Гулнора Каримовага оммавий тадбирлар нима учун керак?

Бу сафарги тадбир оммавийлиги билан диққатни тортган
Сурат тагсўзи, Бу сафарги тадбир оммавийлиги билан диққатни тортган

Шу ҳафта Ўзбекистон пойтахти сўнгги 20 йилдаги энг йирик оммавий тадбирга саҳна бўлган.

1 май куни Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова раҳбарлигидаги "Фонд Форум" уюштирган хайрия марафонида 20 мингдан ортиқ инсон иштирок этган.

"Ҳаёт учун!" деб номланган марафон аёлларнинг кўкрак саратонига қарши кураш шиори остида ўтган.

Тошкентликларнинг хотирлашларича, 1990-йиллардаги ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш талаби билан ўтган мухолифат намойишларидан буён пойтахт кўчаларига бунча кўп одам чиқмаган эди.

Намойишлар тақиқланган Ўзбекистонда минглаб инсонларнинг кўчаларга чиқишлари ноодатий ҳол.

74 ёшли Президент Ислом Каримовнинг эҳтимолий меросхўри сифатида кўриладиган Гулнора Каримова ҳозиргача ўзининг сиёсий интилишлари ҳақида сукут сақлаб келади.

Танқидчилар Каримова хоним бу каби тадбирлардан отаси бошқараётган тузумнинг имижини юмшатишда фойдаланишини айтадилар.

Хўш, бу сафар ўзгачароқ мақсад кўзланган бўлиши мумкинми?

Би-би-си ушбу саволни таниқли шоира ва мухолифат фаоли Дилором Исҳоқовага берган.