Нима учун араб баҳори демократияни олиб келмади?

Сўнгги янгиланиш 2 июн 2014 - 11:09 GMT

Юзаки қарашда демократия араб дунёсида гуркираб ётгандек.

Сешанба куни миллионлаб сурияликлар Президент сайловларида овоз беришади. Мисрликлар эндигина Президентларини сайлаб, бу ёғига халқ вакилларини танлаш арафасида.

Аввалроқ Ироқ ва Жазоирда ҳам сайловлар бўлиб ўтди. Қувайтликлару тунисликлар ҳам бу йил сайлов қутилари ўнгига боришади.

Бироқ буниси юзаки бир кўринишдир. Араб баҳори кўпни ваъда берган эса-да, амалда озроқ нарсага эришган.

Эски кадрлар

Миср мисолини олайлик. Президент Ҳусни Муборак 2011 йили ағдарилишидан сўнг мисрликлар икки бор Президент сайловлари, парламенту Шўро кенгаши сайловларида ва уч референдумда қатнашишди.

Бироқ бу демократик кўриниш кетида ҳарбийлар ва хавфсизлик хизматининг қудрати мустаҳкамдир. Янги Конституцияга биноан ҳарбий маҳкамалар фуқаро ишларини ҳам кўришлари мумкин, бошқа қонун эса раддия изҳор этиш имконларини кескин чеклайди. Албатта буларнинг бари демократияга теппағтескари ҳолатлардир.

Генерал Сисининг ҳам ҳокимиятга келиши ҳарбийлар ва исломчилар орасида қутблашган бир мамлакатда юз берди Мусулмон биродарлари тарафдорлари ҳамда либерал мисрликларнинг кўпи ҳозирги ҳолатга ўз қаршилигини сайловда қатнашмаслик ила ифода этишди.

Ягона зафар

Араб баҳорига юз тутган мамлакатлардан биринчиси - Тунисдагина фақат бу баҳор куртаклари очилгандек.

Ҳарбийлар ўз ёбонлардан силжимай, турли сиёсий гуруҳлар бу мамлкатда муросага боришга муваффақ бўлишди, ҳамда аксарият аҳолини қониқтирган Конституция қабул қилишди.

Тунис демократияси олдида ҳам муаммолар қатор-қатор, бироқ мамлакат фуқаро ташкилотларининг мустаҳкамлиги бу муаммоларни ечила олишида кафолатнинг бир туридир.

Мазҳабий манфаатлар

Араб баҳори уфурмаган икки мамлакат Ироқ ва Ливанда демократик жараёнлар йиллар давомида мазҳабий бўлиниш соясида қолиб кетди.

Иккала мамлакатда сайловчилар миллат манфаатларини кўзлаб эмас, балки мазҳабий қизиқишларини ҳимоялаб овоз беришга маҳкум этилган.

Жазоирда демократия ҳарбийлар кўланкаси остидадир, Иордания ва Марокашда эса яккаҳокимлик тизгини деярли бўшашгани йўқ.

Кўрфаз мамлакатларининг аксарияти эса ғарбий қолипдаги демократиянинг умуман анъанавий араб жамиятига кераги йўқлигини айтиб келишади.

Асқотган мунозара

Араб дунёсида яккаҳокимлик асоратларини йўқ қилиш афтидан узоқ ва мушкул жараёндир.

Маърифат тизимини ислоҳ этиб тақлидий маданият ўрнига тергаш ва анализ маданиятини киритиш бу ишда биринчи қадамлардан бўлиши мумкин.

Араб спутник каналларида мунозаравий эшиттиришлар одатда ур-талаш билан тугайди. Ўзганинг қарши фикрини қабул қилиш - демократия устунларидан биридир.

Рост, Араб мамлакатларида демократиянинг турли даражадаги турфа кўринилшларини кузатиш мумкин. Бироқ асқотган нарса - кенг маънодаги сиёсатдир. Нафақат миллатнинг энг юқори манфаатлари, балки аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий эҳтиёжлариини кўзлаган турфа қарашларнинг йўқлигидир.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>