You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Мирзиёев турк аскарига: "Марҳабо, аскар!"
25 октябрь куни Туркияга давлат ташрифини бошлаган Президент Шавкат Мирзиёев Анқарадаги Президент кўшкида саф тортган фахрий қоровулга турк тилида хитоб қилган.
"Марҳабо, аскар!" дея турк ҳарбийларини саломлаган Ўзбекистон раҳбари.
Бунга жавобан Президент Эрдўғон Мирзиёевга "Машоллоҳ" деган.
Давлат ташрифининг биринчи куни Мирзиёев Эрдўғон билан музокаралар олиб борган.
Икки давлат раҳбарлари ташрифни "узоқ кутилган ва муҳим сиёсий воқеа" деб таърифлаганлар.
"Бу ташриф биз учун ниҳоятда муҳим. Биз буни 20 йил кутдик", - деган Туркия раҳбари.
Шавкат Мирзиёев "20 йилда бир-биримизни соғинганимиз билинди", - дея турк ҳамкасбининг сўзларини қўллаб-қувватлаган.
Эрдўғонга кўра, Ўзбекистон минтақанинг ҳар жиҳатдан энг муҳим давлатидир.
Ҳар икки президент давлатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашнинг жорий ҳажми мавжуд салоҳиятни акс эттирмаслигини таъкидлаганлар.
Президент Мирзиёев товар айирбошлаш ҳажмини 5-6 миллиард долларга етказишни кўзлаётганларини айтган.
Ўзбекистон раҳбарига кўра, келажакда икки давлат ўртасида визасиз борди-келди йўлга қўйилиши мумкин
"Қардош ва дўст мамлакатлар ўртасида виза бўлиши керакмас", - деб айтган Ўзбекистон раҳбари Анқарадаги қўшма матбуот анжуманида.
Туркияга сафари арафасида Мирзиёев турк ватандошларига виза тартибини соддалаштиришга доир қарорни имзолаганди.
Айни пайтда "Турк ҳаво йўллари" Самарқандга тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиши эълон қилинган.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз нутқини Ўзбекистоннинг марҳум шоири Абдулла Ориповнинг айнан "Ўзбекистон" номли шеъридан бир парча билан якунлаган.
Бу Ўзбекистон раҳбарининг сўнгги 20 йилда Туркияга илк давлат ташрифидир.
Мирзиёев пайшанба куни Истанбул шаҳрига етиб борган.
Истанбулда у Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим ва Туркия ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашиши кутилади.
Ташриф давомида бир неча миллиард долларлик шартномалар имзоланиши маълум қилинган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02