Ўзбекистон коронавирус беморларини даволашнинг янги усулини бошлади - халқаро тажрибада у иш бердими? O'zbekiston

Коронавирус янгиликлари

Сурат манбаси, SSV

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, тез кунларда мутлақо янгича усул — коронавирусдан соғайган инсонларнинг қон зардобини оғир беморларга қуйиш бошланади.

Амалиётнинг илмий асоси шундайки, COVID-19 инфекциясига чалинган беморлар қон зардобида вирусга қарши иммун таначалар пайдо бўлиб, улар вируснинг ўлимига олиб келади дейилади хабарда.

Халқаро тажрибада бу иш беряптими?

Бугун Исроилдан олинган хабарга кўра, соғлиғи аввалдан ёмон бўлган ва коронавирус юқтириб оғир аҳволда ётган 29 яшар беморга коронавирусдан соғайган донор плазмасининг бир нечта дозаси қуйилиши ортидан унинг аҳволи барқарорлашган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Дарҳақиқат, COVID-19дан тузалган одамларнинг қони бугун дунёда энг талабгир товар бўляпти. Чунки унинг таркибида SARS-CoV-2га қарши муваффақиятли курашган иммун ҳужайралардан ташкил топган антитаналар мавжуд.

Аввалдан ишлатиб келинган Ремдисивир ва Хлорохин каби дориларни бу янги вирусга қарши қўллашга уринилаётган бир вақтда, кўпгина олимлар энг тез натижа берадиган муолажа қондаги ана шу таначаларни ишга солиш эканини айтишмоқда.

Хўш, бу терапия қандай юз беради?

Бу муолажа доирасида соғайган бемор қонидаги плазма, яъни қоннинг шаффоф, сарғиш, оқсилга бой қисми олинади. Зардоб - ана шу қон плазмаси таркибидаги оқсил олиб ташланган суюқлик. Қон зардоби кўплаб тиббий ва био-кимёвий текширишларда ишлатилади, масалан, қон гуруҳингиз ҳам зардоб билан аниқланади.

Олинган зардоб сўнгра оғир беморга киритилади. Беморга ёки уни юқтириш хавфи остида бўлган одамга плазманинг киритилиши уларнинг иммун тизимини мустаҳкамлаши ва эҳтимолки вирусдан ҳимоя қилиши мумкин.

Поиск вакцины

Плазмани олишдан аввал донорларда COVID-19 асоратлари буткул йўқолиши учун камида икки ҳафта кутилиши ва сўнгра улар вирусга негатив эканини аниқлаш учун анализ олиниши керак бўлади.

Олимлар, масалан Гладстоун Вирусология ва иммунология институти вирусологи Уорнер Гринга кўра, бу тажриба 1918 йилги Испан гриппига бориб тақалади ва яқин ўтмишда САРС, МЕРС, ЭБОЛА каби юқумли касалликларни даволашда ҳам турлича самара билан ишлатилган.

Аммо, у - касалликка даво эмас, вакцина ишлаб чиқарилгунча ё иммунитет хосил бўлгунча, унинг ёрдамида вақтдан ютасиз, холос, дейди бу олим.

Хитой тажрибаси

Британиянинг Гардиан газетаси ёзишича, Хитойда бу синов самарасини исботлаш учун бир-биридан мустақил ҳолда иккита клиникада бу каби синовлар ўтказилди ва фойдали натижага эришилди. У ерда коронавирусдан соғайган одамлар қони плазмасидаги антитаналар оғир аҳволда ётган беморлар қонига қуйилган. Биринчисида - Уханда 10та беморда у синалган ва уларнинг организмидаги вирус даражаси пасая бошлагани кузатилган. Уч кун давомида улардаги йўтал, нафас олишдаги қийинчилик, кўкрак оғриғи ва юқори ҳарорат каби аломатлар сусайган. Иккинчи синов Шенчжен шаҳри касалхонасида бешта беморда ўтказилганда у ерда ҳам натижа ижобий бўлган ва учта бемор сунъий нафас олиш аппаратидан мустақил ҳолда нафас ола бошлаган.

Глазго университетидан Профессор Девид Таппиннинг айтишича, Хитойда ўтказилган синовлар муҳим, чунки уларда плазманинг ўта оғир касалларга берилиши хавфсиз бўлган кўринади. Бошқа нашрларга кўра, бу синовлар албатта инсониятни умидбахш қилади, аммо синалган беморлар сони кам бўлгани учун у мутлақ исботланди деб бўлмайди.

Хитойда 27 мартда ўтказилган иккинчи синовнинг эртасигаёқ АҚШнинг Хюстон ва Ню-Йорк шаҳарларидаги касалхоналар COVID-19 беморларига соғайган қон зардобларини бера бошлаганлар.

АҚШ синовлари

3 апрелда АқШнинг Озиқ-овқат ва дори маъмурияти бу борадаги миллий дастурни бошлаб юборди. Майо клиникаси ва Америка Қизил хоч ташкилоти орқали шифокорлар ва донорлар қон плазмасини олиш ё беришлари мумкин. АҚШдаги қатор университетлар ҳам уни синаб кўряпти, Британияда ҳам уни бошлашлари кутилади - Британия миллий Қон хизмати антитаналарга бой плазмани топиш илинжида беморлар қонини текширишни бошлади.

Аммо фармацевт мутахассисларга кўра, унинг мутлақ самараси ҳақида ҳали гапиришга эрта. Масалан, бир донордан олинган зардоб нечта одамга фойдали бўлиши ҳали аниқланмаган, эҳтимол у саноқли одамга етар.

Ундан ташқари, инсон иммун тизими соғайганидан икки ҳафталар кейингина энг яхши антитаналарни ҳосил қила бошлайди. Кундан кунга авжига чиқаётган пандемия муҳитида эса бир ой кутиш ҳам асрга тенгдек.

"Зардобдан бошқа касаллик юқмайдими? Беморларга зардоб қуйилганда турли асоратлар юзага келмайдими? "каби саволлар туғилиши ҳам табиий.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида айтилишича, коронавирус инфекциясидан тузалган инсонлардан зардоб олишдан олдин, улар бир нечта инфекцияларга текширилади ва тиббий кўрикдан ўтказилади. Қўшимча инфекцияси ва касаллиги бўлмаган инсонлар зардобининг кичик бир қисми олинади, холос. Сўнгра йиғиб олинган зардоб яна қўшимча ишлов берилгандан сўнг, беморлар розилиги ва шифокор кўрсатмалари ҳамда махсус тартибларга қатъий риоя қилинган холда қўлланилади.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek