Шавкат Мирзиёевнинг биринчи расмий таржимаи ҳоли эълон қилинди

Сурат манбаси, courtesy
Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси веб саҳифасида президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг расмий таржимаи ҳоли чоп этилган.
Бу жорий йилнинг 8 сентябрида Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Мирзиёевнинг ҳозирга қадар эълон қилинган биринчи энг тўлиқ биографиясидир.
Унда 59 ёшли Шавкат Мирзиёев ҳаёт йўлининг билинган тафсилотлари билан бир қаторда, жумладан, унинг рафиқасининг тўлиқ бўлмаган исм-шарифи ҳам илк бор келтирилган.
Ҳукумат порталида бош вазирнинг расмий биографияси жойлаштирилмаган.
Оқсаройнинг расмий press-service.uz вебсайтида эса, ҳалигача марҳум Президент Ислом Каримовнинг таржимаи ҳоли турибди.
Таржимаи ҳол янгиланмаган, жумладан, унга собиқ президентнинг вафот санаси киритилмаган.
UzLiDEP сайтида эълон қилинган расмий биографияда айтилишича, Ш.М. Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, беш нафар набираси бор. Рафиқаси З.М. Ҳошимова - мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи, айни пайтда уй бекаси.
Шунингдек, Мирзиёевнинг "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирлангани айтилган.
4 декабрда ўтадиган сайловлар амалдаги вақтинча президентнинг ҳокимиятини қонунийлаштириши кутилади.
Сайловларда ундан ташқари яна уч сиёсий партиялар номзодлари иштирок этмоқда.
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти охирги ўн йилдан кўпроқ вақт мобайнида илк бор Ўзбекистондаги сайловларга тўлақонли ҳайъат юборишини маълум қилган.
Қуйида Ўзбекистон Президентлигига бош номзод Шавкат Мирзиёев расмий таржимаи ҳолининг айрим ўринларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Манбаъ: UzLiDEP
"Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати - ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.
1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.
1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.
Ш.М. Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта - 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.
Ш.М. Мирзиёев мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юксак ишончини қозониб, унинг яқин сафдоши ва маслакдоши сифатида самарали фаолият олиб бормоқда...
2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юкланди".
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
◾Instagram - BBC UZBEK
◾Twitter - BBC UZBEK
◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
◾Facebook - BBC UZBEK
◾Google+BBC UZBEK
◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
◾Skype - uzbekbbclondon
◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












