Светлана Ортиқова: 'сиёсий маҳбуслар йўқ, давлатга қарши жиноятчилар бор'

Сурат манбаси, BBC World Service
Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Жиноят Кодексининг 159-моддаси бўйича маҳкум этилганларга нисбатан амнистия қўллаш эҳтимолини истисно этмади.
Би-би-сига гапирган Светлана Ортиқованинг таъбирича, давлат тузумига қарши жиноят содир этганликда айбланганларга нисбатан амнистия қўллаш-қўлламаслик масаласи амнистия ҳақидаги қонунни ижро этувчи тизимлар-прокуратура ва суд идораларига боғлиқ.
Жиноят Кодексининг 159-моддаси конституциявий тузумга тажовузни назарда тутади.
Ўзбекистондаги тажриба бўйича ушбу модда диний ва сиёсий ўзгача фикрловчиларга нисбатан қўлланади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, мамлакат қамоқхоналарида айни модда бўйича маҳкум этилган сиёсий маҳбуслар сони бир неча минг кишини ташкил этади.
'Давлат жиноятчилари'
Би-би-си билан суҳбатда Светлана Ортиқова Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий маҳбусларнинг йўқлигини таъкидлади.
"Бизнинг миллий қонунчилигимизда сиёсий маҳбус тушунчаси йўқ, шунинг учун сиёсий маҳбуслар ҳам йўқ", - деди Ортиқова хоним.
Унинг сўзларига кўра, 159 - модда бўйича маҳкум этилганлар "давлатга қарши жиноят содир этган шахслар"дир.
Ортиқова хонимнинг айтишича, Ўзбекистон Конституциясининг 19 йиллиги муносабати билан қабул қилинган охирги амнистия 5 январдан бошлаб ижро этила бошланган.
Узметроном нашрининг Ўзбекистон Бош прокуратурасига таяниб тарқатган хабарига кўра, ҳозирнинг ўзида амнистия 9643 кишига нисбатан қўлланган.
Светлана Ортиқованинг изоҳ беришича, уларнинг ҳаммаси ҳам қамоқхонадаги маҳбуслар эмас.
"Уларнинг ичида маҳбуслар ҳам, шу билан бирга, тергов ва суд жараёнида озод этилаётганлар шахслар бор", - дейди Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси.
Ички тартиб
Сўнгги амнистия "жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга" нисбатан қўлланилмайди.
Амнистия ижроси бошланадиган сана арафасида сиёсий маҳбуслардан айримларининг ички тартиб-қоидаларни бузганлик учун жазога тортилгани ҳақида хабарлар олинган.
Жумладан, 1999 йил Тошкент портлашларида айбланиб, маҳкум этилган "Эрк" партияси фаоли Муҳаммад Бекжоннинг яқинлари унинг "қамоқхона маъмуриятига бўйсунмаслик"да айбланаётгани ҳақида хабар беришган.
Ҳимоячисига кўра, ўтган ҳафта Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Бекжонга прокурор яна 4 йилу 8 ойлик қамоқ жазоси берилишини талаб қилган.
Мухолифат фаоли Дилором Исҳоқованинг ишонишича, янги маҳкама жараёни 12 йилдан буён қамоқда ўтирган Муҳаммад Бекжонни озодликка чиқармаслик учун ўтказилмоқда.
1999 йил феврал портлашларида у билан бирга маҳкум этилган таниқли адиб Мамадали Маҳмудовнинг яқинлари ҳам амнистиядан умид қилишаётганини айтишган.
Аввалроқ "Эрк" партиясининг бошқа бир фаоли Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати узайтирилгани маълум бўлган эди.
Светлана Ортиқованинг айтишича, маҳбуслар қамоқхона маъмуриятининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан прокуратура ва судга шикоят этишлари мумкин.
Аммо кузатувчилар амалда бу каби шикоятларнинг адолатли кўриб чиқилишига шубҳа қиладилар.
Ўзбекистон тарихида сиёсий маҳбусларга нисбатан амнистия оммавий равишда фақат бир марта, 2003 йилда қўлланилган.
Ўшанда 3000 маҳбус, жумладан, 391 нафар диний-сиёсий айблар билан қамалганлар озодликка чиқарилганди.