Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳри масжидига қилинган ҳужумда 50 инсон ҳалок бўлган

Ҳужумдан кейин

Сурат манбаси, Screenshot

Афғонистоннинг шимолий Қундуз шаҳридаги масжидга қилинган ҳужумда камида 50 инсон ҳалок бўлган.

Бу - АҚШ кучлари чиқиб кетганидан бери амалга оширилган энг қонли зўравонлик бўлмоқда.

Худкуш ҳужумчи Шиа мусулмонларининг Саид Обод масжидини нишонга олган.

Амударё жанубий соҳилига яқин Қундуздаги айни ҳужумда 100 нафардан кўпроқ киши яралангани ҳам айтилади.

ИШИД Толибонга қарши

Исломий Давлат ё ИШИД гуруҳи ҳужум учун масъулиятни бўйнига олди.

Шиа мусулмонларини бидъатчи, деб биладиган Сунний экстремистлар уларни нишонга олишади.

ИШИДнинг Хуросон қаноти Толибонга қарши ва сўнгги пайтлари мамлакат шарқида қатор зўравонлик ҳужумлари уюштириб келади.

ИШИД жангарилари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ИШИД энди қудратдаги Толибон учун бошоғриқ бўлиши мумкин.

Намозхонларга ҳужум

ИШИД ҳужумчиси ўз нимчасига ўрнатилган портловчи моддани Жума намози пайти портлатган.

Маҳаллий тадбиркор Залмай Алокзай ярадорларга қуйиш учун қон бормикан, деб шифохонага борган.

"Тез ёрдам машиналари жасадларни олиб кетиш учун ҳужум саҳнига қайта-қайта кетишарди" - дейди у AFP хабар агентлиги билан суҳбатда.

Маҳаллий хавфсизлик мулозимлари Tolo News билан суҳбатда ҳужум пайти 300 нафардан кўпроқ мусулмон намоз ўқиётганини айтишган.

Қурбонлар сони ортиши мумкин, деган хавотирлар бор.

БМТга кўра, айни ҳужум диний жамоаларни нишонга олган жорий ҳафтадаги учинчи ҳамла ва "хавотирли зўравонлик силсиласини" акс эттиради.

Ўтган якшанба куни пойтахт Кобул яқинидаги бомба ҳужумида бир неча инсон ҳалок бўлганди.

Чоршанба куни эса шарқдаги Хост шаҳри мадрасасига ҳужум уюштирилган.

Би-би-си мухбири Секундер Керманининг айтишича, ИШИД Афғонистондаги Шиа мусулмонларни бир неча бор нишонга олган.

Ҳужумдан сўнг

Сурат манбаси, EPA

ИШИДнинг Хуросон қаноти ўтган август ойида Кобул ҳаво қўналғасини қақшатқич ҳужумга тутганди.

Улар масжидлар, спорт клублари ва мактабларга ҳам ҳамла қилишади.

ИШИД ҳозир Толибонга қарши ҳужумларни кучайтирган.

Толибларнинг юқори мартабали мулозимлари қатнашган Кобулдаги жаноза намозини ҳам ИШИД ҳужумга тутди.

Улар мамлакат шарқий минтақаларида бир неча кичик ҳужумларни амалга оширишганди.

Бироқ шимолдаги Қундуз масжидига қилинган ҳужумни ҳам ИШИД амалга оширгани тасдиқланса, бу айни гуруҳ ўз фаолиятини Афғонистон бўйлаб қанчалик кенг ёйганини кўрсатади.

Би-би-си мухбирининг айтишича, Толибон ўнлаб ИШИД жангариларини ҳибсга олгани ёки ўлдиргани ҳақида айтади, аммо омма олдида ИШИД хавфини пасайтириб кўрсатишга уринади.

Кўплаб афғонлар Толибон қудратга келиши ортидан уларнинг қаттиққўл бошқаруви, ҳеч бўлмаса, тинчлик келтирар, деб умид қилишганди.

Аммо Толибоннинг хавфсизликни яхшилаймиз, деган ваъдаларига ИШИД гуруҳи жиддий зарба бериши мумкин.

Толиблар ўтган август ойи охирида Афғонистонда назоратни қўлга олишган.

АҚШ кучлари 2001 йили Толибонни қудратдан кетказганидан 20 йил ўтиб, бу ҳаракат яна ҳокимиятга келди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek