Ўзбекистон: куч тизимлари Мирзиёев ғояларига ҳали анча қаршилик кўрсатади - Видео

    • Author, Аваз Тоҳиров
    • Role, Би-би-си Ўзбек, Тошкент
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда 22 май куни озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазони ижро этиш соҳасидаги қатор маълумотларни махфийликдан чиқаришни кўзда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

"Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонун ижросини таъминлаш йўлида қабул қилинган ушбу қарор орқали Ўзбекистонда жазони ижро этиш соҳасига оид узоқ йиллар давомида махфий сақланган маълумотлар жамоатчилик учун очиқланмоқда.

Эндиликда, жамоатчилик қамоқхоналар, тергов ҳибсхоналари сони, уларнинг жойлашган жойи ҳамда бу жойларда сақланаётган шахслар қанча экани ва, энг муҳими, қамоқхоналар ва тергов ҳибсхоналаридаги ўлим ҳолатлари юзасидан очиқ маълумотларни олиш имконига эга бўлмоқда.

Қарорга кўра, қамоқхоналарда маҳбуслар томонидан ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар ва мажбурий тиббий чоралар қўлланиладиган маҳкумлар сони ҳам очиқланиши белгилаб қўйилган.

Бу қарор қанчалик ишлайди? Видео:

Мазкур қарор машҳур Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилиши ортидан жазони ижро этиш соҳасида Ўзбекистонда амалга оширилган навбатдаги йирик ўзгариш ўлароқ қабул қилинмоқда.

Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган ушбу қарор ижросини таъминлаш вазифаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов зиммасига юклатилган.

Би-би-си кўп йиллар давомида айнан қамоқхоналардаги оғир аҳвол ва тергов изоляторларидаги ноҳақликлар масаласини кўтариб келган таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромовдан бу янгилик бўйича фикрларини сўради.

"Бир кишига оғир бўлиши мумкин"

Сурат Икромов жазони ижро этиш соҳасидаги очиқликка таъминлашга қаратилган бу ўзгаришни олқишлашини айтади.

"Ўзбекистон каби авторитар давлатларда ҳам бу масалада ошкораликни секин бўлсада, бошлаш керак. Сабаби одамлар қамоқхоналарда қанча маҳбус ўтиргани, нима учун ўтирганини билмаса, давлатга ишончи қолмайди".

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячисининг қўшимча қилишича, куч ишлатар тизимлар бундай очиқликка ҳали тайёр бўлмаслиги мумкин.

"Куч ишлатар тизимлар ҳали бунга анча қаршилик кўрсатади. Чунки очиқлик улар учун ноқулай, кўп ишлари очилиб қолади", сўзлайди Икромов.

Бироқ, эслатиб ўтилганидек, мазкур қарор ижросини таъминлаш вазифаси ички ишлар органлари раҳбари бўлмиш Пўлат Бобожонов зиммасига юклатилган.

Агар жазони ижро этиш соҳасидаги очиқликни амалга ошириш яна куч ишлатар тизимларнинг ўзига топширилган бўлса, қандай қилиб бу қарор кутилган ижобий натижаларни олиб келиши мумкин, деган саволга ҳуқуқ фаоли шундай жавоб қайтаради:

"Майли, асосий вазифа ички ишларнинг ўзида қолаверсин, лекин қарор ижросини амалга оширишда кўпчилик иштирок этиши керак. Комиссия тузиш лозим, вазирликлар, керак бўлса, ҳуқуқ ҳимоячиларини жалб қилиш зарур".

Давлатга хиёнат ва қийноқлар

Би-би-си билан суҳбат давомида Сурат Икромов шу вақтга қадар куч ишлатар тизимлар фаолияти шаффоф бўлмаганидан кўплаб тергов ишлари ноқонуний кечгани, қамоқхоналарда ноинсоний муҳит ҳукм сурганини тилга олади.

"Айниқса, диний эътиқод масаласида ноҳақ қамалганлар кўп эди. Давлат маълумотларни очиқламасада, 20 йиллик фаолиятим давомида 18-19 минг маҳбус ноқонуний қамалганини гапириб келганман".

"Ҳозирги президент даврида яхши ўзгаришлар бўлди. Кўплаб маҳбуслар озод этилди, лекин ҳали ҳам бор. Билишимча, [диний айблов билан ноҳақ қамалган] 3 ёки 4 минг инсон ҳозир ҳам қамоқда ётибди", қўшимча қилади у.

Икромовнинг сўзларига кўра, маҳбуслар сонини очиқлашнинг ўзи етарли эмас.

Жамоатчилик маҳкумлар қандай айбловлар ортидан қамоқхонага ташланганидан ҳам хабардор бўлиб бориши лозим.

"Диний айблов билан фалонча одам, қотиллик, талончилик бўйича бунча одам ўтирибди, деган маълумотлар бериб борилиши керак. Шунда аҳоли аҳвол яхшиланяптими ёки аксинча эканини билиб туради. Бу йилда бунча одам бу айб билан қамалди, кейинги йили камайди… демак ички ишларда вазият яхши ё ёмонлигидан хабардор бўлиб боради".

Бундан ташқари ҳуқуқ ҳимоячиси узоқ йиллар ички ишлар органлари фаолиятининг катта қисми махфийлик мақомида бўлиб келганидан кўплаб бегуноҳ инсонлар асоссиз жазога тортилганини ҳам тилга олади.

Унинг сўзлашича, айниқса, давлатга хиёнат қилиш, дея малакаланган жиноят ишлари тафсилотлари жамоатчиликдан сир тутилгани ортидан ноҳақ айбланган инсонлар узоқ йиллар қамоқда ўтиришга мажбур бўлган.

"Бир мисолни айтаман: 10 ёки 15 йилдами, бир чўпон Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида қўй боқиб юрганда қўлга олишган. 150 та қўйини олиб қўйиб, унга жосуслик айбини қўйишган. Чўпон 70 дан ошган, бунақа нарсаларни билмайди, ўқишни ҳам яхши билмайди. Балки у ҳалигача қамоқда ўтиргандир. Шунақа ҳолатлар бўлмаслиги учун шаффофлик бўлиши керак", дейди Икромов.

Сурат Икромов Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори ижроси тўлақонли таъминланса, тергов ҳибсхоналаридаги қийноққа тутиш ҳолатлари ҳам сезиларли камайишидан умид қилиш мумкинлигини айтади.

"Биласизми, энг ёмон нарса - тергов давомида қийноққа тутиш. Биз суд ишларида қатнашганимизда, мониторинг қилганимизда, бу нарсаларни кўп кўрганмиз. Ўзи айби йўқ, лекин судья "мана терговда тан олиб, қўл қўйиб берибсизу", деса "қийноққа чидолмай, қўл қўйдим", деган жавобни кўп эшитганмиз. Қамалганларнинг 70-80 фоизи айнан қийноқ остида айбдорликни бўйнига олган", хотирлайди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Сурат Икромов давлат жазони ижро этиш соҳасини шаффоф этишга қарор қилибдими, энди бу ишни охиригача олиб бориши лозим, дейди.

"Фақат ошкоралик бу давлатнинг обрўсини оширади. Агар ошкоралик бўлмаса, яна ўша эски ҳаммом, эски тоз бўлиб турса, бу яхшиликка олиб келмайди".

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek