Президент Каримовга қудратли армия нима учун керак?

Лондонда жойлашган Халқаро Стратегик Тадқиқотлар Институти дунёнинг 170дан ортиқ давлати ҳарбий харажатларига доир ҳисоботни эълон қилди.

Унга мувофик, бу йил биринчи марта Осиё давлатларининг ҳарбий харажатлари Оврўпо давлатлариникидан юқори бўлиши кутилади.

Ҳисоботда айтилишича Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақа давлатлари орасида ҳарбий мақсадларга энг кўп маблағ ажратаётган давлат бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон армиясининг бир йиллик харажати 1 миллиард 400 миллион долларни ташкил этган.

Ўзбекистон ҳарбий бюджети қўшни Тожикистонникига нисбатан 20 баравар, Қирғизистонникига нисбатан 45 барвар кўпдир.

Марказий Осиёда энг кам сонли армия Тожикистонда бўлиб, бу мамлакатда ҳарбийлар сони 16 мингни ташкил этади.

Халқаро Стратегик Тадқиқотлар Институти маълумотига кўра, Ўзбекистон армиясида хизмат қилувчиларнинг умумий сони 50 мингдан зиёд.

Ҳарбийлар сони Қозоғистонда 65 минг, Қирғизистон ва Туркманистонда 20 минг экани ошкор этилган.

Ўзбекистон ҳарбий харажатларга доир рақамларни сир сақлаб келади.

Хўш, бу маблағ кўпми, камми?

Би-би-си Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва Минтақавий Тадқикотлар Институтининг собиқ таҳлилчиси Камолиддин Раббимовни суҳбатга чорлади.