
Гулнора Каримова ёки Гугуша дунёдаги кўплаб машҳур юлдузлар давраларида бўлиб, улар билан бирга суратларга тушади
Independent нашрнинг Москвадаги журналисти Шон Уолкер "ажабтовур Ўзбек гўзали" ҳақида ёзаркан, "АҚШ шаҳарлари бўйлаб улкан реклама тахталарини безаган ва упа-эликка беланган чеҳра ортида аслида ким туриши эслатилмагани"нига эътибор қаратади.
"Гугуша тахаллуси билан ашула айтадиган орзуманд поп-қўшиқчининг ҳақиқий исми Гулнора Каримова ва у - дунёдаги энг золим диктаторлардан бири бўлган Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи" - деб таъкидлайди Independent мухбири.
Мазкур мақола Ғарбда Гугушанинг "Round Run" мусиқий рақс альбоми чиқарилиши манзарасида чоп этилмоқда.
Журналистга кўра, Совет Иттифоқи парчаланганидан бери Ўзбекистонни бошқариб келаётган Жаноб Каримов ўз танқидчиларини тириклайин қайнаётган сувга ташлаши айтилади, унинг хавфсизлик кучлари 2005 йили қуролсиз намойишчиларни ўққа тутган ва мактаб ўқувчилари ҳар йили пахта далаларида ишлашга мажбурланади.
Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчисидан иқтибос келтирган Independent мухбирига кўра, шахсан Каримова хоним ўз оиласи бошқараётган коррупцияга дахлдор ва ўз пайтида пулларни ҳалоллаб олиш учун Швейцариядаги ширкатга алоқаси бўлган, деган хабарлар чиққан. Бироқ газета Гулнора Каримова адвокатлари бу айбловларни доимо рад этиб келишганини ҳам қайд этади.
WikiLeaks орқали ошкор бўлган хабарларга таянган Шон Уолкер "кўплаб ўзбеклар Каримова хонимни ўта очкўз, қудратга ташна ва ўз йўлида дуч келган ҳар қандай одамни ёки тижоратни чилпарчин қиладиган" шахс эканини урғулайди.
Бироқ Гугушанинг вебсаҳифаси унинг отаси ҳақида ҳеч нарсани эслатмагани, балки юлдуз бўлиш орзусидаги бир шахснинг фикрлари ва суратларига жой берилгани ёзилади.
"Аммо жуда йирик реклама ва кўз-кўз қилишларга қарамай, Каримова хонимнинг ашулалари қанчалик тижорий муваффақият қозониши маълум эмас" - деб давом этади Independent мухбири - "Унинг ашулалари АҚШ мусиқа рейтинггида илк бешликка киргани ҳақидаги Ўзбекистон матбуоти хабарлари эса уйдирма кўринади".
Мақола Amazon вебсаҳифасида сотувга қўйилган Гугушанинг альбоми борасида ўқувчилар қолдирган фикрларга ҳам эътибор қаратган.
"Қийноқнинг ажобтовур мусиқий оҳанглари" - деб ёзган альбомга фақат бир очко берган ўқувчи - "Жазирама иссиқда кунига 12 соатлаб далада ишлайдиган ёш болаларнинг овози шунчалик оромбахш ва Enya-esque бўлишини билмаган эканман".

























