Афғонистонга электр сотишни ошираётган Ўзбекистонда чироқ ўчиши кескинлашяпти

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистон ҳукумати Ўзбекистоннинг Сурхондарё ва Афғонистоннинг Бағлон вилоятига янги электр линияси қурилиши бошланишини маълум қилди.
TOLOnews хабарига кўра, бу лойиҳа нафақат саноат, балки оддий аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжини қондиришга ёрдам беради.
Кун.уз ёзишича, 19 ноябрда Тошкентга ташриф буюрадиган Афғонистон Президент Ашраф Ғани мазкур лойиҳа бўйича битимга имзо чекади.
Айни дамда Ўзбекистоннинг ўзида совуқ мавсум келиши билан электр таъминотидаги узилишлар кескинлаша бошлаган.
Чироқ ўчиши нафақат чекка туман ва қишлоқлар, ҳатто Тошкент марказида ҳам кузатилмоқда.
Фарғона шаҳрида яшовчи инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашевнинг айтишича, Фарғона шаҳрида чекка ҳудудларга қараганда чироқ камроқ ўчади.
Унга кўра, чироқ ўчишининг асосий сабаби совуқ кунларда газ босимининг пасайиб кетиши ёки бутунлай тўхтаб қолишидир.
"Ёритиш учун мўлжалланган электр қуввати, табиийки, иситиш учун катта зўрланишда истеъмол қилинади. Маҳалла ва микрорайонларга ўрнатилган трансформаторлар бу зўрланишни кўтара олмай қизиб кетади. Ўчириб турилмаса ёниб кетиши, ҳатто портлаб кетиши мумкин", - дейди у.
Фаолга кўра, электр энергияси мамлакат аҳолисининг эҳтиёжини тўла қондирадиган даражада ажратилади. "Муаммо электр таъминотида эмас, табиий ва суюлтирилган газ таъминотидаги коррупцияда", - дея қўшимча қилади у.
У, шунингдек, бир йил аввал Фарғонага электр ўтказиш имконияти катта ва автоматик совутиш системасига эга трансформаторлар ўрнатилганини айтади.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари, хусусан Сурхондарёнинг Денов тумани аҳли қиш мавсумидаги кескин электр етишмовчилигини маҳаллий электр идораларининг қувватни тежаш мақсади билан изоҳлашади.
Охирги йилларда Ўзбекистоннинг тобора кўп ҳудудларида электр таъминоти билан боғлиқ вазият ёмонлашди.
Бунинг асосий сабабларидан бири мустақиллик йилларида Ўзбекистонда бирорта ҳам янги ГЭС қурилмагани, эскиларининг эса таъмирга муҳтож бўлиб қолганидир.
Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистондаги электр энергияси ишлаб чиқарадиган станцияларнинг ёши 40-50 йилни ташкил этишини ва бу станциялар мустақиллик йилларида жиддий таъмирланмаганини айтади.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўзининг сайловолди дастурида, жумладан, шундай деганди:
"...мамлакат бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда. Дастур доирасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5600та эскирган трансформатор подстанциясини алмаштириш назарда тутилмоқда".
Ўзбекистон қўшни Афғонистонга электр қувватини сотишни 2007 йилда Сурхондарёдан Хайратонга чўзилган 43 километрлик линия орқали бошлаганди.
Айнан Ўзбекистон Афғонистон шимолидаги йирик вилоятларни электр билан таъминловчи ягона манбадир.
Ўтган йили Тошкентда имзоланган битимда ўзбек электр қувватининг Афғонистонга сотилиши 10 фоизга ошишига келишилган.












