Ўзбекистон: Ислом Каримовнинг тўнғич қизи қаерда?

Сурат манбаси, Getty Images
Гулнора Каримова ҳозир қаерда? Ўзбекистондан сўнгги ҳафталарда олинаётган хабарлар худди ана шундай саволларни пайдо қилмоқда. Бунга мамлакат масъуллари нима дейди?
Ислом Каримов тўнғич қизининг Тошкентдаги аёллар қамоқхонасидан манзил колониясига ўтказилгани шу кунларда ҳам Ўзбекистон ичкариси ва ҳам ташқарисида сарлавҳаларга чиққан янгиликка айланди.
Нашрлар бу ҳақда ўзларининг манбаларига таяниб хабар беришди, аммо уларни очиқлашмади.
Гулнора Каримованинг яқинлари ҳам ҳозирча бу хусусда жим.
Алоқадор мавзулар:
Ўзбекистон: Зангиота қамоқхонасидаги аёллар мажбуран пахтага чиқариляптими, Гулнора Каримова қаерда?
Аёллар қамоқхонасидан...
Сўнгги хабарлар Ислом Каримовнинг 52 ёшли тўнғич қизи Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 21-сонли колонияда узоқ йиллик жазо муддатини ўтаётган бир пайтда бўй кўрсатди.
Гулнора Каримовага нисбатан илк жиноят иши 2013 йилда, президент отаси ҳали ҳаёт ва қудратда бўлган пайтда очилган.
Худди ўша йили Ғарбда бошланган терговлар унинг сиёсий карьерасига якун ясаган.
Гулнора Каримова 2014 йилда омма кўзидан ғойиб бўлган, яқинлари ўшанда унинг амалда уй қамоғига олинганини айтишган.
Бунинг ортидан Гулнора Каримова Ўзбекистонда аввалига 5 йиллик озодликни чеклаш ва кетма-кет икки бор узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган.
Озодлиги 2015 йилда чеклангани эса, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг фақат орадан 2,5 йил ўтиб берган баёноти ортидан маълум бўлган.
Бош прокуратура Гулнора Каримова солиқ тўлашдан бош тортиш каби айб билан озодликдан чеклаш жазосига маҳкум этилганини билдирган.
2017 йилда унга берилган дастлабки 10 йиллик қамоқ муддатининг яна беш йилга озодликни чеклаш жазоси билан алмаштирилгани, аммо уй қамоғи шартларини бузганлиги айтилиб, 2019 йилда унинг яна қамоққа олингани хабар қилинган.
Ислом Каримовнинг тўнғич қизи сўнгги бор қўшимча айбловлар билан 2020 йилнинг март ойида қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этган.
Аммо, ҳукмга мувофиқ, унинг жазо муддатини 2015 йилнинг 21 августидан бошлаб ҳисобланиши белгилангани айтилган.
Жазонинг тўлиқ муддати амал қилса, Ислом Каримов тўнғич қизининг 2028 йилгача қамоқда қолиши кўзда тутилганди.
Гулнора Каримова давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш, жиноий уюшма тузиш, товламачилик ва яна бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган.
Унга нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишларини орада АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари ҳам тергов қилишган.
манзил колониясига?..

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистондан сўнгги ҳафталарда олинаётган хабарларга кўра, Гулнора Каримова декабр ойи охирида Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 42-сонли манзил колониясига ўтказилган.
Ислом Каримов тўнғич қизининг Тошкентдаги аёллар қамоқхонасидан манзил колониясига ўтказилгани шу кунларда ҳам Ўзбекистон ичкариси ва ҳам ташқарисида сарлавҳаларга чиққан янгиликка айланган.
Бу ҳақда Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги қатор нашрлар ўзларининг манбаларига таяниб хабар беришган, аммо уларни очиқлашмаган.
Гулнора Каримованинг яқинлари ҳам ҳозирча бу хусусда жим.
Агар, Озодлик нашрининг Гулнора Каримова қамоқ жазосини ўтаб келаётган Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш департаментига қарашли 21-сонли колония ходимларидан бири билан микрофонсиз суҳбати тафсилотларига таянилса, бунга Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани судининг Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 74-моддаси асосидаги ажрими сабаб бўлган.
Маълум бўлишича, жазони енгилроғи билан алмаштиришни кўзда тутувчи худди шу ажрим билан Гулнора Каримова 19 декабр куни ўзи қамоқ жазосини ўтаб келаётган колониядан чиқарилган.
Аммо Би-би-си Ўзбек хизмати айни маълумотларни ҳалича расмий манбалар орқали тасдиқлай олгани йўқ.
Гулнора Каримова қаерда?
Би-би-си Ўзбек хизмати Гулнора Каримованинг тақдири билан боғлиқ сўнгги хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби билан боғланди.
Шоҳруҳ Ғиёсовдан, "шахсга доир маълумот" бўлгани учун, буни очиқлаш расмий идоранинг вазифаси эмаслиги мазмунида жавоб олди.
Аммо, матбуот котибининг айтишича, агар, Гулнора Каримова манзил колониясига ўтказилган бўлса ҳам, бу у ўтаётган жазонинг бир қисми бўлади, "бунинг бошқа сабаблари йўқ".
Би-би-си Ўзбек хизмати кеча, 7 январ куни Гулнора Каримовага нисбатан жазони ўташ тартиби ўзгаргани ёки йўқлиги юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти (Зангиота тумани) билан ҳам боғланди.
Департаментдагилар Гулнора Каримованинг манзил колониясига чиқарилганини тасдиқлашди, аммо бундан ортиқ маълумот беролмасликларини айтишди.
Айни мазмундаги хабарлар ўтган йил декабр ойининг иккинчи ярмида бўй кўрсатган эса-да, масъул идоралар ўзларининг ҳалича бу хусусда бирор бир расмий билдиришнома билан чиққанликлари кўрилмайди.
Манзил колонияси нима ўзи?

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-Ижроия Кодексида белгиланган жазони ўташ тартибига таянилса:
- манзил колонияларига тузалиш йўлига ўтган ва;
- оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаган маҳкумлар;
- ўта оғир жинояти учун, шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини ўтаган маҳкумлар ўтказилади.
Худди шу кодекснинг 114-моддасида келтириб ўтилган манзил колонияларида жазони ўташ шартларига кўра:
Манзил-колонияларда маҳкумлар:
- соқчисиз, аммо назорат остида сақланадилар;
- эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар;
- агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари мумкин;
- фуқаролар киядиган кийимда юрадилар;
- пул ва қимматли буюмларни сақлаши, улардан чекланмаган миқдорда фойдаланиши мумкин;
- ишдан бўш вақтда чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин;
- ўз шахсий маблағлари ҳисобига харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан ва йўқловлардаги маҳсулотлардан мустақил равишда овқат тайёрлашни амалга оширадилар.
- Маҳкумлар чекланмаган миқдорда қисқа муддатли учрашувлар, йил мобайнида йигирма тўрт марта узоқ муддатли учрашувлар олиш ҳуқуқига эга. Учрашувлар, қоида тариқасида, ишдан бўш вақтда берилади. Манзил-колония ҳудудида узоқ муддатли учрашув ўтказиш имконияти бўлмаса, учрашув маҳкумнинг аризасига биноан манзил-колония ҳудудидан ташқарида, ушбу колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида ўтказилиши мумкин.
- Маҳкумлар хоналарга бўлинган ётоқхоналарда яшайдилар. Сақлаш режимини бузмаган, оиласи бор маҳкумларга муассаса бошлиғи қарорига биноан манзил-колония ҳудудида ёки манзил-колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида оиласи билан алоҳида яшашга рухсат берилиши мумкин. Бундай шахслар ички тартиб қоидаларида белгилаб қўйилган тартибда рўйхатдан ўтиш учун ҳозир бўлишлари шарт. Манзил-колония маъмуриятининг вакили маҳкумлар яшаётган жойга сутканинг исталган вақтида кириши мумкин.
- Манзил-колония ҳудудидан ташқарида яшаш ҳуқуқи Жиноят кодекси 73-моддаси тўртинчи қисмининг "в" (муайян жойларга бормаслик;) ва "г" (алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ;) бандларида кўрсатилган маҳкумларга берилмайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Гулнора Каримова...
Гулнора Каримова ўз вақтида Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримовнинг сиёсий вориси сифатида ҳам кўрилган.
Ислом Каримов Ўзбекистонни қарийб ўттиз йилча - 1989 йилдан то 2016 йили вафотигача бошқарган.
Ўзига нисбатан очилган жиноят ишлари ва янграган ҳукмлар манзарасида эса, Гулнора Каримовага "жиноий йўллар билан топилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни ундириш мажбурияти" ҳам юкланган.
2020 йилнинг июнида Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилаётгани расман хабар берилган.
Швейцария Гулнора Каримова иштирокидаги ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида бир миллиард АҚШ долларига яқин маблағни музлатиб қўйган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси 2017 йилда 2 та жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий қийматини 1 трлн. 270 млрд. 200 млн. сўм, 1 млрд. 651,8 млн. АҚШ доллар, 26,1 млн. евро - миллий валютада жами 3 трлн. 746,8 млн. сўм, деб баҳолаган.
"Озодлик" нашри микрофонсиз суҳбатлашган колония ходимининг сўзларига таянилса, Гулнора Каримова "5-6 чемодан билан колониядан хурсанд чиқиб кетган".
Би-би-си Ўзбек хизмати унинг айни мазмундаги сўзларини ҳам ҳозирча расман тасдиқлай олгани йўқ ва мавзуни ўрганиш, тадқиқ қилишда давом этмоқда.
Гулнора Каримованинг ўз вақтида йирик бизнес империяси бўлган, дунёнинг қатор давлатларида кўчмас мулкка ҳам эгалик қилган.
Турли манбаларда унинг умумий бойлиги $2 миллиард АҚШ доллари атрофида баҳоланган.
Гулнора Каримова президент отаси бошқаруви даврида мамлакатда танилган поп-қўшиқчига айланган, мода ва санъат ҳомийси бўлган, заргарлик ва хайриячилик ишлари билан ҳам шуғулланган.
Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси ва БМТ қошидаги вакили бўлиб ҳам ишлаган.
Гулнора икки фарзанднинг онаси бўлади, унинг ҳозир асосан Ўзбекистон ташқарисида яшовчи бир ўғли ва бир қизи бор. Онаси эса, Ўзбекистонда, ягона синглиси ҳам хорижда.
Америка фуқароси бўлган биринчи турмуш ўртоғидан расман ажрашган.
Унинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров ва Гулнора Каримованинг яна икки шериги эса, Ўзбекистонда 2014 йил катта миқдорда пулларни ўғирлаш, қаттиқ валютани экспорт қилиш, ноқонуний фаолият юрғизиш, ва солиқдан бўйин товлаш каби моддалар билан айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, сўнгра жазо муддати олти йилга қисқартирилгани хабар берилган.












