You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Тошкентда бензин нархи ошди, вилоятларда эса арзонлади
"Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси 22 октябрь куни ярим тунда бутун Ўзбекистон бўйича автобензиннинг бир хил чакана нархи ўрнатилишини эълон қилди.
Энг арзон Аи-80 русумли бензиннинг бир литри энди 2800 сўмдан, Аи-91, Аи-92, Аи-93 бензинларининг бир литри 3000 сўмдан, Аи-95 бензини бир литри эса 3300 сўмдан сотилади.
Бунгача Тошкент шаҳрида Аи-80 бензинининг бир литри 2075 сўм эди. Шундай қилиб, энг арзон бензин нархи Тошкентда бирданига 34 фоизга — 725 сўмга ошди.
Ўзбекистонда бензин нархи охирги марта 2016 йил бошида атиги 45 сўмга ошган эди. Ёнилғи нархининг жиддий ўсиши сўнгги марта 2014 йил январида кузатилган. Газета.узнинг ёзишича, ўшанда бензин нархи 20 фоизга қимматлаган.
'Шов-шувларга ишонманг!'
Сўнгги бир неча ҳафтадан бери Тошкентдаги АЁҚШларда яна узундан узоқ навбатлар пайдо бўлган эди.
Оқибатда "Ўзнефтмаҳсулот" ширкати 16 октябрда ўзининг эски, бунгача бир неча бор тарқатилган мурожаатини қайтадан эълон қилган.
Ширкат АЁҚШларда навбатлар "айрим шов-шув ишқибозлари" томонидан аҳоли орасида "бундан кейин АЁҚШларда автобензин камайиб кетар экан", деган "умуман ўринсиз хабарлар" тарқатилгани сабаб пайдо бўлганини билдирган.
Аввалги йилларда ҳам бензинга навбатлар пайдо бўлганида "Ўзнефтмаҳсулот" ўзининг навбатчи мурожаатини кичик таҳрирлар билан чиқарган.
Ширкат "айрим шов-шув ишқибозлари"ни камида икки марта "Ёнилғи ишлаб чиқариш камайиб кетганлиги сабабли, автобензин тақчиллиги юзага келиб, унинг нархи ошар экан" деган миш-мишларни тарқатишда айблаган.
Аммо ширкатнинг сўнгги мурожаатида нархларнинг ошиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалгани ҳақида сўз бормайди.
Виртуал қабулхонагача бехабармиди?
"Ўзбекнефтгаз" компанияси маълум қилишича, сўнгги вақтларда аҳоли томонидан бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига қилинган мурожаатларда АЁҚШларда бензин устама нарх билан сотилаётганлиги, уни олиш учун узундан-узоқ навбатда туришга тўғри келаётганлиги, Тошкентдаги аксарият АЁҚШларда Аи-80 бензини 2075 сўмлик нархда, вилоятларда эса асосан тижорат - 3000 сўмлик нархда сотилаётганлиги, "айрим нопок кимсалар" Тошкентдан турли йўллар билан олиб бориб бошқа вилоятлар аҳолисига 3 минг сўмдан 5 минг сўмгача бўлган чайқов нархида сотаётганлигини билдирган.
"Аҳолининг ўринли эътирозларини инобатга олиб ҳамда бундан буён мазкур қонунга ҳилоф ҳолатларга узил-кесил барҳам бериш мақсадида 2016 йил 23 октябрдан барча турдаги автобензин чакана нархлари Республика бўйича бир хил этиб белгиланди", - дейилади компания баёнотида.
Аи-80 русумли бензин Тошкентда 2016 йил бошидан бери 2075 сўмдан сотилаётган эди, фақат UzGazOil ширкатига тегишли баъзи АЁҚШларда бензин нархи 3000 сўм қилиб белгинланган эди.
Бироқ вилоятларда 2075 сўмга Аи-80 бензинини топиш амри маҳол эди. Тошкентдан бошқа ҳудудларда бензин тақчиллиги кўпдан бери одатий ҳол ва у ерда бир литр бензиннинг 5 минг сўмгача бўлган нархда сотилиши янгилик эмас.
"Ўзбекнефтгаз" энди ҳаммаёқда Аи-80 бензини 2800 сўмдан сотилишини ваъда қилган. Агар қайсидир АЁҚШ бензинни устама нарх билан сотаётгани маълум бўлса, бу ҳақда "Ўзнефтмаҳсулот"нинг ишонч телефонига, "Ўздавнефтгазинспекция"нинг вилоят бошқармалари, жойлардаги тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва нефт базаларнинг ишонч телефонларига хабар қилишни сўраган.
Вилоятлар аҳолиси хурсанд
Ўзбекистонда автомобиль ёнилғиси нархи Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан марказлашган тарзда белгиланади. Тошкентда Аи-80 бензини нархи 725 сўмга ошгани билан, вилоятларда унинг нархи камида 200 сўмга пастлаган.
UzGazOil ширкатига тегишли ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 бензини шу кунгача 3000 сўмдан сотилган бўлса, энди 2800 сўмдан савдога чиқарилаётгани айтилмоқда.
Бу ҳолатдан пойтахт аҳолиси норозилигини билдираётган бўлса, вилоятларда истиқомат қилувчи кўпчилик фуқаролар бу хабардан қувонганини яширмаяпти.
"Бензин нархидан шикоят қилганлар "Биз ҳам Тошкентдаги нархда сотиб олайлик", деган бўлса керак. Тошкентда ҳам биздагидек нарх ўрнатилсин деб эмас", - деб ёзади @arsenal65335314 нуфусли твиттерчи.
"Нима, аввал пойтахтнинг шохи бормиди? Респект! Ҳаммаси адолатли бўлиши керак! Барча ҳудудлар жабрлансину, пойтахт кайф қилсинми? Икки йилдан бери бизда бензин 3000 сўм ва ундан юқори нархда + газ, свет ҳамма вилоятларда муаммо", - деб ёзади Dilshod Azamjonovich Abduraxmonov исмли Газета.уз ўқувчиси.
Интернет фойдаланувчиларининг баъзилари Тошкентдаги бензинга навбатлар пойтахтда бензин арзонлигидан эмас, балки вилоятларда бензин йўқлигидан юзага келганини ёзмоқда.
"Тошканда 2800 сўм бўлса, бизда Қашқадарёда 4500-5000 сўм бўлади қўлда, камида. Бензинни вилоятларга керагича беришмаса, нима ҳам ўзгарарди? Яна Тошканжондан тошийверамиз, лекин вилоятлардаги калонкаларда контрол бўлса, берилаётган бензин калонкада ўз нархида сотилса ҳаммаси яхши бўлади", - дейди Газета.уз муштарийи JamA Ko.
Вилоятларга бензин етарли даражада етказиб берилиши ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ. Тошкентда бензин нархининг ошиши турмуш бошқа жабҳаларида қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги борасида ҳисоб-китоблар йўқ.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.