Ислом Каримов: '2013 йил файзли ва баракали, сермазмун йил бўлади'

Сўнгги янгиланиш 1 январ 2013 - 12:06 GMT

Президент Каримовга кўра, ўзбекистонликлар реал даромадлари 17 фоиз ошган.

Маҳаллий матбуотда Президент Ислом Каримовнинг Янги йил табриги табриги эълон қилинган.

"2012 йилда жаҳон миқёсида молиявий ва иқтисодий инқироз давом этаётган бир пайтда, кўпчилик мамлакатларда ўсиш ўрнига пасайиш ҳолатлари юз бераётганига, жиддий ижтимоий муаммолар ва ён-атрофимизда кескинлик, турли қарама-қаршилик кучайиб бораётганига қарамасдан, Ўзбекистонимизда иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ривожланиб, бу борадаги кўрсаткич 8,2 фоизни, охирги уч йил якуни билан 27,7 фоизни ташкил этганининг ўзи ортиқча таърифлашга ва изоҳлашга ўрин қолдирмайди", дейилади Президент Каримов табригида.

"Фақатгина жорий йилнинг ўзида аҳолимизнинг реал, яъни амалдаги даромадларининг ўртача 17,5 фоизга ошгани, давлат бюджетидан ойлик оладиган ходимларнинг иш ҳақи, нафақа ва стипендиялар миқдори ўртача 26,5 фоизга ўсганини қайд этиш зарур",- таъкидлаган жаноб Каримов.

Президент бу йил "Обод турмуш йили" деб ном берилиши замирида Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар қайси оиланинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш, шаҳар ва қишлоқларни янада обод, ҳаётни янада фаровон этишга қаратилган амалий интилишлар мужассам эканини айтади.

Жаноб Каримов 2013 йилда иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини камида 8 фоиз бўлишига эришиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини кенг қўллаб-қувватлаш, маҳалла ваколатларини янада кенгайтириш бўйича бошланган ишларни давом эттирилишини айтган.

Президент Каримовга кўра, аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш, жумладан, иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендияларни 23 фоиз ошириш кўзда тутилмоқда.

Янги йилнинг биринчи кунидан Ўзбекистонда нархлар ошиши кузатилган.

Бензин нархи 40 сўмга ошган.

Бундан олдин ёнилғилардан фойдаланиш солиғи оширилган эди.

Нархларнинг ошишига ҳам солиқ тўловининг кўтарилгани сабаб бўлган.

Эндиликда 1 литр Аи-80 маркасидаги бензин нархи 1645 сўм, Аи-91 1810 сўм, Аи-95 эса 1995 сўмга сотилади.

Автомобиллар учун газ ёнилғисини ишлатилишига нисбатан солиқ ўзгармай қолган бўлсада, бироқ қўшимча кубометрига 200 сўм тўлаш қоидасининг жорий этилиши газнинг нархини кўтарган.

Бундан олдин аҳолининг иссиқлик энергияси ва коммунал хизматлардан фойдаланиш ҳақлари оширилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистондаги аксар аҳоли электр ва газ таъминотидаги узилишлардан қийналаётгани айтилади.

Ўзбекистонликлар берилмаган газ ва электр учун ҳам пул йиғилишини айтишса, расмийлар бу соҳалардаги камчиликларга аҳолининг катта қарздорлиги сабаб бўлаётганини иддао қилишади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>