Зилзила масжидларда жума намозини ўқиётган юзлаб мусулмонни ҳам ўлдирди

Imom

Сурат манбаси, BBC / Neha Sharma

    • Author, Зейяр Хтун ва Тесса Вонг
    • Role, BBC Мьянма хизмати ва BBC News
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ҳамма жасадни ҳам ўша куннинг ўзида дафн этишнинг имкони бўлмагани айтилмоқда.

Мьянмадаги қақшатқич ер силкинишининг оқибатларига оид янги тафсилотлар юзага чиқмоқда.

Нима гап?

Мьянмадаги зилзила

Сурат манбаси, AS SUPPLIED TO SOE NAY OO

Сурат тагсўзи, Мьянманинг иккинчи йирик шаҳри Мандалай ва Сагайнг яқинида юз берган кучли зилзила оқибатида 2700 дан зиёд одам қурбон бўлди.

Сагайнгда жума намозига азон айтиларкан, Мьянма марказидаги бешта масжидга шошилган мусулмонларнинг сони юзлаб эди.

Ҳайитга саноқли кунлар қолган, улар мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойининг сўнгги жума намозини ўқиш илинжида эдилар.

Аммо маҳаллий вақт билан соат 12:51 да ҳалокатли зилзила юз берди.

Кучли ер силкиниши натижасида жомеъси илова уч масжид қулаб тушди, масжиддагиларнинг деярли барчаси қурбон бўлди.

Зилзиланинг кучини Таиланднинг Мьянмага чегарадош Мае Сот шаҳрида Миома шаҳрининг собиқ имоми Со Най У ҳам ҳис қилди.

У табиий офат ортидан, 170 га яқин қариндошлари, дўстлари ва собиқ жамоати аъзолари, асосан, масжидларда вафот этишганидан хабар топди.

Қурбонлардан айримлари шаҳардаги жипс мусулмон жамоасининг етакчи вакиллари эди.

"Хаёлим жон берган барча одамлар ва фарзандларида, улардан айримлари ёш болалардир", - деди у Би-би-сига. – Бу ҳақда гапирганда, кўз ёшларимни тия олмайман".

Мьянманинг иккинчи йирик шаҳри Мандалай ва Сагайнг яқинида юз берган кучли зилзила оқибатида 2700 дан зиёд одам қурбон бўлди.

Қутқарувчилар жасадларни вайроналар остидан олиб чиқишда давом этишаркан, қурбонлар сонининг янада ортиши кутилмоқда.

Мусулмонлар яшовчи минтақа

Мьянма

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сагайнгдаги гувоҳларнинг Би-би-сига айтишларича, зилзиладан ҳам шаҳарда энг кўп масжидлар жойлашган йўл – Миома кўчаси энг кўп зарар кўрган. Кўчадаги бошқа кўплаб уйлар ҳам қулаб тушган.

Бу минтақа ўзининг қадимий буддавий ибодатхоналари билан машҳур, аммо мазкур икки шаҳарда мусулмонлар ҳам салмоқли сонда яшайди.

Мамлакат лидери Мин Аунг Ҳлайнг душанба куни эълон қилган маълумотларга кўра, 500 га яқин мусулмон масжидларида намоз ўқиётган пайтда ҳалок бўлишган.

Сагайнгдаги гувоҳларнинг Би-би-сига айтишларича, зилзиладан ҳам шаҳарда энг кўп масжидлар жойлашган йўл – Миома кўчаси энг кўп зарар кўрган. Кўчадаги бошқа кўплаб уйлар ҳам қулаб тушган.

У ердаги юзлаб одамлар эса, бошпанасиз қолишган ва ёки яна ер силкинади, деган қўрқувда ҳамон йўл чеккасида жон сақлаб туришибди. Озиқ-овқат ҳам тақчил.

Кеча, сешанба куни ҳам вайрон бўлган масжидлар остидан жасадларни олиб чиқиш ишлари давом этган.

Мьянманинг зилзиладан жабр кўрган бошқа ҳудудлари каби бу ердаги мусулмонлар ҳам катта сондаги жасадлар муаммоси қаршисида қолишган.

Ҳарбий хунта ва уларга қаршилик кўрсатаётган гуруҳлар ўртасидаги давомий жанглар уларни ҳам қийин аҳволда қолдирган.

Сагайнгдаги мусулмонлар қабристони исёнчи Халқ Мудофаа кучлари назорати остидаги ҳудудга яқин жойлашган ва бир неча йилдан буён жамоатчиликка ёпиқ.

Ҳарбийлар зилзиладан кейин ҳам Сагайнгнинг айрим ҳудудларини бомбалашда давом этишган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Майитлар тақдири

Sobiq imom
BBC / Neha Sharma
Musulmonlar uchun eng achinarlisi - vafot etgan yaqinlaringni o‘zing qabrga qo‘ya olmasligingdir...
So Nay U
Myanmalik sobiq imom - batafsil: bbc.com/uzbek da.

Со Най Унинг айтишича, Сагайнгдаги мусулмонлар жамоаси жасадларни икки шаҳарни боғловчи ягона Ирравади кўприги орқали Мандалайга олиб ўтишган.

Улар майитларни дафн этиш учун Мандалайдаги энг йирик масжидда қолдиришган. Аммо Исломий тартиб-қоидаларга тўлиқ амал қила олишмаган, айрим жасадлар ўша куннинг ўзидаёқ тупроққа қўйилмаган.

"Мусулмонлар учун энг ачинарлиси - вафот этган яқинларингни ўзинг қабрга қўя олмаслигингдир", - дейди Со Най У.

Бошларига тушган кўргуликдан ўзларига келишга уринаётганларига қарамай, омон қолганлар ҳам қутқарув ишларига ёрдам беришаётир.

Со Най Унинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳудуддаги зилзиладан жабр кўрган камида 1000 нафар мусулмон ҳануз ёрдамга муҳтож.

У Мьянмада имом бўлган, бироқ 2021 йилги давлат тўнтаришидан кейин Таиланддга қочган, ўша ерда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган.

Мақола бироз қисқартирилган шаклда берилмоқда.

Бангкокдан.