Хитой Ўзбекистонга темир йўл тортишга тайёр

Сўнгги янгиланиш 7 феврал 2013 - 14:19 GMT

Янги темир орқали Хитой ўз молини Марказий Осиёга келтиради ва минтақадан хомашё маҳсулотлари олиб чиқади

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши ниҳоят амалга ошажагини Қирғизистон расмийлари эълон қилишди.

Яқинда Пекиндан қайтган Қирғизистон Бош вазири муовини Тайирбек Сарпашевга кўра, 2 миллиард АҚШ долларига тушадиган ушбу темир йўлни ётқизиш борасида Хитой мулозимлари уларни ишонтиришган.

Бу борада ёзаётган Қирғизистондаги хабар агентликларига биноан, темир йўл қанчалик иш беришини ўрганиш ортидан тарафлар амалий ишга ўтадилар.

Келаси бир неча ҳафта ичида эса мазкур ўқув-ўрганув хулосалари Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларига тақдим этилади.

Қирғизистон орқали Хитой ва Ўзбекистонни боғлайдиган темир йўлни қуриш режаси илк бора 1990-йиллар ўрталарида ўртага ташланган.

Шинжон-Уйғуристонининг тарихий йирик шаҳри бўлмиш Қошғардан бошланадиган бу йўл Қирғизистон жанубидаги йирик кўтара савдо бозори жойлашган Қорасув шаҳарчаси яқинидан ўтиб, Ўзбекистоннинг Андижон шаҳридаги темир йўлга уланади.

Аммо ҳали янги темир йўл йўналиши узил-кесил ҳал бўлмагани, хусусан, поездлар Қирғизистон пойтахти Бишкекдан ҳам ўтиш ёки ўтмаслиги номаълум.

Бу темир йўл Хитой молларини Марказий Осиёга келтириш ва минтақадаги хомашё маҳсулотларини Хитойга олиб ўтиш учун муҳим саналади.

Ҳам Ўзбекистон, ҳам Қирғизистон тарафи ўзларини Хитойдек улкан иқтисод билан боғлайдиган айни йўл қурилиши ташаббусини қўллашади.

Ғарблик кузатувчиларга кўра, Хитой сўнгги йиллари ўз биқинида жойлашган Марказий Осиёга шиддат билан кириб келмоқда.

Пекин қисқа фурсат ичида бир неча миллиард долларлик сармоялар киритиб, Қозоғистон ва Туркманистонга элтадиган нефт ҳамда газ қувурларини ётқизди.

Тожикистонда унумдор ерларни узоқ муддатга ижарага олмоқда.

Қирғизистонда эса аксар Хитой моллари сотиладиган "Дордой" ҳамда "Қорасув" бозорлари аллақачон бутун минтақа савдо қиладиган йирик нуқталарга айланган.

Айни дамда, Хитойнинг кириб келишига хавотир ва эҳтиёткорлик билан қараш ҳам мавжуд.

Айрим иқтисодчилар эса илгари Россиянинг пахта базаси бўлган Ўзбекистон, келажакда Хитойнинг хомашё базасига айланиб қолмаса яхши эди, деган хавотирларни ҳам билдиришади.

Қурилажак темир йўл эса Хитойни темир йўл орқали Форс кўрфази ва келажакда Афғонистон тинчиса, ҳатто жанубий Осиё бозорларига олиб чиқадиган муҳим йўлакка айланади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>