Гуржи парламент сайловлари: Саакашвили мағлубиятни тан олди

Сўнгги янгиланиш 2 октябр 2012 - 10:44 GMT

Саакашвили ҳукуматининг тобора авторитар маъмуриятга айланаётгани борасидаги фикрлар парламент сайловига таъсир қилди.

Гуржистон Президенти Михаил Саакашвили гуржи телевидениеси орқали жонли чиқишида мамлакат парламент сайловларидаги мағлубиятини тан олган.

У ўзининг бош рақиби бўлмиш миллиардер тадбиркор Бидзина Иванишвилининг Гуржи Орзуси коалицияси душанба куни бўлиб ўтган сайловда ғолиб чиққанини айтди.

Жаноб Иванишвилининг ғалабаси Гуржистоннинг мустақиллик йилларида юз берган илк демократик ҳукумат ўзгаришини англатади.

Илк натижалар Гуржи Орзуси коалицияси 150 ўриндан 77 ўринни эгаллагаб овозлар рўйхатида илғорлик қилаётганини намойиш қилган.

Бу галги парламент сайловлари Президент Саакашвили учун ўзи қудратга келган 2003 йилдан буён энг катта синов бўлди.

Президент Михаил Саакашвили парламент сайловлари ўзининг ғарбпараст ҳукумати ва Гуржистонда Россиянинг қўли устун бўлишига йўл очиб берувчи келажак ўртасидаги танлов эканини айтганди.

Миллиардер Иванишвили ўз бойлигини 1990-йиллар бошларида Россияда орттирган.

Жаноб Саакашвили ҳукумати ва Россия орасидаги танглик 2008 йилда бўлиб ўтган қисқа қуролли уруш ортидан янада кескинлашган.

Ушбу қуролли низо натижасида гуржи қўшинлари Гуржистоннинг икки бўлгинчи минтақасини буткул тарк этишга мажбур бўлишганди.

Гуржистон Марказий Сайлов Ҳайъатининг баёнотида айтилишича, парламент сайловларида 61 фоизга яқин одам иштирок этган ва овоз беришлар "жиддий қонунбузарликларсиз, тинч ва шаффоф бўлиб ўтган".

Аммо, аввалроқ, "масъуллар аллақачон кўплаб қаллобликларга қўл уришгани"ни айтиб, миллиардер Иванишвили овоз беришдан бош тортган ва ўз норозилигини шу йўл билан ифодалашга ҳам уринганди.

Гуржистондаги Би-би-си мухбирининг айтишича, катта сондаги овозларни олишга муваффақ бўлмаган эса-да, бошқарувдаги партия яна қудратга қайтиши ва мухолифат ўзини алданган санаб, оммавий намойишлар ҳам бошланиб кетиши мумкин.

Аммо маҳбуслар билан боғлиқ можаро туфайли гуржи ҳукуматининг обрўсига анча дарз етган.

Гуржи давлат телевидениеси орқали намойиш этилган видеолавҳада маҳбусларнинг қамоқхонада қўриқчилар томонидан дўппосланишаётгани ва жинсий зўрланаётганликлари акс этганди.

Ушбу видеолавҳа Гуржистонда кўча намойишларига сабаб бўлган ва жаноб Иванишвилига ҳукуматни "зўравон" қилиб кўрсатишга имкон берганди.

"Амнести Интернейшнл" халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотининг айтишича эса, сайлов кампанияси чоғида жаноб Иванишвилининг кўплаб тарафдорлари "ўз сиёсий қарашларини изҳор этишгани учун жаримага тортилган, ишдан бўшатилган, қўрқитилган ва ёки ҳибсга олинганлар".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>