси сафларига қўшилиб, жиноятчига айланишга очиқча тарғиб қилаётганини таъкидлаган.

“Шубҳасиз, бундай даъватли баёнотлардан сўнг у мамлакатимизга кириш учун номақбул шахслар қора рўйхатига киритилиши керак”, дейди у.

Ўзбекистон парламенти Ўзбекистон ҳақида номаъқул гап айтган чет элликларнинг Ўзбекистонга киришини тақиқлашнинг қонуний асосини яратиш учун қонун лойиҳаси қабул қилганди.

Шерзодхон Қудратхўжа Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳудудида вақтинчалик бўлиб турганини ва биринчи навбатда ўзини эмас ўша ердаги ишламайдиган фуқароларни боқаётганини ва Мироновдан фарқли равишда нонларини пешана тери ва қони билан топаётганини таъкидлади.

“Шу билан бирга, фарзандлари сафарбарликдан қочиб “чириган Ғарб ва Америкага” кетган Россиянинг маргинал ва коррупцияга ботган қатламларига бойиб кетишда ёрдам беришади”, дейди у.

Россияда ишлаётган Омонбоев “Мен оз қолди кетаман. Ризқимни бошқа жойдан топаман”, деб ёзди.

Фикр билдирганларнинг орасида, дунёнинг иккинчи кучли армиясининг куни мигрантларга қолдими, деган истеҳзоларни ҳам учратиш мумкин.

Равшан Шаумаров Ўзбекистон консуллиги Россия Федерациясида ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилганини эслатган.

“Ўзбекистон фуқаролари оналик пули ва нафақаси олмайди. Ҳеч қандай имтиёзи йўқ. Россия Федерацияси Ўзбекистон фуқароларини боқмайди, улар оғир меҳнат билан пул ишлаб топади”, дейди у.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Мироновнинг ушбу чиқишига муносабат билдирмади.

Олдинроқ, Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ўзбекистонликларни уруш тарғиботларига берилмасликка чақириб, Ўзбекистоннинг хорижий давлатдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган барча фуқаролари истисносиз жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирганди.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002