
Эронда Фэйсбук тақиқланган
Бир ҳафта муқаддам Эроннинг Олий руҳоний раҳбари Фэйсбукда ўз саҳифасини очганидан буён минглаб одамлар томонидан "лайк" қилинди. Би-би-си Форс хизмати ходими Бузургмеҳр Шарафиддин Оятуллоҳ Али Ҳоманаий Фэйсбукка нималарни қўйгани ва эронликлар унга қандай муносабат билдиришаётганини кузатган.
Оятуллоҳ Ҳоманаий сўнгги пайтларда интернетда анча фаол.
Унинг 14 тилда расмий мултимедиа вебсайти бор, Твиттерда эса 7000 дан зиёд тарафдорларига эга ва ҳатто Инстаграм расм бўлашиш саҳифаси ҳам мавжуд.
Оятуллоҳ биринчи марта Фэйсбукда 13 декабр куни пайдо бўлди ва яқинда ўтган мусулмон дунёси университетлари профессорлари билан учрашувига линк берди.
Гарчи унинг ортидан фикр қолдирганлар бор -йўғи учта бўлса-да, Оятуллоҳ Фэйсбук фойдаланувчилари орасида катта қизиқиш уйғотгани аниқ.
Уни "лайк" қилганлар сони 16 мингдан ошиб кетган ва кўпайишда давом этмоқда.
Кўпчилик форс тилида ижобий фиркларни қолдирган.
"Умид қиламанки, бу саҳифани ёқтирганлар сони кўпайишда давом этади ва инқилоб душманларига бизнинг раҳбаримиз қанчалик машҳурлигини кўрсатади", деб ёзган улардан бири.
Танқидий шарҳлар
Оятуллоҳ Ҳоманаийнинг Фэйсбукдаги "дебют"и эронлик блоггерлар орасида қизғин мунозараларга сабаб бўлган.
Фэйсбук фойдаланувчилари сайтнинг Эронда тақиқлангани ва 2009 йилдаги президентлик сайловларидан сўнг юз берган ҳодисаларда қатор инсонлар Фэйсбукдан фойдалангани учун қамоққа ташланганини ёзишган.
Ўтган йили Теҳрондаги ҳарбий парад чоғида Эрон ҳарбийлари "Фэйсбук ғарбнинг Эронга қарши "юмшоқ уруш"даги қуроли" деб ёзилган шиор олиб ўтилган.
Оятуллоҳнинг саҳифасини ёқтирган баъзилар ҳам ушбу зиддиятга эътибор қаратганлар.
"Қандай қилиб мамлакат раҳбарининг Фэйсбук аккаунти бўлади-ю, бизники бўлмайди?" деб ёзган эронликлардан бири.
Ҳозиргача бу саволга расмий жавоб бўлгани йўқ, аммо бундан ҳам танқидийроқ бошқа шарҳлар саҳифасидан ими-жимида олиб ташланди.
Афтидан, Оятуллоҳ ҳозирги босқичда Фэйсбук фойдаланувчилари билан баҳсга киришмоқчи эмас.
Масалан, "Башар Ассад қулагандан кейин навбат сизга келади" деган бошқа бир шарҳ ҳам тезда саҳифадан ғойиб бўлди.
Эронлик блоггерлар бутун ҳафта давомида Оятуллоҳга танқидий шарҳларни саҳифасидан олиб ташлаш учун қанча одам керак бўлади, дея заҳарханда қилишди.
Улардан бирида мана бундай иш эълони берилган: "Жаноби олийлари Фэйсбукдаги саҳифаларида танқидий шарҳларни олиб ташлаш учун 24 соат ишлайдиган ёшларни ишга ёлламоқчи, яхши маош тўланади".
Сукунат
Эроннинг расмий матбуотида ҳанузгача Оятуллоҳнинг Фэйсбукдаги саҳифаси ҳақиқийми ёки йўқми, деган саволлар сўралмоқда.
Эрон раҳбариятига яқин "Меҳр" хабар агентлиги "Раҳбарнинг Фэйсбукини ким юритади?" сарлавҳаси остида мақола чоп этди.
Унда айтилишича, Оятуллоҳнинг саҳифаси пайдо бўлганидан буён Олий руҳоний раҳбарга тегишли эканини даъво қилган яна камида бешта саҳифа пайдо бўлган.
Аммо Оятуллоҳ Ҳоманаийнинг Твиттердаги саҳифасидан Фэйсбукка линк берилгани инобатга олинса, бу шубҳаларга ўрин қолдирмайди.
Оятуллоҳнинг идораси ҳозиргача Фэйсбукдаги саҳифанинг унга тегишли эканини тасдиқлагани ҳам, инкор этгани ҳам йўқ.
Бироқ Оятуллоҳ Фэйсбук борасида яна қанча вақт сукут сақлаши мумкин?
Келаси йил Эронда президентлик сайловлари бўлиб ўтади.
Эроннинг ўзи ва ташқарисида кўпчилик бу каби сиёсий жиҳатдан ҳассос бир пайтда Оятуллоҳнинг Фэйсбукини юритаётганлар унинг тарафдорлари ва танқидчилар орасида қандай қилиб мувозанат сақлашларини яқиндан кузатади.

























