Россия транспорт вазири нега ўзини ўлдирган бўлиши мумкин?

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия тергов қўмитасининг илк хулосасига кўра, собиқ транспорт вазири Роман Старовойт ўз жонига қасд қилган.

53 ёшли Старовойтнинг жасади ўқ излари билан душанба куни Москва вилоятининг Одинцовский шаҳар округида ўз хусусий автомобилида топилган.

Шу куни Россия Президенти Владимир Путин фармони билан у транспорт вазири лавозимидан озод этилганди.

Фармонда унинг ишдан олинишига сабаблар келтирилмаган.

Старовойт вазир лавозимизда бир йилдан сал кўпроқ муддат – 2024 йил майидан бери ишлаб келган. Унгача у беш йил Курск вилоятининг губернатори бўлган.

Унинг ўрнига Курск вилояти губернаторининг вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган Андрей Смирнов бу йил апрелида 1 миллиард рублни ўғирлашда айбланиб ҳибсга олинганди. Бу пуллар Украина билан чегарадаги ҳарбий истеҳкомларни қуриш учун ажратилган бўлган.

Ўтган йил августида Курск вилоятининг бир қисми, жумладан Суджа шаҳрини Украина армияси босиб олганди.

РБК нашрига кўра, Старовойтга қарши ҳам ҳарбий иншоотлар учун ажратилган пулларни ўғирлаш айби билан текширувлар олиб борилаётган бўлган.

Forbes сайти терговга алоқадор манбага таяниб ёзишича, Старовойт топилишидан бир кун аввал – тахминан шанбадан якшанбага ўтар кечаси ўлган бўлиши мумкин.

РБКга кўра, амалдорнинг жасади душанба куни ўз машинасидан бир неча метрлик масофада буталар орасидан топилган ва сўнг моргга олиб кетилган.

Би-би-си рус хизмати мухбири Сергей Горяшко Роман Старовойт ўлими ҳақида:

Старовойтнинг ўлими - Путиннинг Россияси учун ғайриоддий ҳолат.

Охирги марта ўзини отиб ўлдирган вазир ҳали Совет Иттифоқи даврида Ички ишлар вазири Борис Пуго бўлган – у 1991 йилда путч мағлубияти ортидан ўз жонига қасд қилганди.

Старовойтнинг ўлими эса бошқа СССР Ички ишлар вазири Николай Щелоковнинг ўлимини кўпроқ эслатади. У ҳам ишдан олингач, коррупция айбловларига юз тутаётган бўлган. У 1984 йилда барча давлат унвонларидан маҳрум қилинишидан бир кун ўтиб ўзини отиб ўлдирганди.

Старовойтнинг эса "атиги" вазир лавозимидан маҳрум қилишди. Унинг устига, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков душанба эрталаб берган изоҳида президент фармонида "унга бўлган ишончнинг йўқолиши" каби сабаблар келтирилмаганини айтганди.

Афтидан, бундай "қора белги"нинг йўқлиги собиқ вазирни тинчлантирмаган.

Тергов қўмитаси Старовойт лавозимидан озод этилиши биланоқ ўзининг Курск вилоятидаги собиқ муовини Алексей Смирновнинг иши бўйича сўроққа олиб келиниши кўзлангани ҳақидаги кўплаб хабарларга аниқлик киритмади.

Смирнов тергови Курскка 2022-2023 йилларда ажратилган пуллар атрофида эди. Бу даврда у ерда Старовойт губернатор бўлган.

Чамаси, уч ой аввал ўзининг собиқ муовини Смирнов ҳибсга олинганидан бери, Старовойт ўз тақдиридан хавотирда яшаб келган. Чунки Россия тарихида ўзининг собиқ бошлиғига қарши кўрсатма берган муовинлар ҳолатлари кўп учрайди.

Лекин, одатда бундай хавф остидаги амалдорлар охиригача кутишади, чунки улар юқори лавозимлардаги таниш-билишчилик уларга ёрдам беришига ишонадилар. Ёки улар хорижга қочадилар.

Қамоқдан қўрқиб ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари эса Россияда асосан куч тизимлари мулозимлари орасида юз берган – лекин, бундай ҳолатлар ҳам бармоқ билан санарли. 2020 йилда ФСИН (Жазони бажариш федерал хизмати)нинг автотранспорт бошқармаси раҳбари Виктор Свиридов суд залида ўзига қарши таъмагирлик айбловларини эшита туриб, ўзини отиб ўлдирганди.

Тергов қўмитасининг хавфсизлик бошқармаси собиқ раҳбари Михаил Максименко 2023 йилда колонияда ўзини осиб ўлдирган. У порахўрлик учун олган 14 йиллик жазосининг ярмини ўтаб қўйганди.

Ички ишлар вазирлигининг аксил-коррупция бошқармаси раҳбарига собиқ ўринбосар Борис Колесников эса Тергов қўмитасидаги сўроқ ортидан деразадан тушиб кетиб ўлган.

Старовойтнинг ўлими – Россия элитаси учун муҳим воқеа.

У амалдорлар орасидаги саросима кайфиятидан дарак беради. Бу амалдорлар, ҳатто ҳеч қандай жиноятни содир этмаган бўлсалар-да, ўз давлатларида оқлов ҳолатлари қанчалар кам юз бериши ва турмаларнинг аҳволидан яхши хабардорлар.

Сталин давридаги "тозалашлар" билан қилинаётган ўхшатишлар энди унчалик ҳам асоссиз кўринмайди.

Дарвоқе, ўтган дам олиш кунларида Россия Коммунистик партияси съездида Хрущевнинг Сталин ҳақида қилган танқидий нутқи хато деб топилди.