Севара Назархон: "Уитнининг ўлганини эшитиб жуда хафа бўлдим"

Сўнгги янгиланиш 15 феврал 2012 - 10:40 GMT

Уитни Хюстон жаҳон бўйлаб кўплаб хонандаларни илҳомлантирган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон машҳур хонанда Уитни Хюстоннинг вафот этганидан таассуф изҳор қилган. "Ҳатто бир йиғлаб ҳам олдим, жуда ҳафа бўлдим янгиликни эшитиб", - деди Севара Назархон Би-би-си билан суҳбатда.

Уитни Хюстон 11 феврал куни Лос Анжелесдаги меҳмонхонада оламдан ўтган.

Тиббий экспертиза мутахассислари хонанданинг жасади текширилгач, унинг танасида жароҳатлар аломати йўқлигини билдиришган.

Улар токсикология синовлари натижалари аниқланмагунча ўлим сабаби эълон қилинмаслигини айтишди.

Хюстон 1980 ва 1990-йилларда дунёга қатор хитлари билан танилган. Уни айниқса "I will always love you" (Мен сени ҳамиша севаман) қўшиғи машҳур қилганди.

Хюстон ўз карьерасининг охирги йилларида гиёҳванд моддаларга ружу қуйгани ва қўшиқчи Бобби Браун билан бўлган қийин турмуши ўз овозига қаттиқ таъсир қилганини тан олган.

"Гўзал аёл ва талантли инсон"

Унинг овози ва куйлаш услуби жаҳон бўйлаб кўплаб хонандаларни илҳомлантирган. Севара Назархон, шу хонандалар қаторида, ўзининг илк интервьюларидан бирида Уитни Хюстонни ўз ижодидаги онаси дея тасвирлаганди.

"Ўн беш йил аввал у мени илҳомлантирганди. Мен унинг маҳоратига ҳар доим қойил қолганман. Охирги пайтда уларни унча эшитмасдим, лекин барибир уларга бўлган ҳурматим катта ва чексиз. У киши ўз устида ишлайдиган инсон, катта талантли овоз эди. Бу каби одамларнинг доимий фанати бўлиш шарт эмас. Лекин, афсуски охирги пайтда сал позициясини йўқотганди, соғлиги ёмонлашганди", - дейди хонанда.

У Уитни Хюстоннинг оламдан ўтиши санъат учун йирик йўқотиш эканини айтади.

Севара Назархон ижодкор ўз шахсий муаммоларини ўзи ҳал қилиши кераклигига ишонади.

"Эҳ-ҳе, Уитни Хюстон, бундай гўзал аёл, ва у жуда талантли инсон... бўлган, афсуски оламдан ўтдилар. Кеча эшитиб жуда ҳафа бўлдим. Бундай одамлар кетгандан кейин ҳамма афсусланади ва ўзингиз ҳам сезасиз қандай йўқотиш бўлганини. Яқин сезардим жуда ўзимни, тўғриси. Бир дўстимга кеча смс ёздим, эҳ қаерда Уитни, қаерда биз деб. Уни бутун дунё танийди, ҳамма йиғлади", - дейди у.

Назорат

Хюстон гиёҳванд моддаларга ружу қўйиши ортидан бир неча бор махсус клиникаларда даволанди. Кайли Миног каби юлдузларни дунёга танитган британиялик продьюсер Пит Вотерманнинг айтишича, у шунчалар қудратли юлдуз эдики, уни ҳеч ким назорат қила олмасди.

"Сизнинг маошингизни биров тўлаб турган бўлса, уларга қарши чиқасизми? Йўқ, албатта. Ҳеч ким уни назорат қила олмаган, унга қандай йўл тутиши кераклигини айта олмаган. Атрофида шунча катта ижодий гуруҳи бўлса ҳам, ҳеч ким унга таъсир қила олмаган", - дейди Пит Вотерман.

Севара Назархон эса шахсий муаммоларни енгиб ўтиш ижодий гуруҳ эмас, ижодкорнинг ўзига боғлиқ дейди.

"Ўзига боғлиқ ҳамма нарса авваламбор. Хюстон ҳам инсон-ку. Ўзига ўзи қараши керак авваламбор, соғлигигами, ижодигами. Олдидаги одамлар ёрдам бера олмайди. Хюстон, масалан (марҳум қўшиқчи) Эми Уайнхаус билан солиштирганда, шунчалар йирик юлдуз эдики, унга бировнинг ёрдами таъсир қилмасди. Ҳар бир инсон ўзига қараши керак, ёмон нарсаларни ўзига яқинлаштирмаслиги керак", - дейди Севара Назархон.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>