Тошкент: тўй ва маъракаларни чекловчи қарордан мақсад нима?

Тошкент шаҳар ҳокимияти тўй-маъракаларни тартибга солиш тўғрисида махсус қарор чиқарган.

Унга мувофиқ тўйхона, ресторан ва кафелардаги тадбирларни эрталаб 7 дан 9 гача, кечқурун эса 18 дан 23 гача ўтказиш мумкин.

Соат 23 дан кейин тўйларни давом эттириш тақиқланади.

Бундан ташқари, амри маъруф қилувчи дин вакиллари Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган бўлиши, қўшиқчилар эса "Ўзбекнаво" лицензиясига эга бўлишлари шарт.

Қарорда тўй ва бошқа хусусий тадбирларни ўтказувчилар тўйхона, ресторан, шунингдек, сураткаш ва ҳайдовчи сингари бошқа хизмат кўрсатувчилар билан ҳам алоҳида шартнома тузишлари кўзда тутилган.

Янги қоидалар 100 ва ундан ортиқ киши иштирокидаги тадбирларни ўтказаётган барча жисмоний ва юридик шахсларга тегишли.

Қарорнинг матбуотда эълон қилинган матнида ундан мақсад нима экани айтилмаган.

Баъзи тахминларга кўра, ҳокимият шу йўл билан дабдабали тўй ва маъракаларга чек қўймоқчи.

Аммо Тошкентдаги маҳалла фаолларидан Абдураззоқ Содиқовнинг айтишича, Ўзбекистонда қонуний йўллар билан пул топиш имконлари чекланган ва кўпгина одамларнинг аслида ҳокимият белгилаган меъёрдаги тўйни ўтказишга ҳам қурблари етмайди.